Олтиариқлик боғбон Абдулвоҳид Мирзажонов боғини ораласангиз кўзингиз қувнайди. Абдулвоҳид ака томорқасида айни пайтда аватар, лорус, ред глоб, велес, маникюр фингер, ламборжини каби узумнинг антиқа навлари ғарқ пишиб ётибди. Боғбон хорижнинг донғи кетган бир қанча узум навлари ҳамда олма, нок, бодом, шафтоли новдаларини олиб келиб пайвандлаб кўчат қилиб сотади. Унинг машҳур узум кўчатлари ҳатто Бирлашган Араб Амирлиги, Туркия, Грузия, Туркманистон, Қозоғистонга ҳам кириб борган. 

Энг қизиғи ҳали олдинда. Боғбон бир дарахтнинг ўзига дунёнинг 70 хил олмасини пайвандлаган. Улар аллақачон ҳосил беришни бошлаган ҳам.

“Бир пайтлар Олтиариқ турпи билан машҳур эди. Ҳозир эса боғдорчиликда машҳур”, – дейди боғбон.

“Ота-бобомиз деҳқончилик билан шуғулланган. Болаликдан отамиз ёнида юриб деҳқончилик, боғбончилик сирларини ўргандик. Олий маълумотлиман, бир муддат соҳам бўйича ишладим ҳам, лекин барибир ота касбга тортиб кетдик-да.

Кўчатчилик, пайвандчиликка қизиқаман. Битта олмага 70 хилдан ортиқ олма ва нок навларини пайвандлаганман. Қайси давлатга ёки вилоятга борсам, ўша ердан яхши олма кўчатларини олиб келаман. Искана куртак пайванд қилганман, ҳатто баргига пайванд қилганман, кўпчилик бундай пайвандлашни унча тушунмайди. Бир шохнинг ўзида бир неча хил олма бўлади.

Пайвандланган катта дарахтнинг мевасини кўриб, яхши бўлгач, боғдаги бир йиллик кўчат дарахтларга пайвандлаб чиқамиз. Олмадан ташқари нок, шафтоли, гилос, ўрик, бодом, писта каби бир неча хил мевали дарахт кўчатларимиз бор.

Жами 200 хилдан ортиқ мева навлари бор, ўшалардан олиб янги бир йиллик кўчатларга пайвандлаб чиқамиз. 60 хилдан ортиқ узум навимиз ҳам бор, Европа, Америка қитъаларидан келган. Ҳаж сафарига борганимда бир неча хил нок, гул кўчатларини олиб келдим. Маккада ҳам ишларимга қизиқиб қолиб, бир неча ой тажриба бериб кетинг, ҳукуматга чиқамиз, маблағ қилиб беришади, деб қолишди.