18:33 / 21.08.2019
23402

Узундаги харидорсиз бозор: тадбиркорлар сарсон, мутасаддилар эса муаммога ечим топиш билан банд

Kun.uz таҳририятига Сурхондарё вилояти Узун туманидан бир гуруҳ тадбиркорлар мурожаат қилишди. Уларнинг айтишича, туман марказидаги собиқ эски деҳқон бозори бузилгач, у ерда фаолият кўрсатган 80дан зиёд тадбиркор муаммоларга дуч келишган.

Айни пайтда собиқ бозор ўрни текисланиб, бу жойда ресторан ва ёзги павильон қурилмоқда.

Туман мутасаддиларининг тушунтиришларича, эски бозор бузилишига сабаб — у Обизаранг дарёси муҳофаза зонасида бўлганидир. Янги ресторан ва павильон дарёнинг муҳофаза зонасидан ташқарида барпо этилмоқда.

Бузилган бозорда савдо қилган тадбиркорларга микрофон тутганимизда, уларнинг собиқ деҳқон бозори (халқ тилида — «Чуқур бозор») ҳудудида жойлашган дўконлари эвазига яхши жойдан жой берилмаган. Ёки кўрилган зарарлар эвазига компенсация тўланмаган. Улар ўз вақтида дўконларни катта пулларга харид қилишга ва оилавий ишбилармонликни йўлга қўйишган бўлган. Айни пайтда ишсиз қолиб кетаётган оилалар ҳам бор.

Дўконларидан айрилган айрим тадбиркорлар айнан бузиб ташланган «Чуқур бозор» ўрнидан уларга дўкон қуриш учун жой ажратиб берилишини талаб қилишмоқда. Лекин бунинг иложи йўқ. Чунки бу ерда Обизаранг дарёсининг муҳофаза ҳудудига риоя қилинган ҳолда, мавжуд бош режага асосан тадбиркор Алижон Аминов умумий овқатланиш корхонаси барпо этмоқда. Эски бозор ҳудудида унинг ҳам дўконлари бўлган.

Ушбуларни ўқиб, «Узунда бинойидек бозорни кўчириб, савдогар тадбиркорлар кўчада қолгандир», деб ўйларсиз. Лекин ундай эмас. Узунда бир йил муқаддам янгидан деҳқон бозори ва унинг ёнида буюм бозори барпо этилган.

Фақат, бир ойда битказилган буюм бозорининг очилиш маросими бўлгач, эртаси куниёқ ёпилиш маросими ҳам бўлиб ўтган. Тадбиркорларга қулоқ тутганимизда, уларнинг айтишича, янги буюм бозорида тартиб билан замонавий дўконларни тадбиркорлар ўз маблағлари эвазига барпо этишган. Лекин мазкур бозор ноқулай жойда жойлашгани сабабли бу ерга харидорлар келишмаяпти.

Хўш, эски бозор бузилган. Янги бозор қурилган. Узун иккига бўлиниб ётибди дейишяпти. Ўзи қандай муаммо бор?

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — ЎзЛиДЕП туман кенгаши раиси Қурбон Шукуров ҳам вазият юзасидан ўз фикрларини билдириб, фақатгина темир йўлдан переезд (темир йўлдан ўтиш жойи) очилишигина мавжуд муаммони ҳал этишини баён қилди.

Гап шундаки, Узун тумани марказидан темир йўл ўтган. Эски бозор аввал Термиз – Душанбе йўли ёқасида, ўнғай жойда жойлашган эди. Бу бозорга қўшни Сариосиё туманидан ҳам харидорлар келиб харид қилиб кетишар эди. Янги бозор эса темир йўлдан жануброқда қурилди. Бу ерга сариосиёликларни қўя туринг, узунликларнинг ўзи ҳам боришни исташмаяпти. Тадбиркорларнинг сўзларига кўра, харидорлар қўшни Сариосиё ва Денов туманларида харид қилишни афзал кўришмоқда.

Харитага қараймиз. Узунда темир йўл узра пиёдалар ўтадиган кўприк барпо этилган. Пиёда бориш учун янги бозор бироз ноқулай ва узоқроқ — 800 метр. Машиналар янги бозорга бориши учун қарийб 5 км масофага бориб темир йўлдан ўтиб келиши керак.

Шу сабабли эски бозор атрофида ва ўша ердаги бузиб ташланган чойхона ўрнида ёймачиларнинг савдоси авж олган. Эски дўкондорлар ҳам шу атрофдаги дўконларга ижарага жойлашишган. Янги бозор эса ҳувиллаб ётибди.

Бунинг учун зудлик билан кунига бор-йўғи икки бор поезд состави ўтадиган темир йўлдан переезд очилиши, шлагбаумлар ўрнатилиши лозим.

9 август куни Узун туман ҳокимлигида сектор раҳбарлари ҳамда барча тадбиркорлар иштирокида мажлис бўлиб ўтди. Уларнинг фикрлари тингланди. Дўкони бузилган ва компенсация олмаган тадбиркорларга туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Усмон Алимов туман марказидан янги жой ажратилишини эълон қилди.

Шунингдек, янги бозорга темир йўл устидан йўл очиш масаласи республика даражасида ҳал этилиши боис юқори органларга мурожаат қилиниши айтиб ўтилди.

Kun.uz мухбири Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов билан интервью уюштирганида мазкур масала бўйича савол берди. Боболов вазиятдан хабардорлигини, яқин кунлар ичида Транспорт вазири Очилбой Раматов билан биргаликда ушбу масалани ечишга ҳаракат қилишини айтиб ўтди.

Kun.uz вилоят ва тумандаги мутасадди раҳбарлар мазкур масаладан хабардорлигидан, уни ҳал этиш учун ҳаракат қилишаётганидан воқиф бўлди. Ўйлаймизки, узунликларни қийнаб келаётган муаммо тез орада ўз ечимини топади.

Узундаги кўп йиллик кекса тадбиркорларнинг ишончи ҳам, илинжи ҳам шу. Улар ўз фарзандлари шу ерда, кўз ўнгида меҳнат қилишини хоҳлашади. Чет элма-чет эл саргардон бўлишини эмас.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top