12:56 / 18.07.2017
10079

Йўл белгилари нур қайтарувчи қопламали белгиларга алмаштирилади

Президентнинг 11 июлдаги «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида йўлларни сақлаш ва уларнинг йўл белгилари, ахборот кўрсаткичлари, йўл ҳаракатини тартибга солишнинг бошқа техник воситалари билан жиҳозлаш бўйича ўрнатилган талабларга сўзсиз риоя этилишини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган, деб хабар бермоқда Ўзбекистон ИИВ сайти.

Йўл белгилари ва йўл чизиқлари, аввало, ҳаракат иштирокчиларига аниқ маълумотлар бериб, уларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлайди. 

Белгиларнинг аниқ ва кўринарли тарзда жойлашиши, уларни нур қайтарувчи махсус қопламалардан фойдаланилган ҳолда тайёрланиши ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириб, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қилади.

Таъкидлаш лозимки, қарор билан Ички ишлар вазирлиги ва Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг «Uzavtoyo‘lbelgi» давлат унитар корхонасини ташкил этиш ҳамда тегишли норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ йўл белгилари, ахборот кўрсаткичлари, йўл ҳаракатини тартибга солишнинг бошқа техник воситаларини ишлаб чиқаришни унинг асосий вазифаси этиб белгилаш ҳақидаги таклифи маъқулланди.

«Uzavtoyo‘lbelgi» давлат унитар корхонасининг таъсисчиси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ҳисобланади. Ушбу қўмита қисқа муддатларда корхона фаолиятини ташкил этиш тартибини белгиловчи ҳужжатни, Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда ўрнатилган йўл белгиларини хатловдан ўтказиш, уларни замонавий юқори интенсив (нур қайтарувчи) қопламали йўл белгиларига алмаштириш, шунингдек, узоқ муддат фойдаланиладиган барқарор йўл чизиқларини чизиш учун махсус техника ва асбоб-ускуналар сотиб олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқади. 

Бундан ташқари, халқаро ва давлат аҳамиятига молик йўллар учун 900 мм, бошқа йўллар учун 700 мм ўлчамдаги металл корпусли юқори интенсив (нур қайтарувчи) қопламали йўл белгиларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг аниқ кўриниши имкониятини берувчи конструкцияларга мустаҳкамлашни назарда тутган ҳолда йўл ҳаракати соҳасида стандартлаштириш бўйича янгиланган норматив ҳужжатлар тайёрланади. 

Top