Ўзбекистон | 18:33 / 30.04.2021
10604
3 дақиқада ўқилади

Президент ҳудудлар раҳбарларини маҳаллий саноат салоҳиятидан фойдаланиш ҳақида ўйламаётгани учун танқид қилди

Сўнгги 3 йилда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш 1,5 бараварга ошди, лекин бу ҳали ички эҳтиёжни қопламаяпти. 2020 йилда металл ва ёғочдан ташқари 1 миллиард долларлик қурилиш материаллари импорт қилинган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича видеоселекторда маълум қилди.

Президент йиғилишда ҳудудлар раҳбарларини маҳаллий саноат салоҳиятидан фойдаланмаётгани учун танқид қилди.

«Ички талабни ўрганиш, импортни таҳлил қилиш ҳар бир раҳбарнинг вазифаси. Бу авваламбор қурилиш материаллари, мебел, уй-жой ва маиший хўжалик моллари, тўқимачилик, ипакчилик, фармацевтика, электротехника, чарм-пойабзал, заргарлик, чинни буюмлари, озиқ-овқат ва мева-сабзавотни қайта ишлаш каби саноат тармоқларига тегишли.

Мисол учун, сўнгги 3 йилда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 бараварга ошди. Лекин, бу ҳали ички эҳтиёжни тўлиқ қоплаётгани йўқ.

Цементга бўлган эҳтиёж – 86 фоиз, қурилиш ойнаси – 69 фоиз, керамик буюмлар – 40 фоиз, гулқоғоз – 30 фоиз, лак-бўёқ – 65 фоизга таъминланмоқда.

Умуман, ўтган йили қарийб 1 миллиард долларлик (металл ва ёғочдан ташқари) қурилиш материаллари импорт қилинган.

Лекин, бугунги кунгача бирорта туман, шаҳар ёки вилоят раҳбари маҳаллий саноат салоҳияти ва ундан фойдаланишни чуқур ва пухта ўйлаб кўргани йўқ.

Ҳудудга нима четдан олиб келиняпти, нимани ўзида ишлаб чиқариш мумкин, бунинг учун нима қилиш керак, деган саволлар ҳокимларни ҳар куни қийнаши керак. Маҳаллий саноатни ҳақиқатда ривожлантириш учун, ҳар бир ҳудудда ишлаб чиқаришни камида 3-4 бараварга ошириш зарур.

Шу боис, маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича мутлақо янги «вертикал» тизим жорий этилади», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Йиғилишда республикадаги мавжуд пардозбоп тошлар захирасининг 30 фоизидан ҳам фойдаланилмаётгани танқид қилинди.

«Ҳар бир вилоят, туман ҳокимининг мавжуд захираларни ишга солиш бўйича аниқ режалари бўлиши керак. Ғозғондаги қурилиш материаллари кластери тажрибаси барча ҳудудда жорий этилса, албатта маҳаллий саноат кескин ривожланади.

Мисол учун, бугунги кунда республикадаги мавжуд пардозбоп тошлар захирасининг 30 фоизидан ҳам фойдаланилмаяпти. Бу кўрсаткич Бухорода – 11 фоиз, Қашқадарёда – 13 фоиз, Тошкент вилоятида – 15 фоиз. Жумладан, Бойсун туманида 7 турдаги фойдали қазилмаларни (оҳактош, базальт, доломит, кварц қуми, пардозбоп тошлар) қайта ишлашни йўлга қўйиш мумкин.

Ёки, Пешку туманида 24 миллион кубметр табиий қоплама тошлар, 1,3 миллион тонна графит, 450 минг тонна минерал бўёқлар учун хом ашё захираларини ишга солиш режалаштирилган», деди давлат раҳбари.

Мавзуга оид