Жамият | 17:20 / 28.06.2019
47043
3 дақиқада ўқилади

Нурободда «участковой» бошқарувидаги машинадан «кутилмаганда тушиб кетган» ака ҳалок бўлган. Ука ишни жиддий текширишни талаб қилмоқда

Фото: KUN.UZ

Kun.uz таҳририятга Самарқанд вилояти Нуробод туманида яшовчи Маҳмуд Усмонов мурожаат қилди. У ўзининг акаси Мақсуд Усмоновнинг ўлими юзасидан суриштирувдан қониқмаганини билдирди.

Маҳмуд Усмоновнинг ҳикоя қилишича, 2019 йил 11 май куни Нурободда бахтсиз ҳодиса юз берган. Нуробод тумани Жом қишлоғида яшовчи Мақсуд Усмонов (мурожаатчининг акаси) соат 17:00-18:00 лар атрофида ўз қишлоғи ичида «Дамас» русумли автомашинасини бошқариб кетаётганида Б.Р. ва унинг танишлари томонидан тўхтатилади. Улар ҳайдовчининг спиртли ичимлик ичганини иддао қилиб, уни ушлаб туришади ва бошқа маҳаллада ишловчи участка нозири Х.И.ни воқеа жойига чақиришади.

Участка нозири «Дамас» бошқарувига ўтириб, машина эгасини ўртадаги ўриндиққа ўтқазади. Ҳайдовчининг ёнига қўриқлаш учун маҳалла посбони М.К. ўтиради. «Дамас» катта йўлга чиқади ва Самарқанд-Қарши йўлининг Нуробод тумани Жом қишлоғидан ўтувчи 56-километрида машъум ҳодиса юз беради.

Усмонов Мақсуд маҳалла нозири Х.И. бошқараётган ўзининг «Дамас» автомашинасидан тушиб кетади ва асфальтга боши билан урилади. Участка нозири Х.И. «Дамас»нинг ўрта эшигидан йиқилган ҳайдовчини Жом МФЙ ҳудудида жойлашган тез тиббий ёрдам бўлимига олиб боради. У ердан туман марказий касалхонасига олиб борилган Усмонов Мақсуд 15 май куни вафот этади.

Унинг укасининг айтишича, тергов хулосасида Усмонов Мақсуд машина эшигини очиб, ўзини ерга ташлагани айтилган. Шу хулоса билан Нуробод туман прокуратураси ишни ёпган ва Усмонов Мақсуд бахтсиз ҳодиса қурбони бўлгани маълум қилинган.

Аммо мурожаатчи ўтказилган суриштирувлардан норози. У акасининг ўлими юзасидан жиддий суриштирув ўтказишни сўраб тегишли идораларга мурожаат қилган, лекин унинг мурожаатига аниқ жавоб берилмаган.

Усмонов Маҳмуднинг айтишича, тергов органлари воқеа жойига 4 соат ўтиб етиб келишган ва 40 км йўлга 4 соат вақт сарфланиши ғалати ҳолат. Мурожаатчи бунча вақт ичида жиноят изларини тозалаган бўлишлари мумкин деб ҳисобламоқда. Акасининг ўлимидан ҳамон ўзига кела олмаётганини айтган Усмонов Маҳмуд марҳум ўзини машинадан ташлаганига ишонмаяпти. Бундан ташқари, Усмонов нега акасини бошқа маҳаллада ишловчи участка нозири олиб кетганини тушунтириб беришларини хоҳлайди.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид