Ўзбекистон | 21:22 / 01.05.2022
15554
7 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Рамазон ҳайити билан табриклади

Президент Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон халқига табрик йўллади. Табрик матни Президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Қадрли ватандошлар!

Аввало, сиз, азизларни, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни, бутун халқимизни муборак Рамазон ҳайити – Ийд ал-Фитр билан чин қалбимдан самимий табриклаб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Қалбларимиз қувончга ва эзгу ниятларга тўлган ушбу саодатли ва мунаввар дамларда аввало шундай табаррук кунларга етказгани, байрамни тинч ва осуда муҳитда, оиламиз, эл-юртимиз билан ҳамжиҳатликда кутиб олаётганимиз учун Яратганга чексиз шукроналар айтамиз.

Халқимиз асрлар давомида буюк диний қадрият, саховат ва меҳр-оқибат рамзи сифатида эъзозлаб келаётган бу улуғ айём кейинги пайтда ижтимоий ҳаётимизда янада мустаҳкам ўрин эгаллаб бораётгани албатта барчамизни хурсанд қилади.

Айниқса, бу йилги Рамазон байрами “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган олижаноб ғояни ўзида мужассам этган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида кенг кўламли ислоҳотларимиз янада юксак босқичга кўтарилаётган тарихий шароитда ўтаётгани унинг файзи ва шукуҳини кескин оширмоқда.

Чиндан ҳам, дунё аҳлини ўзаро дўст ва биродар бўлиб, тотувлик ва ҳамкорликда яшашга даъват этадиган Рамазон ҳайити инсон қадрини улуғлашнинг ёрқин намунаси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Ҳеч шубҳасиз, биз инсон қадрини унинг диний соҳадаги ҳуқуқ ва манфаатлари билан узвий боғлиқ ҳолда кўрамиз. Шунинг учун сўнгги йилларда мамлакатимизда диний қадриятларимизни тиклаш, бебаҳо илмий-маънавий меросимизни ўрганиш ва тарғиб этиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Бухорода – етти улуғ пир, Сурхондарёда – Имом Термизий зиёратгоҳлари, Қашқадарёда – Абу Муин Насафий, Тошкент вилоятида – Занги ота, Наманганда – Султон Увайс Қараний, Тошкент шаҳрида – Сузук ота ёдгорлик мажмуаси каби мўътабар масканлар ҳар томонлама обод қилингани бу фикрни яққол тасдиқлайди.

Ҳозирги кунда ана шу хайрли амалларимизнинг мантиқий давоми сифатида Бухорода – Мир Араб олий мадрасаси, Самарқандда – Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ҳамда Тошкент шаҳрида – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Муҳтарам юртдошлар!

Маълумки, дунё бўйлаб тарқалган коронавирус пандемияси туфайли муборак Ҳаж ва Умра амалларини адо этиш учун баъзи чекловлар киритилган эди. Қандай оғир бўлишига қарамай, жорий йилнинг январь ойидан бошлаб фуқароларимизнинг Умра зиёратига боришларини қайта йўлга қўйдик ва қисқа вақт ичида 35 мингга яқин юртдошларимиз қулай шароитларда орзиқиб кутилган бундай эзгу амалларини бажариш имкониятига эга бўлди.

Яна бир хурсандчилик – бу йил муборак Ҳаж ибодатини амалга ошириш учун имконият пайдо бўлганини сиз азизларга етказишдан ғоят мамнунман. Бу – синовли кунларда сабр-тоқат ва матонат билан барча қийинчиликларни енгиб ўтган ватандошларимиз учун Аллоҳ таолонинг яна бир марҳамати, десак, тўғри бўлади.

Ҳурматли дўстлар!

Ҳозирги пайтда дунёдаги вазият қандай шиддат билан ўзгариб бораётганини барчамиз кўриб-билиб турибмиз. Айрим минтақалардаги можаролар тез аланга олиб, тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид туғдирмоқда. Буларнинг барчаси олдимизга муҳим вазифаларни қўйиб, доимо ҳушёр ва огоҳ, замон билан ҳамнафас бўлиб яшашни тақозо этмоқда.

Муқаддас динимиз ҳам чин мусулмон одам ҳар қандай синов ва муаммога ҳамиша тайёр туриши зарурлигини, пок ният, эзгу амаллар билан яшайдиган бандаларга албатта юксак ажру мукофотлар ато этилишини уқтириб келади.

Шу маънода, юртимизда барқарорликни таъминлаш, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, қадимий ва ўлмас қадриятларга таянган ҳолда тараққиёт сари жадал одимлаш – давр талабидир.

Ана шундай аниқ мақсадларни кўзлаб, доимо олдинга интилган тақдирдагина биз бугун – кечагидан, эртага – бугунгидан кўра катта ютуқларга эришмоғимиз, обод ва фаровон ҳаёт кечирмоғимиз мумкин бўлади.

Барчамизнинг умидимиз ва таянчимиз бўлган ёшларимизнинг қалби ва онгида ана шу муҳим фазилатларни уйғунлаштириб, уларни жаҳон майдонида рақобатбардош етук авлод этиб тарбиялашимиз шарт.

Ҳеч қачон унутмайлик, дунёдаги ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган энг катта бойлик бу – билим ва тарбиядир.

Бу борада бой миллий анъаналаримиз асосида шаклланган ўзбекона тарбия билан бирга бизга яқин дўст ва хайрихоҳ бўлган давлатлардаги илғор ҳамда замонавий таълим тажрибаларидан оқилона фойдалансак, кўзлаган улуғ мақсадларимизга албатта етамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, дунёнинг узоқ ва яқин мамлакатларидаги барча мусулмонларни Рамазон ҳайити билан самимий табриклаб, уларга тинчлик, бардавом тараққиёт ва равнақ тилаймиз.

Азиз ватандошлар!

Ушбу муборак кунларни хонадон ва маҳаллаларда, шаҳар ва қишлоқларимизда мазмунли ва кўтаринки кайфиятда ўтказиш учун Рамазон ҳайити муносабати билан юртимизда дам олиш кунлари эълон қилинганидан хабарингиз бор.

Ўйлайманки, бундай қулай шароит байрамнинг файзу тароватини, қадр-қимматини янада оширади. Бинобарин, ушбу ҳордиқ кунлари – мўътабар ота-оналарни зиёрат қилиш, беморлар ва муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, яқинлар билан дийдор кўришиш учун яхши имкониятдир.

Ишончим комил, жамиятимизда ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилаш, ҳар бир инсоннинг, аввало, ёшларнинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашишга қаратилган инсонпарварлик руҳидаги ишларимизнинг аҳамиятини халқимиз албатта яхши тушунади ва уларни амалга оширишда фаол иштирок этади.

Муҳтарам юртдошларим!

Сизларни, бутун халқимизни мамлакатимизда кенг нишонланаётган муборак Рамазон ҳайити билан яна бир бор чин юракдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, оилаларингизга хотиржамлик, файзу барака тилайман.

Байрам шукуҳидан қалбларимиз янада нурафшон бўлсин!

Она юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон бўлсин!

Мавзуга оид