Узун туманининг Боботоғ ҳудудидан бир институтнинг бир йўналишида мақсадли квотага даъвогарлик қилган икки абитуриентдан юқори балл олгани “йиқилиб”, ундан қарийб 35 балл кам олгани талабаликка тавсия этилди.

2023/2024 ўқув йилида Денов тадбиркорлик ва педагогика институтининг хорижий тил ва адабиёти (инглиз тили) йўналишига Узун тумани учун 6 та (шундан 2 таси туманнинг Боботоғ ҳудудига имтиёз сифатида) мақсадли квота ажратилган.

Жами 6 та мақсадли квота учун 60 нафар абитуриент рақобатлашган. Жумладан, туманнинг Боботоғ ҳудудидаги Оқмачит маҳалласида яшовчи Гулбаноз Тоғаева 68,4 балл тўплаган ҳолда талабаликка қабул қилинган.

Аммо негадир Боботоғ ҳудудидаги Толтўғай маҳалласида яшовчи абитуриент Назирхол Нормўминова айни шу олийгоҳнинг бир хил йўналишида мақсадли квотага даъвогар бўлган ҳолда 102,3 балл тўплаб, талаба бўлолмаган. 

Балки Назирхол Нормўминованинг доимий яшаш маҳалласи туманнинг Боботоғ ҳудудига кирмас, деган ўйда буни ҳам текшириб кўрдик. Бироқ бундай бўлиб чиқмади: у билан бир маҳаллада яшовчи, бир мактабнинг битирувчиси бўлган Миржалол Ибрагимов Термиз давлат педагогика институтининг тарих йўналишига айнан Боботоғ ҳудуди учун ажратилган мақсадли квота асосида талаба бўлган.

Kun.uz олдинроқ Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳри учун Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳамда Бухоро давлат тиббиёт институтида 6 та мақсадли квота ажратилгани, аммо уларнинг иккитасини шаҳарда бир ой ҳам яшамаган, бошқа ҳудуддан келган абитуриентлар “илиб кетгани” ҳақида ҳам суриштирув эълон қилганди.