Кўчиммурод Маматов дарахтларга шакл бериш, пайвандлаш, кўчат қилишни отасидан ўрганган. Гарчи ота-онаси унинг олий маълумотли бўлишини истаган бўлса-да, қаҳрамонимиз оиладаги молиявий қийинчиликлар сабаб ўқишни давом эттирмасликка қарор қилади.
“Отамга ёрдам беришим керак эди. Онам 52 ёшида вафот этган. Улар 20 йил қанд касали билан оғриган, касалхонага олиб бориш, дори-дармон қилиш менинг бўйнимда эди. Онамни даволатиш учун шаҳарга келиб-кетиб юрганман. Отам бу ишларга тушунмасди.
Ёшлик пайтимизда тўйларда курашларда қатнашардим. Югуриш, кураш мусобақаларида ғолиб бўлиб, уйимга совринлар олиб борардим. Жисмонан бақувват бўлганим учун мактабдаги дўстларим Брюс Ли деб лақаб қўйишганди”, – дея ёшлигини хотирлайди у.

Унинг айтишича, ҳашар йўли билан уй қуради, унга кўчиб чиққач эса манзарали дарахтлар етиштиришга қизиқиб қолади. Кўчатларни бозорда сотиб рўзғор тебратади. Ҳовлисида мевали дарахтлардан боғ яратади.
“Ҳовлимиздаги боғимизга одамлар келиб суратга тушишарди. Шафтоли, ўрик, гилос каби ҳар хил мевали дарахтлар эккандим, ер бўш қолмаслиги учун дарахтлар орасига сабзавотлар экардим. Кези келганда бозордан фақат ёғ билан туз сотиб олардик. Ҳамма нарса томорқамиздан чиқарди”,– дейди у.
Аммо саккиз йилча аввал уйини сотиб Тошкент шаҳрига кўчиб келган. Унинг айтишича, бунга фарзандларининг шаҳарда яшаш ҳаваси ва ёшлигида ўзига берган ваъдаси сабаб бўлган.
“Ўзим ўқий олмаганим учун қизларим, ўғлимни ўқитаман деб ўзимга сўз берганман. Фарзандларимга ўқиш кераклигини уқтирдим. Катта қизим уч йил тайёрланиб, Тошкент давлат юридик университетига ўқишга кирди. Контрактга киргани учун қийналиб қолдим. Менга кўмаклашиш учун катта қизим синглисини шаҳарда бирга ишлаймиз деб чақириб олди. Ўзим шаҳарга келишни истамасдим. Қизларим мени пойтахтга олиб келиш учун кейин онасини ҳам чақирди. Бир ўзим қолиб кетдим, кейин мажбур бўлдим келишга. Уй олишга пулимиз йўқ эди”, – дейди боғбон.

Кўчиммурод Маматов уч жойда боғбонлик қилади. Ҳар куни соат 17:00гача Адиблар хиёбонида, ундан кейин бир соат Ёзувчилар уюшмаси боғида, дам олиш кунлари эса ўзи яшаётган маҳаллада боғбонлик қилади.















