Анонс. ЎзМТРК телеканалларида Аҳмадбой ҳақида ҳужжатли фильм эфирга узатилади
ЎзМТРК «Ўзбекистон», «Ёшлар» ва «Тошкент» телеканалларида 30 июнь куни халқ орасида Аҳмадбой номи билан танилган Аҳмаджон Турсунбоевнинг ноқонуний фаолияти ҳақида батафсил «Аҳмад васваси» номи остида кўрсатув эфирга узатилади.
Маълум қилинишича, шу куни соат 18:10да «Ўзбекистон» телеканалида, соат 19:20да «Тошкент» телеканалида, соат 20:20да «Ёшлар» телеканалида Аҳмаджон Турсунбоевнинг ноқонуний фаолияти ҳақида эфирга узатиладиган кўрсатувларда батафсил маълумотлар берилади.
Унда Аҳмаджон Турсунбоевнинг сўроқ қилиниш жараёни ҳам кўрсатилади. Шунингдек, унинг ҳаракатларидан жабрланган фуқароларнинг гувоҳликлари келтирилади.
Аҳоли ўртасида чинозлик Аҳмадбой номи билан танилган бу шахс одамлардан йилига камида 100 фоизлик дивиденд тўлаш, яъни икки баробар қилиб қайтаришни ваъда қилиб, жуда катта омонат маблағларни миллий ва хорижий валютада қабул қилиш билан ноқонуний равишда шуғулланиб келган. Шунингдек, у фоизлик устама тўлаш шарти билан аҳолига хорижий валютада қарз бериб келган. Ҳозирги кунда Аҳмаджон Турсунбоевга пул берган ёки пул олган одамлар сони бир неча ўн мингга етган.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида Турсунбоев Аҳмаджон ва унинг яқин қариндошларининг уй-жойлари ва уларга қарашли корхоналарда айтиб ўтилган тартибда ўзлаштирилган 13 млрд 139 млн сўм ва 7 млн 900 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ мавжудлиги аниқланди ва бу пуллар қонунда белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, далилий ашё сифатида олинди.