Жамият | 14:26 / 18.07.2020
26669
2 дақиқада ўқилади

“Қутиси 400 мингдан 600 минггача”. “Эргоферон” ва “Арбидол” дориларининг ноқонуний савдоси аниқланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ўтказилган рейдларда ҳозирда талаб кескин ортган “Эргоферон” ва “Арбидол” дориларининг ноқонуний савдоси аниқланди.  

Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва Яшнобод туман бўлими томонидан олиб борилган рейдда хорижда ишлаб чиқарилган “Арбидол” дори воситасинниг ҳар бир қутисини 500 минг сўмдан сотаётган шахс ушланган.

Чилонзор тумани Қатортол кўчасида жойлашган дорихонанинг норасмий сотувчиси 56 қути “Эргоферон” дори воситасини жами 5 млн 320 минг сўмга пуллаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Ундан яна 1120 дона дори воситаси вақтинча олиб қўйилган.

Шунингдек, Яшнобод туманида фуқаролардан бири 19 қути “Арбидол” дорисининг ҳар бирини 500 минг сўмдан, Олмазор туманида икки нафар фуқаро шу дорининг 200 қутисини ҳар бирини 32 АҚШ долларидан баҳолаб ноқонуний тарзда сотаётгани маълум бўлган.

Департаментнинг Яшнобод туман бўлим бошлиғи Нуриддин Жўраевга кўра, мазкур дори воситаларига қўйилаётган баҳо одатдаги нархдан анча фарқланади.

Унинг айтишича, “Эргоферон” дори воситаси одатда 25-32 минг сўмгача сотилган. Ҳозирги нархи 120 минг сўмгача бормоқда. Қутиси 45 минг сўмдан сотилган “Арбидол” эса 400-600 минг сўмдан пулланмоқда.

“Ҳозирда расмий дорихоналарда йўқ дори воситалари одамларнинг қўлида 100-200 қутилаб жамланиб, ноқонуний сотиляпти. Чунки дорихонада нархини қиммат қилиб сотса, эътирознинг кимга билдирилиши аниқ бўлади. Шунинг учун ҳам яширинча йўллар билан норасмий тарзда сотилмоқда.

Ҳозирда бу дориларни мамлакатга олиб кираётган корхоналар билан ўзаро маълумот алмашиб, дориларнинг кимга ва қай тарзда берилаётгани аниқлаштирилмоқда”, дейди департамент вакили.

Мавзуга оид