Иқтисодиёт | 15:37 / 18.06.2021
13903
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда солиқ тушумлари ҳажми кескин ошган. Бу «яширин иқтисодиёт» маблағлари легаллаштирилиши билан изоҳланди

Ўтган 5 ойда солиқ тушумлари ҳажмининг 2020 йил мос даврига нисбатан 32 фоизга кўпайишида солиқ юкининг ортиши эмас, балки «яширин иқтисодиёт»дан тушган маблағларни легаллаштириш асосий омил бўлди.

2021 йилнинг 1 январидан 31 майигача бўлган даврда республика бюджетига тушган солиқлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 32,6 фоизга ошди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Kun.uz’га маълум қилди.

Қайд этилишича, Навоий (40,7 фоиз), Қашқадарё (40,6 фоиз), Сирдарё (32,2 фоиз), Хоразм (36,1 фоиз), Тошкент (31,5 фоиз) вилоятлари ва Тошкент (38,3 фоиз) шаҳрида солиқ тушумлари сезиларли ўсган.

Марказ ўтказган таҳлилларга кўра, айни пайтда солиқ тушумлари кўрсаткичи мамлакат иқтисодий ўсиш суръатларидан юқорилади.

«Солиқ тушумлари ҳажми солиқ юкининг ошиши туфайли эмас, балки «яширин иқтисодиёт»дан тушган маблағларни легаллаштириш ва солиқ тизимини такомиллаштириш ҳисобига ошди», дейилади манба маълумотида.

Таҳлил қилинган даврда божхона тўловлари бўйича тушумлар 49,6 фоизга ошгани кўрсатилган. Бунда даромаднинг энг катта ўсиши Жиззах (5 баробар), Сирдарё (2,6 баробар), Наманган (98,6 фоиз), Фарғона (97,8 фоиз) вилоятлари ва Қорақалпоғистонда (54,8 фоиз) қайд этилди.

Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, йил бошидан буён товарлар экспортининг ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40,8 фоизга ошган. Товарлар экспорти ҳажмининг ўсиши Жиззах (2 баробар), Андижон (82,4 фоиз), Сирдарё (80,8 фоиз), Бухоро (70,8 фоиз) ва Тошкент (61,2 фоиз) вилоятларига тўғри келади. Бунда асосан, саноат моллари, озиқ-овқат ва кимёвий моддалар экспортида ўсиш суръати тезлашган.

Ўтган 5 ой давомида республикада 43 минг 670та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, уларнинг энг кўпи Қашқадарё (5 минг 368), Самарқанд (3 минг 885), Тошкент (3 минг 742), Фарғона (3 минг 484) вилоятлари ва Тошкент (7 минг 592) шаҳрида рўйхатга олинган. Шунингдек, товар-хомашё биржасида тузилган битимлар ҳажмида ҳам 56 фоизлик ўсиш кузатилган. 

Мавзуга оид