Коронавирус: британ вакцинаси самарадорлиги 70 фоизга баҳоланди, унинг бошқа вакциналарга қараганда афзалликлари бор
Буюк Британияда Оксфорд университети ва AstraZeneca компанияси томонидан яратилаётган коронавирусга қарши вакцинанинг самарадорлиги 70 фоизга тенглиги маълум қилинди.
Бу бир вақтнинг ўзида ҳам муваффақият, ҳам муваффақиятсизликдир, чунки Pfizer ва Moderna компанияларининг вакциналари 95 фоизлик ҳимояни таъминлаши маълум бўлганди. Россиядаги Спутник V вакцинаси самарадорлиги эса 92 фоизга баҳоланган.
Шу билан бирга, британияликларнинг вакцинаси сезиларли даражада арзон, уни ҳаддан ташқари паст ҳароратда сақлаш талаб қилинмайди, шу туфайли уни дунёнинг исталган бурчагига осонлик билан етказиб бериш мумкин. Ишлаб чиқарувчиларнинг маълум қилишича,вакцинани Цельсий бўйича 2-8 даражада сақлаш ва етказиб бериш мумкин, вакцинация жараёни эса алоҳида шароитларни талаб қилмайди.
«Бугунги хабар бизни бу вируснинг ҳалокатли оқибатларини тугатишимиз мумкин бўлган вақт томон янада яқинлаштирди», деди янги вакцина ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлган профессор Сара Гилберт.
AstraZeneca Британия учун йил охирига қадар 4 млн доза вакцина тайёрлашни режалаштирган, 2021 йил баҳорига қадар эса бу миқдор 40 млн дозага етказилади. Бутун дунё учун эса компания 3 млрд доза вакцина тайёрлаб бермоқчи.
Хавфсизлик бўйича талаблар бажарилгани, самарадорлиги ва ишлаб чиқариш стандартларига жавоб бериши тасдиқлаганидан кейин эмлаш бошланиши мумкин.
Ушбу вакцина синовларида Британия ва Бразилияда 20 мингдан ортиқ кўнгилли иштирок этган.
Синовлар натижасида маълум бўлишича, бир ой фарқ билан икки марта кучли доза берилганида самарадорлик 62 фоизга тенг бўлади, агар дастлаб кичик доза берилиб, бир ойдан кейин доза оширилганида самарадорлик 90 фоизгача етиши мумкин.
«90 фоиз - бу жуда қизиқ натижа, бу шуни англатадики, агар биз биринчи инъекция вақтида дозанинг фақат ярмини берсак, бизда кўпроқ вакцина бўлади», деган BBC билан интервьюда клиник синовларга масъул бўлган профессор Эндрю Поллард.
Вакцинанинг асосини одамларда хавф туғдирмайдиган, шимпанзеларда шамоллашни қўзғатувчи вирус ташкил этади. Шу билан бирга, бу вирус генетик жиҳатдан шундай ўзгартирилганки, инсон организми уни COVID-19 коронавируси сифатида қабул қилмоқда.
Вакцина 14 кун давомида организмнинг соғлом ҳужайраларини зарарли вирус ҳужайраларига ҳужум қилишга ундаган. Антитаналар вирусни 28 кун ичида зарарсизлантирган.
Бу вирус одамларга юқмаслиги учун ўзгартирилган, у матрицаларни инсон организмига олиб киради, матрицалар эса коронавируснинг бошоқли оқсилларини ишлаб чиқаради, иммун тизими уларни танийди ва уларга қарши кураша бошлайди.
AstraZeneca пандемия даврида вакцинадан фойда олиш ниятида эмаслигини ва унинг бир дозаси учун 4-5 доллар нарх белгилашини билдирган.
Таққослаш учун, Johnson & Johnson вакцинаси 10 доллар, Pfizer вакцинаси 19,5 доллар, Moderna вакцинаси эса 25-37 доллар атрофида бўлади. Бундан ташқари, AstraZeneca вакцинасини оддий музлаткичда ҳам сақлаш мумкин. Pfizer ва Moderna вакциналарини сақлаш учун эса анча паст ҳарорат талаб қилинади. Масалан, Pfizer вакцинаси минус 70 даража ҳароратда сақланиши лозим.
Мавзуга оид
18:38 / 15.12.2021
ЕИ мамлакатларида 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган болаларни коронавирусга қарши эмлаш бошланди
20:51 / 05.08.2021
Вакциналар: қайси давлат қанча буюртма берган?
19:54 / 22.05.2021
Камбағал мамлакатлар коронавирус ихтиёрига топшириб қўйилди – БМТ бош котиби
17:15 / 27.03.2021