Ўзбекистон | 08:29 / 03.01.2022
14158
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд ва Наманган шаҳарларининг чегаралари ўзгартирилади

Самарқанд шаҳри / Фото: Xalq so'zi

Самарқанд ва Наманган шаҳарларини истиқболда “миллионлик шаҳарлар”га айлантириш бўйича чоралар кўрилади. Бу 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасида белгиланган.

Хусусан, Самарқанд ва Наманган шаҳарларини “миллионлик шаҳарлар”га айлантириш бўйича республика ишчи гуруҳлари ташкил этилади. Самарқанд ва Наманган шаҳарларининг чегараларини ўзгартириш масаласи халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида кўриб чиқилади. Самарқанд ва Наманган шаҳарлари чегараларини ўзгартириш бўйича Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси қарорлари ишлаб чиқилади.

Бундан ташқари, Қашқадарё вилоятининг урбанизация даражасини 50 фоизга етказиш мўлжалланган. Бунда Қашқадарё вилоятида урбанизация даражасини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Хусусан:

  • 12 та шаҳар, 117 та шаҳарча ва 1041 та қишлоқ аҳоли пунктлари инвентаризациядан ўтказилади;
  • - 2 та катта, 1 та ўрта ва 9 та шаҳар жойлашувлари таҳлил қилинади ва иқтисодий жиҳатдан бундай ҳолат қанчалик иқтисодий тараққиётга мувофиқлиги ўрганилади;
  • Қарши шаҳри атрофидаги аҳолиси 5 500 кишидан ортиқ бўлган қишлоқ аҳоли пунктлари (Қозикент, Узуннаво, Тўқманғит) урбанизация жараёнлари янада жадаллаштирилади ва уларни Қарши шаҳрига қўшиш мувофиқлиги ўрганилади;
  • Китоб шаҳри атрофидаги аҳолиси 4200 дан зиёд бўлган қишлоқ аҳоли пунктларида (Минглар, Гулгунпўшт, Жарқўрғон) урбанизация жараёнлари янада жадаллаштирилади ва уларга шаҳар мақомини бериш бўйича ишлар олиб борилади;
  • агломерация ва ички миграция жараёнларини ҳисобга олган ҳолда аҳолиси 1,43 миллиондан зиёд бўлган шаҳар аҳоли пунктларининг ихчамлиги ва қулай жойлашувини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилади.

Шунингдек, шаҳарлардаги аҳолининг турмуш тарзи қулайлигини баҳоловчи “Шаҳарлар қулайлиги” индекси жорий этилади. Халқаро тажрибани ўрганган ҳолда, “Шаҳарлар қулайлиги” индексини жорий қилиш лойиҳаси концепцияси ишлаб чиқилади.

Бунда:

  • БМТ Хабитат дастури, хорижий давлатлар тажрибаси ва тегишли имзоланган халқаро шартномалар ва меморандумлар кўзда тутилади;
  • ҳудудларнинг бош режалар билан таъминлангани, архитектуравий дизайн-кодлар мавжудлиги ва уларга риоя қилиниши, инфратузилма ва бино-иншоотлар фонди энергосамарадорлиги, ҳудудлар кўкаламзорлиги ва ободонлаштириш даражаси, шаҳарларнинг инфратузилма билан таъминлангани инобатга олинган ҳолда объектлар жойлаштирилади ва лойиҳалаштирилади;
  • шаҳарларни зоналарга бўлиш орқали ички ҳудудларни тегишли тоифаларга ажратган ҳолда баҳолаш мақсадида 6 та зонага (яшаш жойлари, йўл чизмалари, кўкаламзорлаштириш, маъмурий, бизнес инфратузилмаси, ижтимоий инфратузилмалар, жамоат майдонлари) бўлиш ва уларни баҳолаш ишлари амалга оширилади.

Мавзуга оид