Темур Кападзе нега Сервер Жепаров ва Азиз Ҳайдаровни терма жамоага чақирмагани сабабини айтди

Фото: МОҚ
Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи вазифасини бажараётган Темур Кападзе яқинда эълон қилган 30 кишилик кенгайтирилган таркиби бўйича ўз фикрларини билдириб ўтди.
— Сиз эълон қилган таркибда Сервер Жепаровни кўрмадик. Бу унинг терма жамоадаги футболчилик фаолиятини якунлаганидан далолатми ёки бошқа сабаблар ҳам борми?
— Бу энг аввало келажак учун қилинаётган иш. Чунки, ёшларимиз сафида ҳам кучли футболчилар бор. Олдимиздаги илк вазифа таркибни ёшартириб, уларни тайёрлаб бориш. Осиё ўйинлари, қитъа чемпионати, Токио-2020 Олимпия ўйинлари ва албатта жаҳон чемпионати турибди. Келишилган ҳолда таркибга Сервер Жепаровни ҳам, Азиз Ҳайдаровни ҳам чақирмадик. Таркиб ёшартирилаётгани сабаб ушбу йиғинга уларни бекорга овора қилиб чақириб ўтиришни истамадим. Қолаверса футболда авлодлар алмашинуви табиий ҳолат. Барча профессионал футболчилар буни тушунишлари, тўғри қабул қилишлари лозим.
— Бу борада Сервернинг ўзи қандай муносабат билдирди?
— Унга барчасини тушунтирдим. У ҳам қарорни тўғри қабул қилди. Жепаров 35 ёшда. Балки, чет эллик мураббий келиб уни яна миллий терма жамоага чақирар. Уни нималарга қодир эканлигини барчамиз билишимизни, ҳозир тўп сураётган клубидан безовта қилмоқчи эмаслигимизни тушунтирдим. Унинг қандай ёрдами тегиши мумкинлигини барчамиз биламиз. Шунчаки, ҳозир ёшларнинг имкониятларини синовдан ўтказмоқчимиз. Шунингдек, Азизнинг ҳам имкониятини ҳамма билади. Унга ҳам барчасини тушунтирдим. Улар тўғри қабул қилишди. Чунки, бундан буёғига хоҳлаймизми-йўқми миллий терма жамоамиз асосини ёшларимиз ташкил қилади. Уларни ҳозирдан тайёрлаб борсак тўғри бўлади, дея гапириб ўтди Кападзе Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизматига берган интервьюсида.
Мавзуга оид

14:32 / 29.03.2025
“Менинг вазифам футболчиларнинг ишини осонлаштириш” – Темур Кападзе

15:16 / 25.03.2025
ЖЧ-2026 саралаши: Эронга қарши ўйин олдидан

17:29 / 22.03.2025
Яна учта муҳим ўйин. Ўзбекистонга мундиалга чиқиш учун қандай натижалар керак?

11:42 / 21.03.2025