Жамият | 12:56 / 16.04.2020
21776
2 дақиқада ўқилади

Россиядаги ўзбекистонликларга ёрдам кўрсатиш учун «Саховат» маркази ташкил этилди

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси кўмагида ушбу мамлакатдаги бир гуруҳ ўзбекистонликлар ташаббуси билан коронавирус пандемияси даврида хориждаги ватандошларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида «Саховат» ёрдам маркази ташкил этилди.

Фото: саховат.рф

«Биз COVID-19 пандемияси даврида Москва ва Москва вилоятида яшовчи оғир ҳаёт шароитларига тушиб қолган ўзбекистонлик фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам берамиз. Бизнинг мақсадимиз - фуқароларни асосий озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами ва дори-дармон билан бепул таъминлаш», дейилади марказ хабарида.

16 апрелдан бошлаб «Саховат» ёрдам маркази саховат.рф  портали орқали ва марказнинг Facebook саҳифасида ёрдам сўровномаларини қабул қилишни бошлайди.

Марказнинг ходимлари Москва ва Москва вилоятида яшовчи муҳтож ўзбекистонлик фуқароларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни манзилларига етказиб беришни режалаштиришмоқда.

Биринчи навбатда, аёлларга, қарияларга, ногиронлар ва ёш болаларга ёрдам кўрсатилиши айтилган.

Бундан ташқари, марказ +79167977772 «ишонч телефони» орқали юртдошларга бепул ахборот-ҳуқуқий ёрдам кўрсатади.

«Сиз ҳам ҳисса қўшмоқчи бўлсангиз: банк пул ўтказмалари (саҳифа бу ерда) орқали Россияда бўлган ватандошларимизга ёрдам беришингиз ёки «Саховат» ёрдам марказининг волонтёри бўлишингиз мумкин.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид