Ғазодаги уруш сабаб Исроилни энг қаттиқ танқид қилаётган давлат бу – Туркия. Лекин бу икки давлатнинг муносабатлари Эрдўған ҳокимиятга келгунича ва унинг ҳокимияти илк йилларида ҳозиргидан фарқ қиларди. Туркия Исроил билан энг илиқ муносабатларга эга мусулмон давлатларидан бири эди.

Диний ва миллий қадриятлар, дипломатик келишмовчиликлар, “Мави Мармара” инқирози ва регионал можаролар бу муносабатларни беқарорлаштирган асосий омиллар ҳисобланади.

Оддий сиёсий рақобат ва стратегик манфаатлар кўп йиллик тарихга эга бўлиб, уларнинг ечими ва умумий келажакдаги кўриниши ҳар доим номаълум бўлган. Сурия можароси каби минтақавий зиддиятлар эса муносабатларни янада чигаллаштиради. Шунга қарамай, Туркия-Исроилнинг ўзаро иқтисодий боғлиқлиги юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Kun.uz “Геосиёсат” дастурида Яқин Шарқдаги бу икки йирик ҳарбий ва иқтисодий қудрат марказларининг ўзаро муносабалари ҳақидаги саволлар билан сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга юзланди.

— Эрдўғаннинг сиёсий фаолияти давомида Исроил билан муносабатларини қандай даврларга бўлиш мумкин?

Аввало, Туркия ва Исроил муносабатларига минтақа нуқтаи назаридан қараш керак. Мусулмон дунёсида, араб давлатлари ўртасида Исроилни тан олмаслик бўйича маълум келишувлар бор. Лекин минтақада 3 та давлат Исроилни тан олиб, дипломатик алоқалар ўрнатган, булар: Туркия, Миср, Иордания. Миср ва Иордания Исроил билан урушда маълум ерларини олдириб қўйгач, мулоқотга киришиш мақсадида тан олган. Лекин Туркия ва Исроил муносабатлари бошқача бўлган. Исроилни тан олгач, у билан муносабатларни меъёрлаштирган давлат – Туркия.

Эрдўған ҳокимиятга келгунча Туркия ва Исроил муносабатлари яхши эди. Лекин Эрдўған ҳокимиятга келгач, босқичма-босқич икки давлат муносабатлари совуқлаша бошлади. Эрдўғанни халқаро майдонда исломчи дейишади, лекин у айни пайтда либерал, маълум даражада миллатчи, ҳуқуқий демократик давлат институтларини ҳам инкор этмайди. Унинг қадриятларидан бири – Ислом. Эрдўғаннинг баёнотларида, риторикасида, ички-ташқи сиёсатида исломий омил муҳим рол ўйнайди.

Бу диний омил Эрдўған учун бир томондан риск эканини ҳам айтиш керак. У ҳокимиятга келгунча Туркия ҳукумати 3 марта ҳарбийлар томонидан йиқитилган. Мустафо Камол Отатурк Туркиядаги дунёвийликни таъминлаш учун ҳарбийларга миссия яратиб кетган. 2016 йилдаги охирги давлат тўнтаришига уриниш ҳам Эрдўғанни йиқитиш учун эди. Эрдўған ҳокимиятга келганда Исроил билан муносабатлар яхши эди, совуқлашиши вақт масаласи бўлган.