17:03 / 03.03.2020
0
38499

Ироқ ва Суриядан қайтарилган аёллар бўйича ўрганиш натижалари маълум қилинди

«Бу аёлларнинг шаҳодатномасига қарасак, ҳаммаси қониқарсиз таълим олишган. Ўз навбатида, ҳеч қаерда ишлашмаган. Жуда паст даражадаги таълим ташқи таъсирларга қарши кучсиз иммунитетни шакллантирган».

Бугун, 3 март куни Тошкент шаҳридаги Hilton меҳмонхонасида «Сурия ва Ироқдан қайтариб олиб келинганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш бўйича Марказий Осиё мулоқоти: Ўзбекистон тажрибаси» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Унда «Меҳр-1» ва «Меҳр-2» операциялари давомида ватанга қайтарилганларнинг реабилитацияси билан шуғулланган мутахассислар сўз олди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти вакили, профессор Бахтиёр Бобожонов ўзбек аёлларининг Ироқ ва Сурияга кетгани сабаблари ҳақида тўхталди.

Бахтиёр Бобожонов

«Тадқиқотчи сифатида бир жиҳат мени қизиқтиради: аёллар нима сабабдан ватанни тарк этиб, уруш ўчоғи бўлмиш Сурия томон йўл олишди? Бундай туб бурилиш қилишга нима уларни ундаган?

Тахминий ҳисоб-китобларимизга кўра, репатриантларнинг 10 фоизи Сурияга 2016-2017 йилларда кетган. Ўша пайтларда уруш бўлаётганди. Демак, шуни била туриб, уларда жиддий қарор қилишга муҳим асос бўлган.

Халқаро форумларда эшитиб қоламан: аёлларнинг Сурияга кетишига гўёки ижтимоий-иқтисодий муаммолар сабаб бўлган. Ижтимоий лифтлар, диний амалларни бажаришга етарли шароит мавжуд эмаслигини ҳам айтишади. Бизнинг натижаларимизга кўра, бу сабаблар бор. Лекин улар асосийси эмас.

Сурия ва Ироқдан қайтиб келган аёллар билан суҳбатлашганимизда, уларга «бахтли халифалик» ғояси сингдирилган. Уларнинг ҳикоя қилишича, аёллар ва болаларни бомба остига ташлашган, неча кунлаб оч-наҳорликда ушлаб туришган, болаларни хўрлашгача боришган.

Ўрганиш натижалари билан таништираман: аёллар турмуш ўртоғи, акаси, отаси ёки яқин қариндоши ортидан Сурияга чиқиб кетишган. Баъзилар бутун оиласи билан ватанни тарк этишган.

Энг катта сабаб – уларнинг билимсизлигидир. Аёлларнинг шаҳодатномасига қарасак, ҳаммаси қониқарсиз таълим олишган. Ўз навбатида, ҳеч қаерда ишлашмаган. Оилада эркакларнинг буйруғини сўзсиз бажаришган.

Фикримча, жуда паст даражадаги таълим ташқи таъсирларга қарши кучсиз иммунитетни шакллантирган. Натижада, улар реал ҳаётдан бутунлай узилган бўлиб, урушни афсонага ўхшатишган. Уларда ҳақиқий вазиятни холис баҳолай олиш кўникмаси бўлмаган. Ҳеч қайсиниси ҳаттоки бораётган давлатининг миллий валютасини билмайди», – деди Бобожонов.

Эслатиб ўтамиз, «Меҳр» операцияси биринчи марта 2019 йил 30 майида ўтказилган, унда 107 нафар бола ва 48 нафар аёл Сурия ва Ироқдан ватанга қайтарилган эди. 10 октябрда эса 64 нафар бола Ироқдан олиб келинди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top