Фан-техника | 22:09 / 18.04.2020
20335
9 дақиқада ўқилади

Серологик тестлар: улар инсониятга изоляциядан чиқишга ёрдам берадими?

Карантин қанчалик тез бекор қилиниши антитаначалар тестига ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Бу турдаги қон таҳлили коронавирус ташхиси қўйилиб, сўнг тузалганлардан ташқари, уни аломатсиз ва ташхиссиз ҳолда ўзи ҳам билмай юқтириб олиб, соғайиб кетганларни ҳам аниқлаш имконини беради.

Фото: Erin Schaff/The New York Times

Бу орқали эса касалликдан кейин коронавирусга иммунитети борлиги тасдиқланган кишилар иш жойларига қайтишлари мумкин, деб ёзади The New York Times.

Нашрга кўра, антитаначалар тести орқали қайси тиббиёт ходимлари коронавирусдан ҳимояланганини аниқлаб, шу йўл билан беморларни қўрқмай даволашда давом этиши мумкин бўлган шифокорларни ажратиб олса бўлади.

Юқумли касалликлар бўйича АҚШнинг етакчи эксперти Энтони Фаучининг айтишича, Оқ уйдаги ишчи гуруҳ бу тестдан ижобий ўтган фуқароларга «иммунитет сертификати»ни бериш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу сертификат кишида коронавирусга иммунитет шаклланганини тасдиқлайди.

«Мамлакатни очиш ҳақида ўйлашимиз учун, аввало, вируснинг омма орасида қанчалик тарқалганини билишимиз зарур», – деди доктор Фаучи CNN’га берган интервьюсида.

Ходимлар иммунитетини текшириб, шу асосда уларни ўз иш жойларига қайтариш кўп мамлакатларда, жумладан Италия ва Британияда ҳам ўрганиб чиқилмоқда.

Яқинда АҚШ Касалликлар назорати ва профилактикаси маркази аҳолининг қанча қисми вирусдан зарарланганини билиш учун антитаначалар тестлари ўтказилиши бошланишини эълон қилди. Кўп ўтмай, Қўшма Штатлар бўйлаб 10 минг нафар кўнгилли ўртасида антитанача тестлари ўтказилиши маълум қилинди.

Бироқ ҳар қанақа тестнинг ҳам мукаммал эмаслиги ва уларнинг аниқлиги борасида муаммолар борлигини ҳам назардан қочирмаслик зарур.

 

Тестлар ҳақида нималарни биламиз ва билмаганларимиз нималар?

Антитаначалар таҳлили серологик тест деб аталади. Серологик тестда янги инфекция (ҳозирги ҳолатда бу – коронавирус)га иммун тизими қандай реакция кўрсатиши ўрганилади.

Хўш, бу нима учун керак?

Танага вирус кирса, тана бу душманни илғаб олиши ва унга қарши иммун тизимини сафарбар қилиши учун маълум вақт кетади. Антитаначалар деб аталувчи иммун молекулалари эса мана шу сафарбарликда катта рол ўйнайди.

Антитананинг биринчи тури – M (ёки IgM) иммуноглобулин деб аталиб, унинг қондаги миқдори вирус пайдо бўлгандан кейин бир неча кун ичидаёқ ошади.

Бироқ IgM – умумий курашчи. Аниқ битта вирусни мўлжалга олиш ва уни йўқ қилиш учун танада иккинчи турдаги антитана – G (ёки IgG) иммуноглобулин ишга тушиши керак. Айни мана шу турдаги антитанача вирусни таний олади, уни бошқа инфекциялардан фарқлай олади.

Қонда IgG миқдорининг ошиши ва IgM миқдорининг тушиши асносида, IgG антитаначаларининг топ нуқтага етиши инфекция юқтириб олинганидан кейин ўртача 28-куни содир бўлади.

Яна бир – учинчи турдаги антитаналар ҳам мавжуд бўлиб, улар IgA деб аталади ва инсон танасининг шиллиқ қават тўқималарда (масалан, ўпкада) мавжуд бўлади.

IgA нафас йўллари инфекцияларига, масалан, гриппга қарши курашда муҳим рол ўйнайди. Коронавирус билан курашда ҳам айни мана шу антитанача асосий аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

Кўпчилик тестлар шу 3та антитана даражасини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилаётган бўлса, баъзилари IgM ва IgG`га, қолганлари эса фақат битта турдаги антитаначага аҳамият бермоқда.

 

Антитаначаларни тест қилиш билан нималар маълум бўлади?

Антитаначаларни вирус танага киргандан кейин анча кеч аниқлаш мумкин ва шунинг учун улар инфекцияга эрта ташхис қўйишда ёрдам бера олмайди.

Бироқ антитаначалар тестлари кўп сонли аҳолида антитаначалар реакциясини тадқиқ қилишда қўл келади. Ва бу фақат кимнинг касалликка нисбатан иммун тизими яхши эканини эмас, балки вирус аҳоли орасида қанчалик кенг тарқаганини ҳам кўрсатади.

Чунки коронавирус юқтириб олганларнинг катта қисми касал бўлганини сезмайди. Тадқиқотлар Covid-19нинг аломатсиз кечиши ҳолатлари 25 фоиздан 70 фоизгачани ташкил этишини кўрсатмоқда.

Айни шу вазиятда серологик тестлар олимларга мана шу турдаги беморларни аниқлашга ва Covid-19дан вафот этиш бўйича статистик маълумотларни аниқлаштиришга ёрдам беради.

Жаҳон мамлакатлари ҳукуматлари ҳам серологик тестларга умид билан қарашмоқда. Шу орқали касалликни қайта юқтириб олмасликдан кафолатланган инсонларни аниқлаш ва уларни хавфсиз равишда иш жойларига қайтариш мумкин.

Бундан ташқари, бу турдаги тест натижалари ҳудудлардаги эпидемия даражасини баҳолаш ва каратинни юмшатиш-юмшатмаслик бўйича қарор қабул қилишда ҳам асос вазифасини бажариши мумкин.

Қолаверса, олимларда антитаначалар миқдорининг ошиши ва тушишига қараб, киши инфекцияни қайси санада юқтириб олганини ҳисоблаб чиқиши имкони туғилади.

Серологик тестлар касалликнинг мавсумий омилларга таъсирини ҳам баҳолашда қўл келиши мумкин.

 

Менимча, коронавирусга чалиниб тузалиб кетган бўлсам керак. Бунга ишончим комил. Энди серологик тест топшириб, бемалол кўчага чиқаверсам бўладими?

Ҳозирча йўқ. Айни пайтда синов жараёнида бўлган иммунологик тестларнинг аксарияти кишида коронавирусга қарши антитаначалар бор ёки йўқлигини аниқлай олади холос. Лекин кишида антитанача шакллангани – унда Covid-19га иммунитет борлигини англатмайди.

«Иммунитетга эга бўлиш дегани – агар сиз вирусга чалинсангиз, вирус танага инфекция тарқатишидан олдин иммун тизими уни тозалай олишини англатади», – дейди Нью-Йоркдаги Колумбия университети вирусологи, доктор Ангела Расмуссен.

Яна истисноли ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин: масалан, баъзи одамларда вирусга чалиниш бирор симптомсиз ёки енгил ўтган бўлса-да, уларни қайта инфекция юқтиришдан ҳимоялайдиган антитаначалар кучсиз бўлиши мумкин.

Ёки аксинча, IgG антитаначалари миқдори кам бўлган одамларда ҳимоя қобилияти кучли бўлиши ҳам мумкин. Сабаби – иммунитетнинг касалликларга қарши реакциясида антитаначаларнинг ролини биз анча яхши тушунамиз, лекин иммун тизимида яна бошқа ҳужайралар – оққон таначалари (лейкоцитлар) ҳам бор.

«Иммунитетнинг турли қисмлари бўлган оққон таначалари ва антитаначаларнинг касаллик ҳимояси учун биргаликда қандай ишлаши ҳақида жуда кам нарса биламиз», – дейди доктор Расмуссен.

Шу билан бирга, қонда антитаначалар бор-йўқлигидан ташқари, агар бор бўлса, улар танага кирган коронавирусни нейтраллаштириш қобилияти ҳақида аниқроқ маълумот берадиган тестлар ҳам такомиллаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, қатор давлатларда коронавирусга қаршилик қилувчи кучли антитаначаларга эга кишиларнинг қон зардобидан иммунитети кучсиз беморларни даволашда фойдаланилмоқда.

 

Тестда алдамчи позитив ҳолат қайд этилиши анча хавфли...  

Антитаначалар ҳақида маълумот берувчи серологик тестларнинг баъзилари фойдаланиш учун тайёр, бироқ уларнинг қанчалик эффектив эканини айтишга ҳали эрта.

Доктор Расмуссеннинг айтишига қараганда, серологик тестлар билан  боғлиқ муаммоли ҳолатлар ҳам учраяпти.

Масалан, Буюк Британияда шундай ҳолат кузатилган. Серологик тестлар ёлғон негатив (антитаначалар мавжуд пайтда уларни илғай олмаган) ва ёлғон позитив (антитаначалар йўқ пайтда уларни мавжуд қилиб кўрсатган) кўрсаткичларини қайд этган.

Баъзи тестлар эса янги инфекция – коронавирусга қарши иммун тизими реакциясини кўрсатиш учун етарлича ихтисослашмаган бўлиши мумкин.

Бу ерда ёлғон ижобий кўрсаткичлар айниқса хавфли бўлиши мумкин. Чунки шунинг натижасида кимдир ўзида иммун тизим яхшилигига ишониб хотиржам бўлиши, оқибатда эса вирус билан касалланиши мумкин.

«Кимдир мен вирусдан ҳимояланганман, деб ўйласа ва аслида ундай бўлмаса, бу, албатта, ёмон», – дейди Расмуссен хоним.

Бундан ташқари, агар кимдадир вирусга қарши иммунитет бўлса, бу иммунитетнинг қанча пайт сақланиб қолиши ҳам аниқ эмас.

Бу – янги вирус ва ҳеч ким унга нисбатан иммун тизимининг қанча пайт сақланиб қолишини билмайди.

Фақат унга яқин бўлган SARS ва MERS каби вируслар билан солиштирсак, иммун тизими 1 йилдан 8 йилгача сақланиб қолишини тахмин қилиш мумкин.

Нью-Йоркдаги Икан тиббиёт мактаби вирусологи Флориан Краммернинг фикрича, ҳозирча бир хулосага келишнинг энг яхши йўли: коронавирусни бир марта юқтирган, антитаначаларга эга ва эга эмас одамларни кузатиш ҳамда уларнинг қайта инфекция юқтириш ёки юқтирмасликларини солиштиришдан иборат бўлмоқда.

Бироқ бу – вақт талаб қиладиган жараён.

Мавзуга оид