Ўзбекистон | 08:40 / 05.08.2021
5811
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон – Туркманистон чегарасида трансчегаравий савдо зоналари ташкил этилади 

Ўзбекистон – Туркманистон чегарасида трансчегаравий савдо зоналарини яратиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқовнинг 2 август куни Туркманбоши шаҳрида Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Сердар Бердимуҳамедов билан музокараларида маълум бўлди.

«Дунё» хабарига кўра, учрашув чоғида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар кўп қиррали иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун устувор вазифаларни белгилаб, ўзаро савдони ривожлантириш учун шарт-шароитлар яхшилаш, шу жумладан, мавжуд тариф ва нотариф тўсиқларни изчил бекор қилиш ҳамда икки мамлакат бозорларига Ўзбекистон ва Туркманистонда ишлаб чиқилган товарларнинг киришини соддалаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирга бошлашга келишиб олдилар. Икки мамлакат иқтисодиётларининг мавжуд салоҳиятини инобатга олган ҳолда, ушбу чора-тадбирлар яқин келажакда Ўзбекистон – Туркманистон савдо айланмаси ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш имконини бериши башорат қилинмоқда.

Ўзбекистон – Туркманистон чегарасида трансчегаравий савдо зоналарини яратиш масалалари кўриб чиқилди. Бу икки томонлама савдо ривожига қўшимча туртки беради, жумладан, қишлоқ хўжалиги ва маиший техника, озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, шунингдек нефть-кимё маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни оширади.

Шунингдек, режалаштирилган икки томонлама тадбирларга, хусусан, Туркманистонда 5-6 август кунлари бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 3-Маслаҳат учрашуви ва Марказий Осиё мамлакатлари Иқтисодий форумига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.

Мавзуга оид