Жамият | 21:03 / 19.04.2023
115415
5 дақиқада ўқилади

«Ҳар бир гапимга қайтариб ураверди» – Сурхондарёда калтакланган ўқитувчи аёл воқеа тафсилотларини сўзлаб берди

Ўша куни аёл ўқитувчилар мактабдаги ахлоқий муҳитни директор билан муҳокама қилмоқчи бўлишган. Можаро вақтида директор ўзи ҳам калтак ейишидан қўрқиб ўртага туша олмаган.

Фото: Видеодан кадр

18 апрел куни ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Узун туманидаги 31-мактабнинг 2 нафар аёл ўқитувчиси эркак ҳамкасби томонидан дўппослангани акс этган видео тарқалди. Шундан сўнг, Бош прокуратура муштумзўр қўлга олингани, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳолат вазир назоратига олинганини маълум қилди.

19 апрелда эса дўппосланган аёллардан бири «Hudud24» интернет нашрига берган интервюсида аслида ҳолат қандай бўлгани ҳақида гапириб берди.

Аёлнинг айтишича, «кўк рангли бош кийим кийиб олган эркак» уларни дўппослагандан кейин дарҳол ички ишлар органига қўнғироқ қилишган, оғир жароҳатлар бўлмагани учун тез ёрдам чақирилмаган.

«Аслида уруш, жанжал, урадиган даражадаги воқеа бўлгани йўқ. Бизнинг директор билан ҳал қиладиган муаммомиз бор эди, шунга маслаҳатлашмоқчи бўлиб директорнинг хонасига киргандик.

Икки кун олдин ота-оналар йиғилиши бўлган, мактабда мен бўлмагандим. Жанжалда мен қатори таёқ еган ўқитувчи шу мажлисда қатнашган. Шунда бир аёл мактабда бир эркак ва аёл ўқитувчининг хиёбонларда, мактаб ҳудудида ҳам қўл ушлашиб юрганини айтиб, исбот тариқасида унда видеотасвир борлигини айтган. У аёлнинг кимлигини билишмаган, шошиб чиқиб кетишган.

Биз бутун ўқитувчилар иснодга қолиб юрмайлик, кимлигини билайлик, аниқлик киритайлик, воқеани директорга айтайлик, дедик. Бир кун олдин шунга келишдик. Ўша пайтда олдимизда бошқа биров йўқ эди, аммо ҳеч қайсимиз ўйламаган эканмиз, бизнинг гапларимиз телефон орқали ёзиб олиниб турган экан», – дейди у.

Маълум бўлишича, 14 апрел кунининг иккинчи ярмида аёллар директор қабулига киришга ҳозирланади. Шунда кимдир жисмоний тарбия ўқитувчисига «бир гуруҳ аёллар директорнинг олдига кириб, сени муҳокама қилишяпти» деган хабарни берган ва у эркак мажлис бўлаётган хонага кириб келган. Аёл «бу ерда аёллар йиғилиши бўляпти» дейишига қарамай, директорнинг ёнидаги ўриндиққа ўтириб олган.

«Директор ҳаммага умумий қилиб “ҳа, нима бўляпти?” деб савол берди. Шунда у ўрнидан турди-да, беш бармоғини ёзиб “нима деяпсан, сен кимсан ўзи, мактаб меники, билганимни қиламан”, деди. Кейин “манавиям гапирмасин” деб менга қараб китобни улоқтирди. Китоб менга тегмади, у шаҳд билан мен томонга айланиб келди, ўрнимдан турдим, аммо мен уради деб ўйлаганим ҳам йўқ. У эса юзим аралаш бошимга айлантириб солиб, ҳожилигимни айтиб, кетма-кет ҳақорат қила бошлади.

Чиқиб кетмоқчи эдим, у мени яна урди. Қайта-қайта таёқ еганимдан кейин “директорнинг ҳузурида, иш жойимизда шунча аёлни урса-ю, бизни эгамиз йўқми, сўрайдиган йўқми, деганимда “сени ҳеч ким сўрамайди”, деб яна қайтариб урди. Ҳар бир гапимга қайтариб уряпти-да.

Шунда “опа сизга ҳеч нарса дегани йўқ-ку” деган Абдусаматова Марғуба устозни уриб кетди. Яна мени бурчакка тиқиб, ўнг оёғининг тиззаси билан биқинимга тепди. Ҳаммамиз худди тулки бурчакка қамаган товуқлардай турибмиз, қўлини пахса қилиб бошимизда турибди, бир нима десак, келиб уряпти, тинмай ҳақорат қиляпти», – дея воқеани эслайди жабрланувчи.

Аёлнинг айтишича, ўша видеодаги оқ кўйлакдаги одам, мактаб директори «участковой» билан гаплашганда жанжалга атайлаб аралашмаганини айтган. Бу буни ўшанда ўзи ҳам калтакланиши мумкин бўлгани билан изоҳлаган.

Айни вақтда жабрланувчилар шифохонада қолмоқда. Иккинчи ўқитувчининг бош мияси жароҳатланган бўлиши мумкинлиги, боши, бўйни билан қисиб оғриётгани, умуртқанинг энг пастида оғриқ борлиги айтилмоқда.

«Ўша куни ички ишларга мурожаат қилдик. Аввал ўзимиз участка нозирига телефон қилдик. У қаердадир йиғилишдамиз деди. Нима бўлганини майдалаб сўраб турди. Биз камерага тушган кадрлар йўқолиб қолишидан қўрқдик, 102 га телефон қилдик.

Дарров иккита машинада етиб келишди. Шу ернинг ўзида биз билан суҳбат қилиб, уни битта машинада, бизни бошқа машинада олиб кетишди», – дейди аёл.

Ўқитувчи аёлнинг сўзларига кўра, муштумзўр мактаб директорлигига даъво қилган, унинг тинимсиз жанжаллари, «ёза-ёз»ларидан кейин аввалги мактаб директори ўз хоҳиши билан мактабдан кетган. Унинг аввал ҳам жамоа билан, директор ўринбосарлари билан тез-тез келишмовчиликлари бўлиб турган.

Мавзуга оид