19:30 / 27.07.2020
18680

«Гендер адолати – Ғарбда пайдо бўлишидан анча аввал Ислом билан вужудга келган тушунча». Гендер мутахассиси билан суҳбат

Яқин кунларда ижтимоий тармоқларда гендер тенглиги, феминизм, аёллар ва эркакларнинг жамиятдаги роли ҳақида баҳс-мунозаралар фаол кузатила бошланди.

Kun.uz мухбири гендер масалалари, унинг менталитет ва диний қарашлар билан боғлиқлиги, гендер адолатининг жамият учун аҳамияти хусусида гендер масалалари бўйича мутахассис, ҳуқуқшунос Малика Инакова билан суҳбатлашди.

«Шахслар ижтимоий мавқеи, жинси ва бошқа ижтимоий кўрсаткичларидан қатъи назар инсон ҳуқуқларидан бир хилда фойдалана олишса, гендер тенглиги юзага келади. Битта ҳуқуқ ҳам эркакда, ҳам аёлда бўлса-ю, эркак бу ҳуқуқдан фойдаланса, аммо аёл аёл бўлгани учун ҳам фойдалана олмаса, мана шу нуқтада гендер мувозанати бузилади. Бундай бузилишларнинг бўлиши эса жамиятда эркаклар устунроқ, аёллар қуйироқда деган тушунчани пайдо қилиши мумкин. Аслида эса ҳуқуқлар баравар, лекин шу ҳуқуқдан фойдаланиш имконияти турли тўсиқлар билан камайтирилади.

Гендер тенглиги бўйича муаммолар илгари ҳам етарлича мавжуд бўлган. Аммо улар ҳақида гапирилмаган, муаммолар табиий ҳол деб қабул қилинган бўлиши мумкин. Лекин бошқа манбалар ўқилса, Қуръон ва ҳадислар билан танишса, аслида бошқача бўлиши, муаммоларсиз яшаш мумкинлигини тушуниш мумкин. Ўзбек менталитетида ҳам, динимизда ҳам аёлни хўрлаш йўқ», – дейди Малика Инакова.

Гендер тенглиги ва феминизм ўртасидаги чегара қаерда?

— Гендер тенглиги Ўзбекистон учун янги тушунча эмас. У бизда аллақачон бошланган. Ислом динида аёлни хўрламаслик, қизларини тирик кўммаслик, қизларни тарбиялаганларнинг жаннатга тушиши, жаннат оналар оёғи остига экани уқтирилган. Ғарб эса бу тушунчаларга анча кейин келган.

Исломда аёлларнинг меросхўр бўла олиш, гувоҳлик бериш, ўз розилиги билангина ким биландир никоҳ қуриши каби ҳуқуқлари Ғарб жамиятидан аввалроқ тасдиқлаб бўлинган эди.

Гендер тенглиги шахсларнинг жинсидан қатъи назар тенг бўлиши кераклигини илгари сурса, феминизм фақатгина аёллар ҳуқуқларига урғу беради.

«Инсон ҳуқуқлари тўғрисида»ги умумжаҳон декларацияси 1948 йилда қабул қилинган. Лекин 50-йилларда ҳам, 60-йилларда ҳам, ҳатто 70-йилларда ҳам кўп ғарб давлатларида аёлларнинг сиёсий ҳуқуқлари эркакларники билан бир хил бўлмаган, улар кўп нарсада тўсқинликка учрашган, камситилган. Ҳатто аёл Одам Атонинг жаннатдан ҳайдалишига сабаб бўлган кимса, у инсоният олдида айбдор, деган қарашлар бўлган.

«Гендер тенглигини энг биринчи бузадиганлар – оналар»

Гендер тенглигини биринчи навбатда оналар бузишади. Чунки қизларга ҳам, ўғил болаларга ҳам, жамиятга ҳам оналар тарбия берди. Баъзида оналарнинг ўзлари қизларнинг ҳуқуқларини бузаётганига гувоҳ бўламиз – ўқишга киритиб, контракт пулингни тўлагунча, шу пулга сарпонгни қилиб берамиз, дейишади. Шу гапларимиз билан қизлар ва йигитларнинг имкониятлари орасидаги тенгликка дахл қиламиз.

Одамларнинг бундай ҳаракатлари натижасида нотенглик одатга айланиб боради, оқибатда давлатнинг ўзи ҳам бунга эътибор бермай қўйиши, жамият нотенглик муҳитига кўна бошлаши мумкин.

«Гендер адолати фақат аёллар эмас, эркаклар учун ҳам керак»

— Давлат ўз сиёсатини гендер ёндашуви бўйича ташкил қилиши керак – эркакларнинг ҳам, аёлларнинг ҳам ўзига хосликларини инобатга олган ҳолда уларга ўз ҳуқуқларидан бир хилда фойдалана олишини кафолатлаши лозим.

Гендер адолати фақатгина аёллар эмас, эркаклар учун ҳам керак. Гендер нотенглиги фақатгина эркаклар ва аёллар ўртасида эмас, ўзаро аёллар орасида ёки ўзаро эркаклар орасида ҳам кузатилиши мумкин. Қайноналар ва келинлар, қизлар ва оналар, ишлаётган аёллар ва ишламаётган аёллар орасида ҳам нотенгликлар бор. Шу жумладан, эркаклар орасида ҳам бу нотенглик намоён бўлади – оталар ва ўғиллар, ишлаётган эркаклар ва ишламаётган эркаклар, юқори мансабдаги эркаклар ва камроқ маош олиб кун кўраётганлар, кучлилар ва кучсизлар...

Гендер нотенглигини болаларга нисбатан муомалада ҳам кўриш мумкин. Оналар ўғил болаларни калтаклашлари ҳоллари бор. Бу ўғиллар кейинчалик катта бўлганда худди шу ҳаракатларни ўзи ҳам такрорламаслигига ким кафолат беради? Жамиятда ноҳақлик фақат қизларга нисбатан амалга оширилмайди.

Саодат Абдураҳмонова суҳбатлашди.
Тасвирчи – Муҳаммаджон Ғаниев.

Top