Ўзбекистон | 10:51 / 25.06.2021
4872
2 дақиқада ўқилади

Сенатда Наманган тўқимачилик саноатида ишлаётган тадбиркорлар норозилигига сабаб бўлаётган муаммо кўтарилди

Сенатнинг ўн бешинчи ялпи мажлисида Наманган вилоятидан сенатор Анна Добрих томонидан тўқимачилик саноатида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар фаолиятида маҳсулотларни сертификация қилишда қатор муаммолар туғдирган Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мувофиқлиги тасдиқланиши лозим бўлган мувофиқликни баҳолаш объектлари рўйхатларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси кўтарилган эди.

Ушбу масала Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан ўрганилди. Мажлисда мазкур ўрганиш натижалари ҳақида қўмита раиси Э. Гадоев маълумот берди.

Ўрганиш натижасига кўра, асосий муаммо ­ ишлаб чиқариш учун зарур ҳисобланган маҳсулотлар (мато, ип-газлама, фурнитура ва бошқа хомашёлар)нинг республикага кириб келишида, божхона расмийлаштирув жараёнида, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 январдаги қарорига мувофиқ божхона брокерлари томонидан мувофиқлик сертификатлари тақдим этилиши талаб қилинаётгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, ишлаб чиқарувчилар ҳамда аҳолини қийнаб келаётган бошқа тизимли муаммолар ҳам аниқланган. Хусусан, юридик ва жисмоний шахслар қайта ишлаш бўйича хомашё ҳамда хавфсизлик даражаси юқори бўлмаган гуманитар ёрдам ва техник кўмак маҳсулотларини импорт қилганларида ҳам мувофиқлик сертификатлари талаб этилмоқда.

Бу ҳолатлар корхоналарнинг ишлаб чиқариш жараёнларига салбий таъсир ўтказиб, қўшимча маблағлар сарфланишига, чет эллик харидорлар олдидаги мажбуриятлар ўз муддатида бажарилмаётганлигига ҳамда тадбиркорлар норозилигига сабаб бўлмоқда.

Тадбиркорлик фаолияти ривожига халал бераётган бюрократик тўсиқларни бартараф этиш мақсадида Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган, шунингдек, қайта ишлаш (толлинг) ҳамда гуманитар ёрдам ва техник кўмак мақсадида импорт қилинадиган маҳсулотларга нисбатан мувофиқлик сертификатини олишни татбиқ этмаслик таклифи киритилган.

Қўмита раиси Э. Гадоев президентнинг 2021 йил 2 июндаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига асосан маҳсулотлар импортида соддалаштирилган божхона расмийлаштирувини жорий қилиш ҳамда 2021 йилда сифат миллий инфратузилмасини ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”да қатор вазифалар белгилангани боис юқоридаги муаммолар ҳал этилишини таъкидлади, дейилади Сенат хабарида.

Мавзуга оид