Жамият | 16:01 / 15.10.2021
7912
3 дақиқада ўқилади

ССВ: Ўзбекистонга ноёб кўчма лаборатория олиб келинди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўзбекистонга илк бор кўчма мобиль ПЗР лабораторияси олиб келинди. У бир суткада 1,5 минг кишида коронавирусга ПЗР текширувини амалга ошириш имконини беради. 

«Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида 200га яқин турғун ПЗР лабораториялари мавжуд. Аммо бу чекка ва олис ҳудудлар аҳолисини тўлиқ қамраб олишда баъзи муаммоларни юзага келтираётганди. Шу боис, бугун келтирилган кўчма мобиль ПЗР лабораторияси ва эмлаш пункти юртимизнинг исталган ҳудудига бориб, коронавирус таҳлилларини ўтказиш имконини беради.

Яна бир аҳамиятли жиҳати, мазкур замонавий техника воситалари ёрдамида ПЗР тести натижаларини бир неча соат муддатда олиш мумкин», — дейди Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев.

Баҳодир Юсупалиев

ССВ матбуот хизмати маълумотига кўра, кўчма мобиль лаборатория 2020 йилда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ва OPASCA GmbH кўмагида ҳаётга татбиқ этилган «Германия ҳукуматининг Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимига техник ва ташкилий ёрдами» лойиҳаси доирасида юртимизга келтирилди. Унда аҳоли ва тиббиёт ходимлари бригадаси учун барча қулайликлар мужассам. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Электр энергияси бўлмаган вазиятларда ҳам 6 соатгача хизмат кўрсата олади. Ҳайдовчи ва 3 нафар тиббиёт ходими фаолияти учун тўлиқ мослаштирилган. Уларнинг дам олиши, овқатланиши, ювиниши ва бошқа эҳтиёжлари учун зарур шароитларга эга.

Мобиль ПЗР лабораторияси дастлабки фаолиятини Самарқанд вилоятининг чекка ва аҳоли сони кўп бўлган ҳудудларидан бошлаши кутилмоқда. Фуқаролар мазкур лабораторияда коронавирусга бепул тест топширади. 

«Айтиш жоизки, Ўзбекистон ва Германия алоқалари тобора кенгаймоқда. Жумладан, икки давлат соғлиқни сақлаш тизими ўртасидаги ҳамкорлик кўлами йилдан йилга кенгайиб боряпти. 

Бугун Германиянинг OPASCA компанияси ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти томонидан мазкур кўчма мобиль ПЗР лабораторияси Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига топширилгани ҳам ана шу ҳамкорликнинг амалий натижаларидан бири бўлди», дейилади хабарда.