15:28 / 21.01.2022
12933

“Битта дарахтимизнинг нархи 3 млн сўмгача боради” — пенсионер-боғбон яратган питомник

Анвар Иномбобоев Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чинор қишлоғида яшайди. Тажрибали боғбон ўз ҳовлисида ва питомнигида асосан арча кўчатларини етиштиради.

Қаҳрамонимиз бозорда қиммат нархланадиган, аммо етиштириш ҳам машаққат талаб этадиган арча кўчатларини мўъжазгина ҳовлисида етиштириши ҳақида сўзлаб берди.

Анвар ака бизни питомникка ҳам олиб борди. 1,2 гектар ерда кўк арча (голубая ель), туя, нашвати ва яна бир қанча қимматбаҳо дарахтлар ўстириляпти.

“Кўк арчани кўкартириш жуда қийин. Кўчатини 20–25 см бўлган вақтида экамиз, 15 йилгача парваришлаймиз. Ўғит берамиз, ҳашаротлардан ҳимоя қиламиз, ўтини ўтаймиз, қуёш ботгач кўчатлар устидан сув сепиб чиқамиз. Кун иссиқ бўлса, экилганига ҳали 3 йил бўлмаган ёш кўчаларнинг устини кундузлари бўз билан ёпиб туриш керак.

Ўртача катталикдаги кўк арча кўчатларимиз 1,5 млн сўмгача нархланади. Катталарининг нархи 2,5–3 млн сўмгача боради”, – дейди боғбон.

65 ёшли Анвар Иномбобоев қилаётган ишидан завқланади. Қаридим, дам олай, деган фикр мутлақо йўқ унда. Саломатликни ҳаракатда деб билади. Дарвоқе, ўзининг айтишича, кўчатлар фақат сотиш учун эмас. Қўшнилар, қишлоқдошларга ўрни келса бепул беради. Атроф яшилликка бурканса бўлди.

Бобур Акмалов суҳбатлашди.

Мавзу
Ҳаётий ҳикоялар
Турфа тақдирлар ва умр манзаралари
Барчаси
Top