Ўзбекистон | 10:19 / 22.10.2025
5474
2 дақиқада ўқилади

Алоқа операторлари сохта рақамлардан қўнғироқларни блоклай бошлади

Ўзбекистонда сохта рақамлардан телефон қўнғироқларини блоклаш орқали фирибгарлик ҳолатларининг олдини олувчи “anti-spoofing” тизими жорий этилди.

Фото: Getty Images

Янги технология Рақамли технологиялар вазирлиги ташаббуси ва кўмаги асосида ишга туширилган. Бу ҳақда 17 октябр куни Beeline, 21 октябрда Mobiuz алоқа операторлари хабар берди.

Анти-спуфинг тизими рақамнинг ҳақиқийлигини текширади: агар халқаро қўнғироқ аслида Ўзбекистон фойдаланувчисидан эмас, балки фақат маҳаллий рақам (+998 префикси) остида яширинган бўлса, тизим бундай қўнғироқни автоматик тарзда блоклайди, дейилади Beeline хабарида.

“Фирибгарлар сохта рақамларни бир нечта схемалар орқали қўллашади. Масалан, улар кўпинча хориждан қўнғироқ қилиб, ўзларини Ўзбекистонлик абонентнинг стационар рақами остида яширишади – тизим бу мос келмасликни аниқлайди ва қўнғироқни блоклайди. Яна бир усул – гўёки Ўзбекистон мобил операторларидан бири номидан, аммо хориждан, роумингда қўнғироқ қилиш. Тизим реал вақт режимида SIM-карта қайси тармоқда рўйхатдан ўтганини оператор орқали текширади. Агар операторнинг коммутация ускунаси абонент хорижий тармоқ ўрнига уй тармоғида рўйхатдан ўтганини кўрсатса, у ҳолда қўнғироқ ҳам автоматик равишда блокланади”, – дейилади хабарда.

Фирибгарликдан ҳимоянинг бундай тизими барча абонентлар учун автоматик равишда, бепул фаоллаштирилган бўлиб, улардан ҳеч қандай қўшимча ҳаракат талаб қилинмайди.

Mobiuz хабарига кўра, компания анти-спуфинг технологиясини 2025 йил сентябр ойида жорий этган.

“Мана, бир ойдан буён телефон фирибгарларининг чет элдан Ўзбекистонга қилаётган минглаб қўнғироқлари абонентларимизга етиб келмаяпти. Сабаби эса оддий – тизим қўнғироқларнинг ҳақиқийлигини автоматик тарзда текширади ҳамда абонентга келаётган шубҳали қўнғироқларни тўсиб қўяди”, – дейилади компания ахборотида.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид