«Менга энг катта баҳони халқимиз берди» — 9 ўқувчиси олимпиадада ғолиб чиққан фарғоналик муаллим
Фарғоналик ўқитувчининг 9 ўқувчиси олимпиадада ғолиб бўлгани ижтимоий тармоқларда довруғ қозонди. Устоз Одинахон Йўлдошева бутун Ўзбекистонга танилди.
Устозни сўроқлаб, уларнинг иш жараёнлари билан танишиш мақсадида Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 65-ИДУМИга ташриф буюрдик. У мактабда информатика ва ахборот технологиялари фанидан ўқувчиларга сабоқ бериб келади. 27 йиллик педагоглик фаолиятига эга тажрибали устоз, халқ таълими аълочиси. Ўқувчилари ҳар йили вилоят ва республика фан олимиадалари, билимлар беллашувларида доимо ғолиблар қаторида бўлади.
«Ютуқларни қўлга киритишда ўқувчиларимнинг меҳнати ҳам бор. Ўқитувчи йўналиш беради, йўлга солади. Ўқувчиларнинг ўзи ҳаракат қилади. 2004-2007 йилларда ўқувчиларим билан республика фан олимпиадаларида қатнашганмиз. 2011 йилда «Билимлар беллашуви»да республикада иккинчи ўринни олганмиз. Ўзим худди шу йили «Йил ўқитувчиси» танловида республикада иккинчи ўринни қўлга киритганман. Ижтимоий тармоқларда бунчалик машҳур бўлиб кетишимни кутмаган эдим. Халқимиз илмга, илм берувчи устозга бунчалар эътибор беришини кўриб фахрланиб кетдим касбимдан. АКТ соҳасида ўқувчиларга сабоқ бераётганимдан фахрланаман. Ушбу касб ҳозирда дунё бўйича биринчи рақамли касблардан ҳисобланади. Оддий Филиппиндек давлат ҳам бу фанни ривожлантириб ҳозирда дунёда бу соҳада ўз ўрнига эга бўлмоқда. АКТ бизнинг давлатимизнинг келажакда ишсизлигини йўқотишга қодир фан деб ҳисоблайман», — дейди устоз биз билан суҳбатда.
Мактаб жамоасининг таъкидлашича, АКТ соҳасида устознинг ижтимоий тармоқларда машҳур бўлган олимпиадачи ўқувчиларидан бошқа ўқувчилари ҳам катта ютуқларга эришмоқда. Кўплаб ўқувчилар «Миллион дастурчи» лойиҳасида қатнашиб, курсларни тугатмоқда. Халқ таълими вазирлигининг Cоурсера онлайн ўқув платформасида курсларни битиришган. Ушбу курсларни аъло баҳоларга ўқиган ўқувчилардан бири Шоҳрух Рустамов вазирликдан совғага ноутбук қўлга киритди.
«Ўқувчиларимиз дарслари тугаган заҳоти хонамга югуради, бизда мактаб интернат ётоқли бўлиб, ўқувчиларга ҳаттоки тарбиячи ўқитувчилар назоратида кечқурунлари ҳам компютерларимизни ёқиб вазифалар бажаришади. Компютер хонамиз тун-у кун тинмайди», — дея ўз ўқувчиларини олқишлайди устоз Йўлдошева.
Шунинг самараси бўлса керак, ўқитувчининг мактабда таҳсил оладиган 9-10-11-синфлардан олиб чиққан 9 нафар ўқувчисининг барчаси вилоят фан олимпиадасида мутлақ ғолибликни қўлга киритиб, республика босқичига йўлланма олди.
Репортажни тайёрлаш жараёнида Одинахон опа билан собиқ ўқувчилари ҳақида ҳам суҳбатлашдик. Ўқувчиларнинг кўплари дастурлаш бўйича мактабда ўқиб юрган пайтиданоқ пул топаркан. ИДУМИнинг 90 фоиз битирувчилари Олий ўқув юртларига киришини фахр билан айтди. Дастурлашга қизиққан ўқувчиларини инглиз тили ва математика фанларига алоҳида эътибор беришини таъкидлади, тўққизта ғолиб ўқувчилари орасидагилар инглиз тилидан IELTS халқаро сертификатларига эга экан.
Устозга ҳавас қилдик. Афсуски, шундай фидойи устоз давлат мукофотига лойиқ кўрилмагани бизни таажжублантирди. «Менга энг катта баҳони халқимиз берди. Шунинг ўзи мен учун юксак мукофот», — дейди устоз бироз хижолат ва камтарлик билан.
Қаҳрамонимизнинг таълимдаги муаммолар ҳақида таклифлари билан қизиқдик. Гарчи улар микрофонга бу хақида гапиришга тортинган бўлсалар-да, энг аввало таълимда коррупцияни йўқотиш кераклигини билдирди.
«Таълимдаги коррупция миллатни таназзулга тортади. Олимпиадалар шаффофлигини таъминлаш керак, бу йил бу борада катта қадам босилди. Ўқитувчиларимиз ўз устида ишлашлари шарт, ўқувчидан албатта билимли бўлиши шарт. Ота-оналар билан ўқитувчи бирлигини мустаҳкамлашимиз керак», — дейди у.
Айни кунларда Одинахон Йўлдошева ўқувчилари билан республика фан олимпиадасига тайёргарлик олиб бормоқда. Рағбат ва эътибор ҳар бир соҳада керакли бўлган нарса. Чунки озгина эътибор ҳам меҳнати қадрланган инсоннинг ўз касбига бўлган меҳрини, ишчанлигини оширади.
Биз мақолани тайёрлаш жараёнида Ўзбекистон тумани ҳокимлигидан устоз Одинахон Йўлдошева ҳамда уларнинг ўқувчиларини эришган муваффақиятларига қаратилган эътибор бўйича муносабат сўрадик.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Дилшодбек Жабборовнинг билдиришича, ўқитувчининг муваффақиятларидан сўнг, туман ҳокими уларнинг ҳаммалари билан алоҳида суҳбатлашиб, ютуқларини алоҳида эътироф этиб табриклаган. Ўқувчилар фан олимпиадасининг республика босқичида ҳам ғолибликни қўлга киритишса — ҳар бир ўқувчи учун шахсий компютер, уларни тайёрлаган устозларига эса энг ками 2 млн. сўмдан мукофот пулларини ўтказиб беришни ваъда қилган.
Одинахон Йўлдошева ҳамда республика фан олимпиадасига тайёргарлик кўраётган ўқувчиларига омад тилаб қоламиз.
Файзулло Султонов, Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
13:52 / 05.01.2025
Фарғонада боланинг ҳаётини хавф остида қолдирган энага устидан жиноят иши қўзғатилди
17:30 / 28.12.2024
“Бир ўлимдан қолган қизалоқ”: Фарғонада энагага топширилган бола ўласи қилиб калтакланди
16:56 / 22.12.2024
Фарғонада портлаш содир бўлган заправка бузилмоқда — видео
22:57 / 21.12.2024