01:40 / 10.04.2019
47918

«Ўзбекистон ҳаво йўллари»га Airbus’нинг 102 миллион долларлик самолёти келтирилди (фото)

Кеча, 9 апрелъ куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг Airbus A320neo (New Engine Option – янги талқиндаги двигателли) русумдаги иккинчи самолёти келтирилди. 

Шу муносабат билан Миллий авиакомпания томонидан ОАВ ходимлари учун ҳаво лайнери билан танишув тадбири ташкил қилинди. Тадбирда иштирок этган Kun.uz мухбири бу ҳақда хабар берди.

МАК ихтиёридаги ушбу аэробус замонимизнинг энг янги ва иқтисодий жиҳатдан самарали авиалайнерларидан бири ҳисобланади. Хусусан, Airbus A320neo ёқилғини тежовчи CFM International LEAP-1A двигатели ва аэродинамик хусусиятларни янада яхшилаш имконини берувчи фюзеляж конструкциясидаги замонавий ишланмалар билан таъминланган. 

Шунингдек, мазкур ҳаво лайнери интернет тармоғига уланиш ускуналари билан жиҳозланганлиги туфайли аввалгиларидан фарқланади. Авиакомпания тўртта интернет уланиш пакетини тақдим этади: LITE (20 Мб) – тезкор мессенжерларни ишлатиш учун, MEDIUM (50 Мб) – ижтимоий тармоқларда мулоқот қилиш ва янгиликлар сайтларига кириш учун, STREAM (120 Мб) – онлайн иш ёки интернетга чиқиш учун қулай интернет, BUSINNESS (220 Мб) – мазкур хизматнинг имкониятларини максимал ошириш учун.

Янги самолёт икки классли компоновкада ишланган бўлиб, 150 йўловчи (бизнесда 12та ўрин ва эконом классда 138та ўрин) ташишга мўлжалланган.

Airbus A320neo салонининг замонавий дизайни парвоз давомида йўловчилар учун катта қулайлик яратади. Хусусан, ўриндиқларда ҳар бир йўловчи учун кўнгилочар монитор ўрнатилган. Мукаммаллаштирилган кондиционер тизими эса самолёт саҳнида ҳаво софлигини сақлаш ва тўғри тақсимланишини таъминлайди. Учоқнинг тахминий нархи 102 миллион АҚШ доллар экани айтилмоқда.

 

Ҳаво лайнери ўрта масофаларга парвоз учун мўлжалланган (парвоз масофаси 5 минг километрни ўз ичига олади), дея Миллий авиакомпания мутахассисининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ, ушбу ҳаво лайнерининг имкониятлари борасида батафсил маълумот берилган эди.

Top