Ўзбекистон | 20:47 / 20.10.2020
27005
4 дақиқада ўқилади

Президент фармони: Лотин ёзувига тўлиқ ўтиш чоралари кўрилади, мансабдорлар давлат тилини билиши шарт бўлади

Президент Шавкат Мирзиёев «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фото: assembly.kz

ЎзА хабарига кўра, фармон билан 2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ҳамда асосий йўналишлари тасдиқланган.

Асосий йўналишлар қуйидагиларни назарда тутади:

  • 2025 йилга қадар давлат мактабгача таълим тизимида ўзбек тилли гуруҳлар қамровини 72 фоизга, 2030 йилгача эса 80 фоизга етказиш;
  • 2030 йилга қадар умумтаълим мактабларида ўқув йиллари учун таянч ўқув режаларида она тили фанини ўқитиш кўламини амалдаги ҳафтада 84 соатдан 110 соатгача ошириш;
  • олий таълим муассасаларида ўзбек тили кафедралари сонини 2025 йилга қадар 120 тага, 2030 йилгача эса 140 тага етказиш;
  • лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида «Ўзбекистон миллий қомуси» жилдларини нашр этишни босқичма-босқич кўпайтириб бориш;
  • 2020 йилда ўзбек тилининг луғат бойлигини оширувчи 15 та лингвистик, соҳавий-терминологик, изоҳли луғатлар яратиш;
  • телерадиоканаллар сухандон-бошловчиларининг ўзбек адабий тилидаги нутқ маданиятини оширувчи қайта тайёрлов курсларида ўқитиш тизимини жорий этиш ва қамровни 2030 йилгача 100 фоизга етказиш;
  • 2025 йилга қадар давлат тилида соҳавий иш юритиш ҳужжатларининг ягона электрон намуналарини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш учун 14 та онлайн дастур ишлаб чиқиш, 2030 йилгача эса ушбу кўрсаткични 25 тага етказиш;
  • дастурий маҳсулотларнинг ўзбекча иловалари ва электрон луғат дастурларини яратиш;
  • хорижликлар учун ўзбек тилини ўргатувчи дастурлар яратиш;
  • 2030 йилга қадар хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тилини ўргатувчи марказлар сонини амалдаги 17 тадан 60 тагача кўпайтириш;
  • 2025 йилга қадар «Ўзбек тилининг дўстлари» клублари сонини 30 тага, 2030 йилгача эса 40 тага етказиш.

Вазирлар Маҳкамаси 3 ой муддатда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтишни таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳ ташкил қилади ва аниқ чора-тадбирларни назарда тутувчи «Йўл харитаси» ишлаб чиқиб, Президент Администрациясига киритади.

2021 йил 1 апрелдан бошлаб, ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланади ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этилади.

Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида ўзбек адабий тили меъёрлари ва давлат тилида иш юритиш бўйича қисқа муддатли (1–2 ойгача) ўқув курслари мунтазам равишда ташкил этилади.

Ўзбек тилидаги мавжуд луғатлар асосида узлуксиз таълимнинг барча турлари учун қуйидаги ўқув луғатларини яратиш чоралари кўрилади, шу жумладан:

  • кўп жилдли «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»нинг тўлдирилган янги нашри (кирилл ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида);
  • «Ўзбек тилининг имло луғати»;
  • «Ўзбек тили синонимлари луғати»;
  • «Ўзбек тили синонимларининг катта изоҳли луғати»;
  • «Ўзбек тили фразеологизмларининг катта изоҳли луғати»;
  • «Ўзбек тили омонимлари луғати».

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўзбек тилидан жаҳоннинг етакчи хорижий тилларига ва хорижий тиллардан ўзбек тилига таржима қилувчи компьютер дастури яратилади.

2021 йил 1 январдан бошлаб марказий телеканалларда «Тилга эътибор», «Она тилида сўзлашамиз», «Нотиқлик маҳорати», «Тил – миллат кўзгуси», «Китоб билим манбаи», «Билимли ёшлар – келажак бунёдкори» каби туркум кўрсатув ва эшиттиришлар ташкил қилинади.

Мавзуга оид