Ўзбекистон | 16:57 / 11.10.2022
14026
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда банкоматлардан нақд пул олиш комиссиясиз бўлиши ҳақида миш-мишлар тарқалди – хабар рад этилди

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда банкоматлардан нақд пул ечиш фоизсиз бўлиши ҳақида хабарлар тарқалди. Kun.uz сўровига биноан Марказий банк «бундай муҳокамалар бўлмагани»ни маълум қилди. Аниқ бўлишича, бу хабар  молия вазирлигидаги йиғилишда банкоматлар масаласи кўтарилгач тарқалган. Иқтисодчилар бу қарор халққа аксинча зарар бўлишини айтиб чиқишди. 

Фото: KUN.UZ

11 октябр куни тармоқларда Ўзбекистонда банкоматлардан нақд пул ечиш комиссияси 0 фоиз бўлиши ҳақида хабарлар тарқала бошлади.

Бир неча йилдан бери аксар ўзбекистонликлар, нега ўз пулимизни олишимиз учун комиссия тўлашимиз керак, деган саволни қўйиб келаётгани сабабли бу хабар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди ва муҳокамалар бошланди.

Kun.uz вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Марказий банк матбуот хизмати билан боғланди. Маълум бўлишича, бундай муҳокамалар ҳатто бўлмаган ҳам.

Иқтисодчи Шуҳрат Қурбонов миш-мишлар 11 октябр куни молия вазирлигида бўлиб ўтган йиғилишдан кейин тарқалганини, бироқ муҳокамалар комиссиялар доирасида эмас, балки банкоматларни ривожлантириш ва инфратузилмани кенгайтириш зарурати доирасида бўлганини ёзди.

«Асосий вазифа комиссияларни «нол» қилиш эмас, балки хизматлар ҳажмини оширишдир.

Комиссия тўловларига келсак, шуни эслатиб ўтмоқчиманки, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунга кўра, тарифлар банкларнинг ўзлари томонидан белгиланади»,– деб ёзди иқтисодчи.

 «Нол»лаштирилган комиссия халқнинг зарарига ишлайди

Миш-мишлар баҳонасида аксар ўзбекистонликлар учун муҳокамали мавзуга айланган «ноллаштирилган» комиссия мавзуси яна кўтарилди. Иқтисодчилар нима сабабдан банклар комиссиясиз хизмат кўрсатиши халққа зарар бўлиши ҳақида ёзишди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров банкоматлар комиссияси нол бўлган пайтдаги Ўзбекистондаги аҳволни эслатди.

«В билан бошланадиган имтиёзли конвертация ҳуқуқига эга контора фирма бўларди. 50 евролик терминални 500 еврога, 50 центлик картани 5 еврога сотарди. Ҳамма шу конторадан олишга мажбур эди. Жамланган пуллар ва маржа табиийки четга ҳайдаларди (Латвиядаги бутун бошли ўзбек маҳаллалари, Лондон, Париж ва Дубайдаги квартиралар, қасрлар ҳаводан пайдо бўлмаган). Табиийки, ўн карра қимматлаштирилган бутун харажат кейин бошқа хизматлар устига сочиб юбориларди. Банкоматда нақд пул ечиш бепул, лекин банкоматга ҳеч бир банк пул қўймасди, банкоматдан ҳеч ким пул ечмасди. Кимга нақд пул керак бўлса, қанча фоизга, қаердан ечиб олишни яхши биларди», – деб ёзди у.

Davletov.uz канали муаллифи Қобил Хидиров молия вазирлигига таяниб хабар қилишича, давлат банклари акциядори бўлган тижорат банклари карталаридан банкоматларда нақдлаштириш комиссияси бекор қилиниши ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Вазирлик мутахассисларининг фикрича, комиссия бекор қилинса, банклар банкоматлар тармоғини ривожлантиришдан манфаатдор бўлмай қолади. Айниқса, олис ҳудудларда банкоматлар шундоқ ҳам зарарга ишлайди, сабаби сарф-харажати кўп.

Тармоқларда ўтказилган сўровномалардан бирида 4 мингдан зиёд киши иштирок этган ва уларнинг 63 фоизи банкоматларнинг 1%лик комиссия тўлови бекор қилинишини ижобий баҳолаган.

Twitter’да ушбу мазмундаги хабарлар изоҳида бу ёмон хабар эканлиги, банклар харажатларини қоплай олмаслиги, натижада бир-икки ойдан кейин банкоматларда пул бўлмаслиги ҳақида фикр билдирган фойдаланувчилар ҳам бор.

Мавзуга оид