Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бухорода қилни қирқ ёрадиган, ҳақиқатпарвар орган ходими топиладими?
Ғиждувон шаҳрида истиқомат қилувчи Равшан бобо Тилавов бу йил 93 баҳорни қаршилади. Бу пири бадавлат инсон бир умр ота-бобосининг ҳалол касби — сартарошлик билан шуғулланиб келган ва 1992 йили нафақага чиққан. Бобо 1953 йилдан буён меҳнат қилиб келган, Ғиждувон шаҳридаги Юсуф Ҳамадоний кўчасида, туман ИИБ паспорт столи биқинида жойлашган, ер майдони 184,5 кв.м, қурилиш майдони 14,4 кв.м бўлган аҳолига маиший кўрсатиш биносида ўғли — музлатгичлар ва совутгичлар созловчи уста Маҳмуд Равшанов ишлай бошлайди.

Эски, унниққан, 60 йил аввал барпо этилган кўҳна бино аввал сартарошхона, кейин устахона бўлганини бутун Ғиждувон аҳли билади.
Замон ўзгармоқда, ҳамма жойда замонавий бинолар қурилмоқда. М.Равшанов ҳам ўзи ва отаси узоқ йиллардан бери ишлаб келган бинога эгалик ҳуқуқини чиқартириш, замонавий бино қуриш, аҳолига иш ўрни яратиш мақсадида Ғиждувон туман ҳокимлигига 2015 йил бошларида устахона жойлашган ерни расмийлаштириб беришни сўраб мурожаат қилади.
Туман ҳокимли ерга эгалик ҳуқуқи суд тартибида ўрнатилишини айтади ва М.Равшанов судга мурожаат қилади ва фуқаролик ишлари бўйича туман суди мурожаатни ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, ушбу ерни ФКнинг 187-моддасига асосан, 15 йилдан ортиқ вақт мобайнида ўзиники каби, ошкора, ҳалол фойдаланиб, шу ерни обод қилиб, инсофли фойдаланувчи сифатида фаолият кўрсатиб келаётганлиги учун ушбу бинога ва уни ўраб турган ҳудудни 2015 йил 2 апрелда 3-877-15-сонли иш билан ҳокимлик ва туман кадастр бўлими вакиллари иштирокида, судья Ш.Раззоқов раислигида ўтган очиқ суд мажлисида эгалик ҳуқуқи беради.


(Бу орада туман ИИБ паспорт столи ва устахонани ажратувчи темир тўсиқ ўрнига тўғри қилиб девор олиш, девор устига тиканли сим ўрнатиш масаласи кўндаланг бўлади. Ушбу деворни 206-корхона қуриб беради, кейинчалик М.Равшанов (ўзининг айтишича) деворга кетган харажатларни корхонага тўлаб бериш шарти билан. Деворни кўтариш асносида маиший хизмат кўрсатиш устахонаси ва 206-корхона ўртасини тўсиб турувчи девор ҳам йиқитилади ва янги деворни тиклашда унинг ғиштларидан фойдаланилади — 206-ХКМК ва сартарошхона ораси очилади, буни эслаб қолинг!)
Хуллас, суд орқали эгалик ҳуқуқини қўлга киритгач, М.Равшанов туман кадастр бўлимига мурожаат қилади, кадастр ҳужжатларига бинонинг шарқ томонидаги қўшниси — туман ИИБ ҳужжатга эътирозсиз муҳр ва имзо қўйиб беради, бироқ шимол ва ғарб томондан қўшни 206-сонли қурилиш ташкилоти (бевосита раҳбари — Эркин Ҳомидов) кадастр ҳужжатидаги «Ер участкасини чегарасини келишиш ва белгилаш далолатномаси»га имзо қўйишдан бош тортади ва туман кадастр бўлими бошлиғи Баҳодир Шаропов кадастр ҳужжатларини тайёрлаб беришдан бош тортади. Бунга сабаб қилиб, Э.Ҳомидов маиший хизмат кўрсатиш уйи 206-сонли механизациялашган кўчма жамланмага тегишли ер эканлиги даъво қилади.
206-сонли қурилиш ташкилоти 2015 йил 21 майда судга мурожаат қилиб, судья Ш.Раззоқов раислигида ўтган суд мажлисида 2015 йил 2 апрелдаги Ғиждувон туман судининг М.Равшановга эгалик ҳуқуқини бериш ҳақидаги ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳақида ажрим чиқартириб олади. Суд мажлисига М.Равшанов чақиртирилмайди, ҳолбуки суд материалларида унинг қатнашгани, сўзга чиққани ҳам ёзилган. Улар суднинг янги қароридан — ердан қуруқ қолишганидан бехабар бўлишади.
206-корхонанинг кадастр ҳужжатларига жузъий ўзгартиришлар киритиб судга тақдим этади. ФИБ туман суди 2015 йил 10 июлда М.Равшановнинг ер майдонига эгалик ҳуқуқини бекор қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаради.
2010 йили тайёрланган ушбу ҳужжатлардаги схемага кўра, устахона биноси ва ҳудуди 206-корхона ҳудудига қўшиб юборилган. Лекин Ғиждувон туман ҳокимининг ушбу корхонани ер майдони юзасидан чиқарилган қарор ости ҳужжатига илова қилинган схемада сартарошхона биноси 206-механизациялашган кўчма колоннага қўшиб юборилмаган. Бу 2009 йил 28 ноябрда Ўзбекистон архитектура қурилиш қўмитасига қарашли «ЎзГАШК» ДК Бухоро филиали томонидан чизилган схемада ўз аксини топган.


Э.Ҳомидов бошчилигидаги гуруҳ эса судга ва кейинчалик тергов органларига гўёки 2010 йилда тайёрланган кадастр ҳужжатлариники, дея қуйидаги схемани тақдим этади.
Лекин ушбу схема суднинг М.Равшановни эгалик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарилганидан сўнг 2016 йил август ойида тайёрланганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Унда устахона майдони 206-корхонага қасддан қўшиб чизилгани маълум бўлади.
М.Равшановнинг ишончли вакили томонидан туман кадастр бўлимидан олинган 206-корхонага тегишли кадастр ҳужжатининг Ер участкасининг чегарасини келишиш ва белгилаш далолатномасида «В — Г гача хусусий дўкон билан чегарадош» деб белгиланган.

Энг ҳайратланарли жойи шундаки, 206-ХКМК МЧЖ раҳбари ўзи (!) судга корхонага тегишли худди шундай ҳужжатни тақдим этганда ҳам айнан шу ҳужжатнинг иккинчи нусхаси бор:

Икки бир хил ҳужжат ёнма-ён қўйилса улардаги муҳр ва имзолар орасида масофа турлича эканлигини, яъни ҳужжат аввал бошдан бир хил бўлганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Ер участкасининг чегарасини келишиш ва белгилаш далолатномаси ва унга илова қилинган — Ер участкаси чегараларининг таърифида ҳам «В» нуқтадан «Г» нуқтагача хусусий дўкон билан чегарадошлиги кўрсатилган. Яъни «Б» – «В» нуқталар оралиғи туман ИИБ бўлгач, кўчагача — «Г» нуқтагача яна бир объект борлиги аниқ.
Далолатномани тасдиқлаб, Ғиждувон туман хўжалик ҳисобидаги ер тузиш, рўйхатдан ўтказиш ва кўчмас мулк кадастри бўлими бошлиғи А.Сатторов имзо қўйган ва муҳрлаган.
Бироқ далолатноманинг иловасида А.Сатторовнинг имзоси ва муҳри шарт эмас. Шунчаки, корхона мутахассиси Эркин Равшанов, 206-ХКМК МЧЖ раҳбари Эркин Ҳомидовнинг имзоси ва корхона муҳри турибди.
Мурожаатчи М.Равшановга кўра, 206-ХКМКнинг собиқ бошлиғи, айни пайтда Бухоро вилоят 2-қурилиш трести бошлиғи Эркин Ҳомидов Ғиждувон туман кадастр бўлими раҳбари Баҳодир Шаропов билан тил бириктириб, кадастр ҳужжатларидан айнан ўша далолатнома қисмини олиб ташлаган (акс ҳолда, эски бошлиқ А.Сатторовнинг имзоси ва эски кадастр корхонасининг муҳри керак бўлади-да!) ва унинг қуйидаги илова қисмини сохталаштирган.
Янги иловага кўра «В» – «Г» нуқталар орасидан «хусусий дўкон» чиқариб ташланган ва ўша томондан корхона тўлиқ туман ИИБ билан чегарадош эканлиги кўрсатилган.

Биз билан суҳбатда 2009 йили ер чизиш ишларида қатнашган, айни пайтда нафақада бўлган Эркин Равшанов чиндан ҳам аввалги ҳужжатлардаги ўз имзосини таниди, ўша пайтлар устахона ва дўкон бўлганини қайд этди ва кейинги, ўзгартирилган ҳужжатдаги имзони «меники эмас» деб Kun.uz мухбирига шахсан тасдиқлади.
Хуллас, ушбу қалбаки ҳужжатларни рўкач қилиб, Э.Ҳомидов бошлиқ гуруҳ ер майдони ва сартарошхона биносига тўлиқ эгалик қила бошлайди ва М.Равшановга тегишли устахонани бузиб ташлайди. Маҳмуд аканинг бормаган жойи, кирмаган эшиги қолмади, барча жойларда факат «бой»нинг қалбаки ҳужжатлари тўғри деб топилаверади.
Ҳаттоки республика ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри ДУК хизмат текшируви ўтказган бўлса-да, улар ҳам ўз ходимлари бўлмиш Баҳодир Шароповни ҳимоя қилиб, унинг кирдикорларни очмасдан, ишни бир томонлама 206-ХКМКга ён босган ҳолда кўришган.
Юқоридаги масала бўйича М.Равшанов Э.Ҳомидов билан бир неча бор учрашиб, у ҳужжатларни қалбакилаштираётганлигини, унинг бу йўлдан қайтишини, ноқонуний иш қилаётганлигини, ўзига азоб бермасдан, бир парчагина ерини қайтиб беришини сўраган. Э.Ҳомидов эса «ҳар қаерда ўзига тегишли одамлари борлиги, ҳеч кимдан қўрқмаслиги, ноқонуний йўл билан бўлса-да ерни тортиб олиб, М.Равшановни у ердан ҳайдашини, қўлидан ҳеч нарса келмаслигини, танишлари тиқилиб ётгани»ни айтиб, пенсионер қарияни йиғлатиб, ҳайдаб юборган.
206-ХКМК томонидан ўзининг ҳақлигини исботлаб, терговга тақдим этилган ҳужжатлардан бири — 1994 йилда Ўзбекистон давлат ер тузиш илмий лойиҳалаш институти «ЎзДавЕрЛойиҳа»нинг Бухоро филиали томонидан 206-хўжаликлараро механизациялашган кўчма колоннанинг инвентаризация ҳужжатларидир.
Ўша ҳужжатлар тўпламининг ҳам энг сўнгги бетида режа чизмаси бор ва у ерда ҳам тўғри бурчакли трапеция шаклидаги сартарошхона ер майдони 206-ХКМК майдонига қўшиб чизиб олинган. Лекин сохта ҳужжат тайёрлаганлар бир жиҳатни унутишганки, ўша чизмадан бир варақ олдин, чегаралардаги деворлар рақамлаб чиқилган ва ўша рақамлар метр қиймати бўлиб, айнан қайси қўшни томон билан қай тарзда (девор ё бино билан) чегарадош эканлигини изоҳлайди.
Маҳмуд ака Равшанов ва унга хайрихоҳ дўстлари бу ҳужжатнинг ҳам оригиналини ТОПИШГАН! Мана ўша чизма:
Тушунмаганларга тушунтираман.
Чизмадаги «В» нуқтадан «Г» нуқтагача бўлган чегаранинг ташқи томонидаги 28, 20, 80, 24 ва 14 рақамларига эътибор беринг. Бир варақ аввал ушбу нуқталарга изоҳ берилган ва «В дан Г гача жанубий ғарб йўналишида бинолар орқали — 28 метр, девор орқали — 20 метр, бинолар орқали — 80 метр, девор орқали — 24 метр, бинолар орқали — 14 метр масофада туман ички ишлар бўлими билан чегараланган. Яъни Туман ИИБ билан девор орқали эмас, бинолар орқали 14 метр чегарадош» эканлиги айтилмоқда.
Google Earth’га мурожаат қиламиз. Сартарош дўконининг 206-ХКМК билан (ўша ҳудудда жойлашган меҳмонхона орқали) чегараси 14 метр, туман ИИБ паспорт столи билан чегараси (янги қад ростлаган девор узунлиги) эса 27 метр!
Демак, 1994 йилги ҳужжат бўйича ҳам ушбу ҳудуд 206-ХКМКга тегишли бўлмагани ойдинлашмоқда. Чунки 206-ХКМК раҳбарияти терговга берганидек трапециясимон майдон уларга тегишли бўлганида 14 рақами трапеция ичида эмас, унинг ўрнига 27 рақами трапеция ташқарисида бўлар ва туман ИИБ билан 27 метр девор орқали чегарадош эканлиги ёзилган бўларди. Чунки чегаранинг ички қисмидаги рақамлар бино ва иншоотларнинг номини билдиради, чунончи, 14 рақамининг нариги томонидаги 33 рақамига кўра, меҳмонхона жойлашган ва унинг ҳам ўлчамлари кўрсатилган.
Ҳужжатларни қалбакилаштириш ҳолати буйича 2016 йил март ойида Ғиждувон туман ИИБ терговчиси Файзулло Ҳодиев томонидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилган. У ҳужжатлар ва ашёвий далиллар билан танишиб, ушбу материал Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 228-моддасида кўрсатилган жиноят аломатлари борлигини айтиб ўтиб, албатта ушбу жиноятни охиригача олиб бориб, жиноятчиларни қилмишига яраша жазоланишини қонун томонидан таъминланишини ваъда берган. Орадан бироз вақт ўтгач, терговчи ҳам бир нарсадан чўчиб қолгандай бўлиб, ушбу ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатиш унинг қўлидан келмаслигини айтиб, турли баҳоналар билан 206-сон ХКМК раҳбарларнинг ёнини олишни бошлаган.
Хуллас, туманда суриштурув бир томонлама олиб борилиб, М.Равшанов тақдим этган ашёвий далиллар илова қилинган бўлса-да, терговчи уларга объектив баҳо бермаган ва инобатга олмаган. Хатшунослик экспертизаси тайинланиб, ўша варақдаги ўзгартиришлар ўз тасдиғини топган бўлса-да, кадастр хизмат текшируви ушбу варақнинг ўзгартирилиши, қалбакилаштирилиши, йўқолиши ҳеч қандай ҳуқуқий оқибат олиб келмаслигини билдиради ва терговчи жиноят ишини рад қилиш тўғрисида қарор чиқаради.
Қанақасига ҳуқуқий оқибат олиб келмайди?! Ахир 206-ХКМК ўзига тегишли бўлмаган ерни бировни чирқиратиб ўзлаштирмоқда-ку?!
Маҳмуд Равшанов бизга йўллаган хатида «Мақсадим — ўзимга тегишли ерда 2 қаватли бино қуриб, тадбиркорлик фаолиятимни давом эттириб, камида 10 кишини иш билан таъминлаш эди. Бизнес-режаларим мавжуд. Лекин ҳозирги кунга келиб менинг ерим чўлга ўхшаб, ахлатхонага айланиб қолган. Сохта ҳужжатлар билан аввал отам, кейин мен 65 йилдан буён ишлатиб келаётган дўконимизни эгаллаб олганларга қатъий чора кўриш», деб ёзади.
Юқорида курсивланган абзац сўнгида «эслаб қолинг» дегандим. Google Earth’да 2012 йил 18 ноябрда туширилган қуйидаги суратга диққатингизни қаратмоқчиман. Бу ерда устахона ва туман ИИБ орасида қийшиқроқ темир тўсиқ турибди. 206-ХКМК ва устахона орасидаги девор ҳам бус бутун.
Ҳолбуки 206-ХКМК томонидан 1994 йилда, 2010 йилда тайёрланган қалбаки ҳужжатлар чизмасида ҳам ИИБ билан девор тўғри қилиб чизиб келинмоқда. Яъни, 206-ХКМК баҳонада нафақат М.Равшановнинг, туман ИИБга қарашли ернинг ҳам 40 квадрат метрдан зиёд ерини ўзлаштириб олмоқда.
Маҳмуд аканинг 93 ёшни қаршилаётган падари бузруквори Равшан бобо Тилавов эса «Агар кўзим хиралашиб қолмаганида ҳозиргача ишлаётган бўлардим, ўғлимга дўконни бермасдим», дейди бояқиш. Биз билан хайрлашар экан, «ноинсофларга Яратганни ўзи инсоф берсин», деб дуо қилиб қолдилар пир-у бадавлат бобо.

Биз Ғиждувонда бўлмаса ҳам, Бухоро вилоятида қилни қирқ ёрадиган прокурорлар, терговчилар борлигига ишонамиз. Ўз касбига содиқ, Ватан равнақи учун ишлайдиган, адолат ва ҳақиқатни юзага чиқарадиган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари аниқ бор. Президентимиз ҳам яқинда Бухорода бўлганида вилоятни ўз касбига нолойиқ каслардан тозалаганини алоҳида эътироф этган эди.
Kun.uz яққол кўриниб турган ушбу қаллоблик вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари, туман ҳокимлиги томонидан тўлиқ ўрганиб чиқилишига, ҳақиқат рўёбга чиқишига умид билдириб, сўнгги чорани қўллашни бухоролик орган ходимларига топширади ва барчамиз воқеалар ривожини биргаликда кузатишда давом этамиз.
Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz махсус мухбири