Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Намоз - бандани Аллоҳ билан яқинлаштирадиган ибодат
“Ислом нури” дастурининг бугунги сонида мўмин-мусулмонлар учун фарз қилинган буюк ибодат – намоз ҳақида сўз боради. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлар идораси Масжидлар бўлими ходими Исоқжон Бегматов хабар бермоқда.
YouTube'да томоша қилиш
Tas-IX'да томоша қилиш
Инсонларнинг зиммасида буюк бир масъулият бор - у ҳам бўлса намоз ўқишликдир. Нафақат намоз ўқиш, балки уни ўз вақтида ўқиш ҳам алоҳида фарз. Демак, бизларни Аллоҳ таолога қулчилигимиз, бандачилигимизни изҳор этиш борасидаги энг буюк ибодат – намоз ибодатидур.
Қолаверса, намоз мўмин-мусулмонларни тарбиялайдиган ибодат ҳамдир. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Банданинг Аллоҳга энг яқин вақти, унинг саждада бўлган ҳолатидир”, деб марҳамат қилганлар. Айтингчи, қайси банда ўзининг Раббисига яқин бўлишни хоҳламайди? Барча хоҳлайди. Бу даражага етишиш учун намоз ибодатини мукаммал адо этишимиз лозимдир.
Намоз инсонни тартибга ўргатади. Ҳар куни беш маҳал намозни ўз вақтида, қолдирмасдан, қазо қилмасдан ўқишга ўрганган мўмин-мусулмон барча дунёвий ишларини ҳам ўз вақтида қилишликка ўрганади. Унинг ҳаётида тартиб юзага чиқади. Тартибли ҳаётда эса барака бўлади.
Масжидлар бўлими ходими Исоқжон Бегматов
Тартибсизлик эса барча ёмонликларнинг боши. У дангасалик, ялқовлик ва лоқайдликни келтириб чиқаради. Тартибсиз инсон нафақат Аллоҳ таоло билан бўлган алоқасида бетартиблик қилади, балки ўзига ўхшаш инсонлар билан бўладиган муносабатда ҳам бетартибликни келтириб чиқаради.
Бундан ташқари, намоз бизларни барча ёмонликлардан қайтариб турувчи воситадир. Намоз ўқийдиган инсон бирор гуноҳга қўл урмоқчи бўлса, ўқиётган намози унинг хаёлига келади. Инсоннинг нафси ўзини ўзи маломат қилишни бошлайди, - деди И.Бегматов.
Мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосида тайёрланди.