Ўзбекистон | 14:38 / 13.04.2023
13506
3 дақиқада ўқилади

«Маданият ва маърифат» телеканали номи ўзгармайдиган бўлди

Телеканалдаги илмий-маърифий, адабий-бадиий лойиҳалар ҳам сақлаб қолинади ва ривожлантирилади.

«Маданият ва маърифат» телеканали номини «Карвон»га ўзгартириш бўйича қарор лойиҳаси жамоатчилик танқидига учраши ортидан, телеканал номида ўзгариш қилмаслик, телеканалдаги мавжуд лойиҳаларни сақлаб қолиш бўйича қарорга келинган. Бу ҳақда маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков маълум қилди.

У «Маданият ва маърифат» телеканали Маданият ва туризм вазирлиги таркибига қўшиб берилиши юзасидан билдирилаётган фикр-мулоҳаза ҳамда таклифларни ўрганиб чиққанини айтган.

«Ҳафта давомида трендга чиққан "Маданият ва маърифат" телеканали атрофидаги фикр-мулоҳазалар миллатимиз зиёлилари, телеижодкорлар юрагида йиғилиб қолган дардларни ҳам ошкор қилди», деган вазир.

Шу муносабат билан у ўзи учун қуйидаги масалаларни алоҳида белгилаб олганини билдирди:

  • телеканал номини ўзгартирмаслик;
  • илмий-маърифий, адабий-бадиий лойиҳаларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш;
  • моддий-техник база масаласига ечим топиш;
  • меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш масаласини ҳал қилиш;
  • бадиий ва ҳужжатли фильмлар, умуман, барча жанрдаги медиамаҳсулотни эфирга узатишда лицензия билан боғлиқ масалалар.

Бу ва бошқа ёндош масалалар босқичма-босқич ҳал этилиши лозимлиги, бу жараёнларда эса бутун жамоа бирлашиши, баҳс-мунозара майдонида кўрсатган қатъиятини иш майдонида ҳам намоён этиши зарурлиги таъкидланган. 

Бундан олдинроқ МТРК таркибида президентнинг 2012 йилдаги қарори билан ташкил этилган ва 2013 йил январдан фаолиятини бошлаган «Маданият ва маърифат» телеканали «Карвон» номи билан қайта ташкил этилиши кутилаётгани, бу ўзгариш жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлаётгани хабар қилинганди.

Хусусан, санъатшунос Иқбол Қўшшаева Kun.uz’га берган интервюсида қонун лойиҳасида телеканалнинг асосий ўзаги бўлган адабиёт ва илм-фан чиқариб ташланганига эътибор қаратиб, президент китоб тарғиботи, китобхонлик ҳақида гапириб турган вақтда адабиёт минбари йўқотилаётганини қайд этганди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид