Ўзбекистон | 09:43 / 21.12.2018
10762
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ёғоч-қириндили плиталар ишлаб чиқариш ривожлантирилади

Фото: Авито

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ёғоч-қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Қайд этилишича, замонавий технологияларни жорий этиш орқали ёғоч-қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқариш қувватларини оширишга, юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммолар учрамоқда.

Ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланиладиган кимёвий хом-ашёлар нархининг ошиб кетаётганлиги ҳамда хорижий давлатлардан келтирилаётган ёғоч-қириндили плиталар импорти улушининг юқорилиги маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг рақобатбардошлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Жумладан, қамиш ва ғўзапояни ёғоч-қириндили плиталарни ишлаб чиқарувчиларга етказиб бериш тизимли йўлга қўйилмаган, улардан хом-ашё сифатида фойдаланиш талаб даражасида эмас, натижада ички бозордаги ёғоч-қириндили плиталарга бўлган эҳтиёж маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тўлиқ қопланмаяпти.

Шунингдек, қурилиш материаллари ва мебель ишлаб чиқаришда фойдаланилиши мумкин бўлган қайта тикланадиган ва тез ўсувчи маҳаллий ўсимликлар хом-ашёсидан кенг равишда фойдаланишга етарлича эътибор қаратилмаган.

Республикада ёғоч-қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, соҳага илғор технологиялар ва инновацион ишланмаларни жорий этиш, маҳаллий хом-ашёдан кенг фойдаланган ҳолда чуқур қайта ишлашни ташкил этиш мақсадида:

1. Республикада ёғоч-қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқарувчи корхоналарни кичик саноат зоналарида ташкил қилиниши тавсия этиладиган қамиш хом ашёси мавжуд бўлган ҳудудлар рўйхати ҳақида маълумот берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда ҳудудларда мавжуд табиий қамишзорлар, улардан фойдаланиш даражаси ва қамишларнинг ўриб олиниши натижасида атроф-табиий муҳитга, ҳайвонот оламига, кўчиб юрувчи қушларга зарар етказмайдиган тарздаги саноат усулида фойдаланиш мумкин бўлган қамишзорлар майдонларининг ҳудудлар кесимидаги реестрини шакллантиради.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳудудларда қамиш хом ашёси мавжуд бўлган жойларни, Ўрмон фонди ерларидан ташқари ёғоч-қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга, фаолият кўрсатиш даври давомида доимий фойдаланишга ажратиб берилишини ва қамиш хом ашёсини ўриб олишга рухсат этилишини ўрнатилган тартибда таъминлайди.

“Ўзкимёсаноат” АЖнинг ёғоч-қириндили плиталар ва унинг муқобил турларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга елим учун ишлатиладиган “формалин” ва “карбамид” хом-ашёсини ўрнатилган тартибда сотилиши ва ишлаб чиқарилишини таъминлаши ҳақидаги таклифи маъқулланиши мумкин.

Ёғоч-қириндили плиталар ва унинг муқобил турларини қамиш, ғўзапоя ва бошқа маҳаллий хом ашёдан ишлаб чиқариш асосий мақсадли кўрсаткичлари маъқулланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари балл бонитети паст бўлган ерларни тадбиркорлик субъектларига маҳаллий иқлим шароитидан келиб чиқиб, ўрнатилган тартибда терак, павловния ва бошқа турдаги тез ўсувчи ёғочбоп дарахтларни плантация усулида етиштириш учун ер ажратилишини таъминлайдилар.

“Ўзқурилишматериаллари” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат божхона қўмитасининг 2019 йил 1 апрелдан бошлаб ёғоч-қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турларини республика ҳудудига олиб кирилганда, божхона тўловларидан озод этиладиган ёғоч-тахта материаллари рўйхатидан чиқариб ташлаш бўйича таклифларига розилик берилади.

“Ўзқурилишматериаллари” АЖ манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.

Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юкланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид