13:33 / 14.04.2020
49389

Ўзбекистонда коронавирус учун оммавий тест қилинмаётганига изоҳ берилди

Ўзбекистонда айни вақтда аҳолидан тест олиш учун жами 200та ПЦР аппаратлари мавжуд ва бундай аппаратнинг биттаси бир кунда кўпи билан 400 кишини тестдан ўтказа олади. Бу ҳақда Бош санитария инспектори Нурмат Отабеков АОКАда ўтказилган брифингда айтиб ўтди.

Фото: riavrn.ru

Тадбирда Нурмат Отабеков Ўзбекистон аҳолиси нега ёппасига тест қилинмаётгани ҳақида сўралди.

«Ўзбекистон аҳолисини бир кунда тўлиқ тестда ўтказиш учун 85 мингта ПЦР аппарати керак бўлади. Битта ПЦР аппарати бир кунда 400 таҳлил ўтказиши мумкин. Яна шунча вирусолог шифокорлар жалб этилиши керак бўлади. Ўзбекистонда эса барча врачларнинг умумий сони 75 минг нафарга етмайди», дейди Отабеков.

Ҳозиргача Ўзбекистонда 100 мингдан ортиқ киши тест қилингани, ҳар куни 8-9 минг киши текширилаётгани ва бу ишлар давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётгани таъкидлаб ўтилди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда ПЦР лабораториялар сони 40дан ортиқроқ, бу лабораториялардаги ПЦР аппаратлари эса энг кўпи билан 200та бўлиши мумкин.

«Хавф ости гуруҳига мансуб бўлганларни текшириб, улар орасидан касалликни аниқлаш – бу эпидемиологиянинг олтин қонуни. Шу орқали касалликни жиловлаш имкониятини юзага келтиради. Ўзбекистонда амалга оширилаётган тизим Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан энг самарали усул, деб эътироф этилмоқда», дея Нурмат Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top