Жамият | 16:02 / 09.09.2023
26634
4 дақиқада ўқилади

Кўпхотинлилик тарғиботи учун жавобгарлик: қонунчиликда янги ўзгартиришларга нима сабаб бўлди? 

Қонун лойиҳаси билан икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилганлик, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан очиқ инкор этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Бунга қонуний никоҳи бўлмаган оилаларда туғилган фарзандлар сони ортаётгани сабаб бўлгани айтилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида депутатларимиз ушбу қонун лойиҳасини тасдиқлашди. Қонун лойиҳаси билан икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилганлик, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан очиқ инкор этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Бу масала кенг муҳокама қилинди. Биз қонунга нормаларнинг киритилишига нима сабаб бўлаётгани ва унинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шаҳноза Холмаҳматова билан суҳбатлашдик.

“Сўнгги вақтларда республикамизда қонуний никоҳи бўлмаган, фақатгина диний расм-русумлар орқали тузилган никоҳлар сони ортиб бормоқда. Бунинг ортидан эса ўз ўзидан кўпхотинлилик ҳолати ошиб боряпти. Ачинарлиси, мана шундай қонуний никоҳи бўлмаган оилаларда туғилган фарзандлар сони ортяпти. Бу эса ижтимоий муаммолар вужудга келишига сабаб бўляпти.

Фуқароларимиз диний расм-русумлар орқали никоҳ тузилганда қонунга мурожаат қилишмайди, аммо бу никоҳ муваффақиятсиз бўлса, алимент ундириш, оталикни белгилаш, мерос масалаларида эса бевосита қонунга мурожаат қилишга мажбур бўлишяпти. Бу вазиятда улар ўзларининг қонунда белгиланган мажбуриятларини бажармаганликлари учун қонун ҳам уларнинг манфаатларини ҳимоя қила олмаяпти.

Депутатнинг айтишича, бу ҳолатда диний расм-русумлар орқали турмуш қурган аёллар ва уларнинг оиласида дунёга келган фарзандларининг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлишига олиб келяпти. Натижада жамиятда ҳуқуқлари таъминланмаган, кўнгли ўксик болалар пайдо бўляпти.

Ўзбекистонда 2020 йилда 16000дан ортиқ чақалоқлар ёлғиз она аризаси билан қайд этилган бўлса, 2021 йилда бу рақам 19000дан ортиқни ташкил этган.

“Рақамларнинг ошишига кўпхотинлиликни тарғиб қилишнинг ҳам таъсири катта. Бу қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Индонезия, Туркия, Ҳиндистон каби давлатлар тажрибасида бу ўрганилди.

Биз ҳаммамиз ижтимоий тармоқлардан фойдаланамиз. Янгиликлар тасмасидаги ҳар ўнта хабардан биттаси кўпхотинлиликни тарғиб қилади. Қонунга киритилаётган нормада кўпхотинлиликни тарғиб қилиш ва рағбатлантириш ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Бунда омма олдида рағбатлантириш назарда тутилган. Яъни кўпхотинлиликнинг афзалликларини айтиш, тарғиб қилиш, шунга жалб қилиш рағбатлантиришга киради.

Бундан ташқари хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини инкор этиш  – бу жинс бўйича камситишни тарғиб қилиш ҳам жавобгарликка сабаб бўлади. Бунинг учун ҳуқуқий асослар бўлиши керак. Бу ҳолат суд тартибида кўрилади, агар етарлича асослар бўлса маъмурий жавобгарликка олиб боради. Масалан, кимдир чиқиб аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқли эмаслиги, аёллар фақат уйда ўтириши кераклиги ҳақида гапирса, натижада бундан руҳланган эркак оиласида аёлни камситиб, ҳуқуқларини чеклаши мумкин. Мана шундай ҳолатларда маъмурий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади”.

Эслатиб ўтамиз, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.

Мавзуга оид