12:00 / 25.06.2020
102216

Ортга қайтамизми? Деҳқон хўжаликларининг ерга умрбод эгалик ҳуқуқи бекор қилиниши мумкин

Бозор иқтисодиёти шароитида хусусий мулк — ривожланишнинг асосий омил ва устунларидан бири эканлиги исбот талаб этмайдиган аксиома ҳисобланади. Чунки бозор шароитида айнан мулкнинг эгаси мавжуд бўлсагина у самарали мулкка айланади ва айнан тайинли эгаси бор, таъбир жоиз бўлса, «меҳрибони бор» мулк асраб-авайланади, давомли истифода этиш мақсадида унга ғамхўрлик қилинади, ҳар бир бўлаги қадрланади.

Фото: KUN.UZ

Энди инсон ҳақида.

Тасарруфида мулки бўлган инсон ўзини мулкдор деб ҳис этади. Бу эса ўзгача, шарафли мақом. Айнан шундай – шарафга эга кишилар жамияти етук жамият бўлади ва улкан ишларга қодир бўлади.

Мавзуга ўтамиз.

Куни-кеча Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Мазкур қонун лойиҳасининг 3-моддасида «ушбу Қонун кучга кирган кундан бошлаб деҳқон хўжалиги учун ер участкаларини мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан ажратиш тартиби бекор қилиниши» айтилади.

Ана холос! Биз бозор муносабатларини ҳар бир жабҳада ривожлантириб, бунинг асоси бўлмиш мулкчилик (эгалик) институтларини қарор топтириш йўлидан бормаётганмидик? Нега энди қонунларга бундай ўзгартишлар киритиб, яна ортга қадам ташламоқчи бўляпмиз – соҳадаги эгаликнинг оз бўлса-да мавжуд кўринишларига ҳам путур етказмоқчимизми?

Ҳа, амалдаги қонунчилигимизга мувофиқ мамлакатимизда экин ерлар давлат мулки ҳисобланади – бу бизга совет иттифоқидан мерос. Нари борса, баъзи ерлар умрбод фойдаланишга берилган бўлиб, ўша «баъзи» ерлар – асосан деҳқон хўжаликларига берилган ерлар. Аммо, ҳаёт бир жойда тургани йўқ – биз ислоҳотлар йўлида одимлаяпмиз, ҳар бир нарсани ҳақиқий эгасига топширишга уриняпмиз.  

Гарчи бу – мамлакатимиз экин ерларининг атиги 11,3 фоизини ташкил қилувчи ерлар деҳқонларнинг хусусий мулки деб ҳисобланмаса-да, деҳқон тили билан айтганда «умрбодга» берилгани учун деҳқонлар ўзларини ер, яъни мулк эгаси, деб ҳис қилишади, айнан шу учун ҳам узоқ муддатли режалар қилишади, оилаларининг келажагини шу ер билан боғлашади

«Ўзларини мулк эгаси деб ҳис қилишади», дедик. Тил учун бу шунчаки икки оғиз гап. Аммо чуқурроқ қарайдиган бўлсак, бу сўзларда катта мазмун топамиз. Ўзини ер эгаси деб ҳис қилган киши қалбида келажакка ишонч, онгида эса узоқ муддатли режалари тузилган бўлади. Бу эса ўта муҳим – эртасига ишончи ва режалари бўлмаган одам юрти учун жон куйдирадими, лоақал атрофини йиғиштирадими? Йўқ! Амримаҳол бу!

Ўзи яшаб турган замини билан мулк орқали боғланмаган инсонда Ватан туйғуси ҳам, Ватанида бўлаётган жараёнларга нисбатан муносабат ҳам «ўзига яраша» бўлади.

Қишлоқ халқининг шаънига нисбатан баъзида ошкор, баъзида «қоғозга ўраб» салбий муносабат билдирилади. Эмишки, буларни мажбурламаса ишламайди, ерни зое қилади ва ҳоказо. Буни бироз мантиқан таржима қилсак, «буларни мажбурламасанг, бизни боқмайди» деган гап чиқиб келади... Муносабат нақадар абгорлигини ҳис қиляпсизми?   

Айнан мана шундай муносабат оддий деҳқонларга нисбатан ишончсизликни, менсимасликни – тепадан пастга қарашни келтириб чиқаради ва пировардида бу нарса... қарор-у қонунларга кўчади... Шуниси ачинарли. Ўта ачинарли.

Зеро, айнан шундай муносабат ўлароқ биз соҳа ривожига сунъий тўсиқлар қўйиб келяпмиз, бизни боқиб келаётган деҳқоннинг руҳини туширяпмиз. Минг афсус!

«Бу ҳали шунчаки лойиҳа, муҳокамага қўйилди холос», дерсиз балки? Аммо бу лойиҳа ишлаб чиқилганининг ўзи муносабат кўрсаткичи эмасми?

Яна бир чизги.

Norma’нинг ёзишича, мазкур қонун кучга киргандан кейин деҳқон хўжаликларига ерлар сабзавот, полиз ва бошқа маҳсулотлар етиштириш учун 5-15 йилга, боғ барпо этиш учун 30-50 йилга ижарага берилар экан. Хўш, аниқ муддатни ким белгилайди? Маҳаллий ҳокимликларми? Ҳокимликларнинг коррупцион аралашуви учун яна бир «туйнук» очиш кўзда тутилмаяптими? Шу соҳа қолувди ўзи коррупциянинг «қўли етмаган»...

Ерни 5–15 йилга ижарага олиб ишлатувчи оила учун ер – шунчаки вақтинча фойдаланиб, ташлаб кетиладиган ёки маҳаллий ҳокимият томонидан тилга олаётганимиз қонунга асосан олиб қўйиладиган матоҳ, уни асраб-авайлаш, ҳолатини яхшилаш учун стимул йўқ.

Боғ яратиш учун 30 йилга ерни ижарага олган деҳқон боғи бир кун келиб бирор «ҳоким буванинг» истаги ўлароқ бошқа кимгадир ўтиб кетишини билиб турса, қўли ишга борадими? Таъбир жоиз бўлса, бунда деҳқон ва ернинг ўртасида ришта ҳосил бўладими, иккиси ўртасида «никоҳ» – меҳр-муҳаббат қарор топадими?

Шуни айтиш лозимки, бу гаплар – жуда оддий мантиқий ҳақиқатлар, бозор иқтисодиёти тақозо қилган асос тамойиллар. Бу ҳақиқатларни ҳозирда дунё тан олиш нари турсин, ривожланган мамлакатларнинг ҳаёт мазмунига айланган улар. Шунинг учун улар – ривожланган мамлакатлар.

Бизда эса кимдир бу ҳақиқатларни ё тушуниб етмаяпти, ёхуд билиб туриб ислоҳотлар ғилдирагига чўп тиқяпти.        

Сўзимизга илова ўлароқ, деҳқон хўжаликлари ва томорқачиларнинг эл дастурхонини тўлдиришда ҳиссаларини яққол кўрсатувчи маълумотларни келтирамиз. Қайта таъкид этамиз — деҳқон хўжаликлари эгалик қилаётган ерлар мамлакат экин майдонларининг атиги 11,3 фоизини ташкил қилади (Қишлоқ хўжалиги ва экология статистика бошқармасининг 2019 йилги маълумот ва диаграммаларидан фойдаланилди).

Ким қанча қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирди?

Сабзавот етиштириш бўйича ким олдинда?

Ким кўпроқ мева етиштиради?

Гўштнинг 91,8 фоизини деҳқон хўжаликлари етиштирди.

Сут етиштириш бўйича ким олдинда?

Ким кўпроқ тухум етиштиради?

Халқни картошка билан ким кўпроқ таъминлайди?

Полиз маҳсулотларини қандай хўжаликлар кўпроқ етиштиради? 

Мамлакатда мавжуд жами қорамолнинг 93,4 фоизи шахсий томорқачилар ва деҳқон хўжаликлари қўлида.

Хўш, ерларимизнинг атиги 11,3 фоизидан фойдаланиб, соҳа бундай натижаларга қандай эришди? Бу савол ҳаммани қизиқтирса керак, бироқ саволга жавоб шундоқ юзада қалқиб турибди — деҳқон хўжаликлари давлат идоралари аралашувидан шу пайтгача холи бўлиб келди, деҳқон хўжаликлари ва томорқачилар нима экишни ўзлари ҳал қилиб келишди, эгниларига режа топширишмади ва энг асосийси — ер уларга вақтинча эмас, умрбод фойдаланишга берилган эди. Маҳсулот етиштиришга заррача алоқаси бўлмаган мансабдорлар ишларига деярли аралашолмади.

Аммо энди, афтидан, бу соҳа ҳам коррупциянинг «назарига тушди» – унинг ҳам фаолиятига маъмурий аралашув ўтказиб, бозор ва мулкчилик-эгалик тамойилларини бу соҳадан ҳам суғуриб олмоқчи.  

Жамоатчилик, мутахассислар бу лойиҳага ўз муносабатларини билдиришади, мазкур бозор иқтисодиётига мутлақо зид бўлган таклиф маъқулланмайди, деган умиддамиз.

Шокир Шарипов

Top