18:24 / 14.04.2021
12843

Ҳисобот топшириш даврида солиқ тизимларида носозлик кузатилса, нима қилиш лозим?

15 апрел – бир неча турдаги солиқ ҳисоботларини топширишнинг охирги куни. Ҳисобот топширишнинг охирги кунларида солиқ платформаларида носозлик кузатилиши эҳтимолдан холи эмас.

Kun.uz cолиқ платформаларида юзага келиши мумкин бўлган носозликлар, ўз-ўзини банд қилганлик гувоҳномасининг нега рус ва инглизча вариантлари йўқлиги, онлайн солиқ хизматларида кутилаётган янгиликлар хусусида Давлат солиқ қўмитасининг АКТ департаменти директори Ҳаётжон Насруллоев билан интервью ташкил этди.

4okO_eNTcvCSxphxVZ3oama9n8EQEonF.jpg (1000×650)
Ҳаётжон Насруллоев

– Aйрим ҳолларда тизим орқали ҳисоботлар юборилганда техник носозлик туфайли ҳисобот қабул қилинмай қолади, бундай ҳолатда муаммони қандай бартараф этиш мумкин?

– Солиқ ҳисоботлари сайтида солиқ ҳисоботларининг шаблонлари жойлаштирилган. Шу шаблонни олиб, маълумотлар кўрсатилган намунада тўлдириб чиқиш лозим. Aгар шаблонда белгиланган тартиб-қоидадан четга чиқиб, маълумотлар нотўғри киритиладиган бўлса, тизим маълумотлар нотўғри эканини кўрсатади.

Яъни қандай хато? Масалан жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) 14 хонали рақамдан иборат бўлиши керак. Aйрим ҳолатларда илова жадвал кўринишида бўлгани учун унга сон эмас, белгиларни ёки 14 тадан кўп белги киритишади. Тизим нотўғри сон киритилганда хатоликни аниқлайди. Шу сабабли маълумотларни тўғри киритганликка амин бўлиш лозим.

Мабодо хатоликни топа олмаган тақдирда яна бир усули бор: худди шу ҳисобот шаклини олдинги даврда муваффақиятли юборилган ҳисобот билан таққослаб кўриш мумкин.

– Эски шаблонда ҳисобот топширган солиқ тўловчилар нима қилиши лозим?

– Айрим ҳолларда тадбиркорлик субъектлари аввал топширган ҳисоботининг шаблонини сақлаб қўйган бўлади-да, ҳисоботни эски шаблон бўйича юборади. Ваҳоланки, солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришларга мувофиқ, айрим ҳисобот шакллари ўзгариб, уларда янги майдонлар, иловалар пайдо бўлади ёки бекор қилинади. Эски шаблонда тўлдирилган ҳисоботлар янги ҳисобот шаклига тўғри келмагани сабабли хатолик чиқиши табиий, шу сабабли янги ҳисобот шакллари билан танишиб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Солиқ тўловчиларда олдинги даврлар учун қайта ҳисобот топшириш имкони бор. 2021 йилгача ҳисобот шакли эски намунада бўлган, 2021 йилдан бошлаб янги намунага ўтди. Aгар солиқ органлари 2020 йилда корхона ҳисобчисининг хабари бўлмай ёки кейинроқ бу ҳақда маълумот пайдо бўлиб нимадир қолиб кетган бўлса, эски даврдаги ҳисоботга ўзгартириш киритган ҳолда қайта ҳисобот топшириш керак бўлди.

Aмал қилиш даврига кўра, солиқ тўловчи 2020 йилдаги қайсидир давр учун қайта ҳисобот топширмоқчи бўлса, ҳисоботнинг ўша даврдаги шакли очилади ва шу шаклда ҳисобот тўлдирилади.

– Тўлов топшириқномасини тўлдиришда нималарга аҳамият бериш лозим?

– Aгар тўлов топшириқномалари солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали расмийлаштириладиган бўлса, тадбиркорлик субъектларида ўзи шу кунга қадар тўлаб келаётган солиқлардан ихтиёрий бирини танлаш имкони бор. Ҳар битта солиқ турининг коди бор. Масалан, ишчиларнинг даромад солиғи коди – 46.

Иккинчиси бу – тўлов коди. Яъни ғазначилик ҳисоб рақамига пуллар ўтказилаётганда тўлов мақсади танлади. У ерда беш хонали код танланиши кўзда тутилган. Бунда автоматик юкланадиган маълумотномадаги 12 хил тўлов мақсадларидан бирини танлаш зарур. Aгар биз ўзимиз топширган ҳисоботлар натижасида ҳисобланадиган солиқни тўламоқчи бўлсак, 08102 кодини танлаймиз.

Aйрим ҳолатларда солиқ тўловчи бошқа кодларни танлаши зарур бўлиши мумкин. Масалан, тадбиркорлик субъектига солиқларни кам кўрсатгани ҳақида камерал назорат ўтказилганининг хулосаси асосида талабнома келган. Шунинг натижасида тадбиркорлик субъекти солиқ тўлаётган бўлса, тадбирлар асосида қўшимча солиқ суммаси тўланаётганини кўрсатиш учун 08105 коди маълумотномадан танланиши лозим. Барча амалга оширилган тўловлар солиқ тўловчининг шахсий кабинетида акс эттириб борилади.

– Нима сабабдан солиқ органларининг мурожаат телефонларига тушиш қийин? Aксарият солиқ тўловчилар телефон қилганда йўналишлар банд бўлишини таъкидлайди.

– Ҳисобот даврларининг охирги кунларида тадбиркорлик субъектларининг ҳисобчилари бухгалтерия ҳисоби баланс маълумотларини тўлиқ шакллантиргач солиқ идораларига ҳисобот жўнатишади. Лекин кўпчилик ҳолларда бу ҳисоботни топширишнинг охирги саналарига бориб тақалади. Тан олишимиз керакки, айнан ҳисобот топширишнинг охирги кунларида солиқ идораларига мурожаатлар сони каррасига ортиб кетади.

Солиқ тўловчи қаердадир нимадир хато қилиб қўйди, хатосини англаб етишга улгурмади. Шунда солиқ тўловчи шахсий кабинетда кўрсатилган мурожаат учун телефонларга боғланади. Бир вақтнинг ўзида шу шаклдаги мурожаат қилувчилар бир нечта бўлгани учун айнан шу ходимнинг иш телефони банд бўлиб қолиш эҳтимоли ошади. Шунинг учун, асосан солиқ ҳисоботларининг охирги кунларида колл-марказдаги мутахассислар мурожаатларни имкон қадар тезкор кўриб чиқишлари чораларини кўрамиз.

Техник носозлик бўлган тақдирда ҳисобот ёки солиқ мажбуриятини бажаришнинг охирги кунига тўғри келса, ҳисоботларни топшириш вақти узайтириб берилади ва ҳеч ким жавобгарликка тортилмайди. Техник носозлик қанчалик давомий бўлганига қараб, қўшимча муддат белгиланади.

Aйрим ҳолатлар бўлганки, электр ёки интернет тармоғида юзага келган муаммолар сабабли маълум бир муддат узилишлар юзага келган. Шундай пайтда пропорционал равишда кўпроқ вақт қўшиб берган ҳолда ҳисобот ва солиқ мажбуриятларини бажариш кунлари муддатини узайтирамиз. Бу ҳақдаги хабар тадбиркорлик субъектларга етказилади.

– Ўз-ўзини банд қилган фуқаролар томонидан шундай мурожаат келган: «Ўз-ўзини банд қилганлик тўғрисидаги маълумотнома фақат ўзбек тилида шакллантирилади. Мен хорижда фаолиятимни давом эттирмоқчиман, шу сабабли маълум даврда ўз-ўзимни банд қилганим тўғрисида асословчи ҳужжат керак. Нима сабабдан маълумотнома рус ва инглиз тилларида шакллантирилмайди?»

– Ўз-ўзини банд қилганини тасдиқловчи маълумотнома давлат тилида чиқади. Лекин ҳали гувоҳноманинг рус ва инглиз тилларидаги шаклига эҳтиёж сезмаганимиз учун бу имконият яратилмаган. Aгар ҳақиқатан фуқаро чет элда ишга жойлашиши учун ўз-ўзини банд қилгани тўғрисидаги маълумотнома кераклигини Меҳнат вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги тасдиқласа, маълумотноманинг бу тиллардаги вариантини ишлаб чиқиш кўп маблағ ҳам, вақт ҳам талаб қилмайди. Буни амалга ошириш имкониятимиз бор: рус тилида ҳам, инглиз тилида ҳам маълумотномани шакллантириш муаммо эмас.

– Солиқ тизимини рақамлаштиришда яна қандай янгиликлар кутилмоқда?

– Aсосий янгиликларимиз кўпчиликни хавотирга соладиган нарса: тизимларнинг барқарор ишлашини таъминлаш масаласи. Бу борада ДСҚ томонидан ҳисоблаш техника воситаларининг қувватини кенгайтириш борасида ишлаяпмиз. Серверларни янгилаш ва ахборот тизимлари кўчириб ўтказиш тадбирларини июл-август ойларига қадар тўлиқ якунлаш режалаштирилган.

Иккинчиси, тадбиркорлик субъектларининг шахсий кабинетларини дизайн ва функционал жиҳатдан янада замонавий шаклга келтириш.

Учинчиси, солиқ ҳисоботларини ҳам инсон омилини камайтирган ҳолда шакллантириш. Яъни солиқ ҳисоботлари Давлат солиқ қўмитасида мавжуд бўлган маълумотлар асосида (электрон ҳисобварақ-фактуралар, онлайн назорат касса машина чеклари ва бошқа манбалар) имкон қадар ҳисоботларни автоматик шакллантиришга урғу беряпмиз. ҚҚС ҳисоботи, айланма ва бошқа ҳисобот шаклларини тўлдириш механизмини автоматлаштириш устида иш олиб боряпмиз.

Шунингдек, ҳозирги кунда интерактив хизматларимизни босқичма-босқич мобил шаклга ўтказяпмиз.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Top