Европадаги эпидемия ўчоғи: Австриядаги курорт қандай қилиб «коронавирус тарқатувчиси»га айланди?
Таниқли ва бадавлат инсонлар орасида оммалашган Ишгль тоғ-чанғи курорти «коронавирус тарқатувчиси»га айланди. Бу ерда Европанинг олти мамлакатидан бўлган юзлаб туристлар касаллик юқтириб олишди.
Австриядаги Ишгль тоғ-чанғи курорти прокуратуранинг коронавирус тарқалиши иши бўйича суриштируви марказида қолди. Прокуратура вакилининг сўзларига кўра, курортдаги муассасалардан бирининг раҳбари лоқайдлик ва одамларга касаллик юқтириш хавфини пайдо қилганликда гумонланмоқда.
Пацнаунталь водийсида жойлашган Ишгль қишлоғида 1500 киши яшайди. Бу ердаги маҳаллий тоғ-чанғи курорти катталиги жиҳатидан Тиролда учинчи ўринда туради. У қишлоқдан 2872 метр баландликда жойлашган.
Курортга ҳар йили 500 минг нафар турист келади, бу ерда уларни нафақат чанғи учиш, балки курортда ўтказиладиган анъанавий тадбирлар ҳам ўзига жалб этади. Шу боис курорт «Альп Ибицаси» деб ном чиқарган.
Ишглда Top of the Mountain мусиқа фестивали ўтказилади. Ўз даврида унда Thirty Seconds to Mars, Ленни Кравиц ва The Beach Boys иштирок этган.
Аммо бу йилги баҳорда курорт Европадаги эпидемия «эпимаркази»га айланди, деб ёзади Der Spiegel.
Ишгль Германия, Исландия, Буюк Британия, Норвегия, Дания ва Ирландиядаги коронавирус билан боғлиқ юзлаб ҳолатлар сабабчиси бўлди, дея қайд этади Business Insider.
2 апрель ҳолатига кўра, курорт ва унинг атрофида касаллик юқтириш билан боғлиқ 600дан ортиқ ҳолат қайд этилган. Курортда касаллик юқтирганлар сони хорижда бундан икки баравар кўп, деб ёзмоқда Business Insider. Нашрнинг ёзишича, Европанинг олти давлатида юзлаб беморлар ушбу курортда бўлганлиги аниқланмоқда.
Австрия соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Ишгль коронавирусга чалиниш манбаига айланганини айтди, деб хабар берди Reuters.
Март ўрталарида Исландия Ишглни Хитой, Жанубий Корея, Италия ва Эрон каби касаллик авж олган ҳудудларга қиёслаганди. Бунга жавобан Австрия ҳукумати Тиролда коронавирусга чалинганлар бўлиши эҳтимоли жуда камлигини билдирганди.
Орадан уч кун ўтиб, Ишглдаги муассасалардан бирининг бармени коронавирусга чалингани аниқланди. У билан мулоқот қилган 22 киши карантинга жойлаштирилди ва улардан 15 нафари касаллик юқтиргани маълум бўлди.
Австрия ҳукумати барларни ёпишга қарор қилди, аммо курорт бир оз вақт ишлашда давом этди.
Сўнгги маълумотларга кўра, бугунгача Австрияда коронавирус юқтирганлар сони 14500дан ошган, 410 киши вафот этган.
Мавзуга оид
14:20 / 07.01.2025
Австрия раҳбари ўнг популистлар етакчисига вазирлар маҳкамасини тузишни топширди
15:04 / 06.01.2025
Австрия тарихида биринчи марта ўнг популистлар етакчиси канцлер бўлиши мумкин
21:01 / 05.01.2025
Австриянинг янги канцлери келаси ҳафтадан лавозимга киришади
13:35 / 05.01.2025