Ўзбекистон Россиядан AI-80 бензинини импорт қилишни бошлади, нарх – 6200 сўмгача
Ўзбекистондаги АЁҚШларда Россиянинг AI-80 бензини пайдо бўлди. «Ўзбекнефтгаз»нинг Kun.uz’га маълум қилишича, Россия компаниялари билан 50 минг тонна, тадбиркорлик субъектлари томонидан 5 минг тонна AI-80 русумидаги автобензин импорти бўйича шартномалар тузилган. Ҳозирда импорт бензин нархи 6000-6200 сўмни ташкил қилади.
Ўзбекистондаги Uzgazoil бензин қуйиш шохобчаларида Россиядан импорт қилинган AI-80 бензини сотилмоқда.
Россия AI-80 бензинини ишлаб чиқаришни тўхтатган бўлса-да, Ўзбекистондаги шохобчаларда Россиянинг импорт бензини пайдо бўлгани саволлар туғдирди.
Ҳолат юзасидан Kun.uz «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизматидан изоҳ олди.
2023 йилнинг 1 мартига қадар импорт қилинадиган, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган ва тадбиркорлик субъектлари томонидан якуний истеъмолчиларга сотиладиган AI-80 русумли автобензин маҳсулоти учун, истисно тариқасида, акциз солиғини «ноль» ставкада қўллаш белгиланган.
«Республика ҳудудида 2022 йил декабр ва 2023 йил январ ойида об-ҳаво ҳарорати кескин совиб кетгани ҳамда автомобилларга газ қуйиш шохобчалари фаолиятига чекловлар жорий этилгани аҳолининг AI-80 русумли автобензинга бўлган талаби таклифга нисбатан кескин ошишига сабаб бўлди.
Бу эса ўз навбатида, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида тақчиллик ҳамда тирбандликларни вужудга келтирди.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан республика иқтисодиёти тармоқлари ва аҳолиси эҳтиёжларини сифатли ва арзон нархларда автобензин билан таъминлаш мақсадида, тасарруфдаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулот билан бир қаторда, тайёр маҳсулотларни импорт қилиш йўлга қўйилди», – дейилади компания маълумотида.
Маълум қилинишича, жорий йил январ ойида «Ўзбекнефтгаз» АЖ ҳамда Россиянинг «Газпром» ОАЖ, «Татнефть» ОАЖ, «ОРСКНЕФТЕОРГСИНТЕЗ» ОАЖ каби компаниялари билан 50 минг тонна, тадбиркорлик субъектлари томонидан 5 минг тонна AI-80 русумидаги автобензини импорти бўйича шартномалар тузилди ва бугунги кунда республика ҳудудига етказиб келиш ва ички бозорга сотиш чоралари кўрилмоқда.
Компания қўшни Россия, Қозоғистон давлатларида AI-80 русумли автобензин ишлаб чиқариш тўхтатилганига изоҳ бераркан, ҳозирда AI-80 бензини фақатгина тадбиркорлар буюртмаси асосида ишлаб чиқарилаётганини таъкидлаган. Унинг сифати асосан AI-80, К2 ва К5 русумли автобензин талабларига мос келади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, маҳсулотни республика ҳудудига темирйўл транспорти орқали етказиб бериш ва бошқа харажатларни инобатга олган ҳолда, товар хомашё биржасида сотиш учун қўйиладиган бошланғич нархи бир тоннаси учун 7 084 минг сўмни, АЁҚШларда истеъмолчиларга сотиладиган якуний нархи эса бир литри учун 6 000-6 200 сўмни ташкил этмоқда.
Шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» тасарруфидаги «Бухоро НҚИЗ» МЧЖда AI-80 русумли автобензини ишлаб чиқариш қувватларидан 130-140 фоиз (кунлик автобензин ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 750 тоннадан 3 300 тоннага оширилган) даражада фойдаланилмоқда.
Мавзуга оид
15:18 / 20.11.2024
Ёқилғи қуйиш ва газ тўлдириш шохобчалари бўйича мобил илова ишга туширилди
15:10 / 13.11.2024
Биржага чиқарилаётган АИ-80 бензинининг бошланғич нархига нисбатан чеклов ўрнатилди
17:26 / 06.11.2024
Пропан 5 ойда қарийб 2 баробарга, АИ-80 бензини эса йиллик нисбатда 26 фоизга қимматлашди
07:30 / 04.11.2024