21:56 / 14.11.2019
2
14508

«Ҳатто марҳумлар номига ҳам жўнатмалар келади» – Божхона қўмитаси расмийси

Ўзбекистонда халқаро курьерлик жўнатмалари билан шуғулланувчи фирмалар давлат рўйхатидан ўтмаган. Уларнинг фаолиятини назорат қилиш аниқ бир вазирликка юклатилмаган. Ҳалол ишлаётган тадбиркорлар декларация бериб, солиқларини тўламоқда, бироқ курьерлик жўнатмаларини амалга оширувчи ишбилармонларнинг аксарияти одамлар сони ҳисобига ҳеч қандай тўлов қилмай, маҳсулотни маҳаллий бозорга олиб киришга уринмоқда.

Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Рустам Қобулов маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Ҳар бир жисмоний шахс номига ҳар чоракда халқаро курьерлик жўнатмалари орқали 1000 АҚШ доллари, халқаро почта жўнатмалари орқали эса 100 АҚШ доллари миқдоригача товарларни божхона юк декларациясини расмийлаштирмаган ҳолда, божхона тўловларисиз Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш мумкин. Бу меъёрлар фақатгина нотижорат мақсадларида олиб кирилаётган товарлар учун қўлланилиши белгиланган.

Фото: Божхона қўмитаси

Охирги пайтларда бундай жўнатмаларнинг мамлакат ҳудудига кириб келиши кескин ортиб боряпти. Божхона тўловларидан қочиш мақсадида «шахсий эҳтиёжи учун» ниқоби остида бир партиядаги маҳсулотларни қисмларга бўлиб олиб келиш ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Ушбу товарлар «шахсий эхтиёж учун» мезонларига мос келмайди ва ички бозорда айирбошлаш учун мўлжалланган.

Масалан, ноҳалол тадбиркор бир хил рангли ва турли ўлчамли 5 турдаги костюм-шимни 50 нафар фуқаро номига расмийлаштиради. Туфли, кўйлак ва бошқа маҳсулотларни ҳам турли ўлчамдагисидан 50та харид қилиб, яна ўша 50 нафар одамга сочади, яъни ҳужжатлаштиради. Фуқароларнинг паспорт нусхаларини қаердандир топиб, шундай ишларга қўл уришади.

Бундай маҳсулотларни назорат қилаётган пайтимиз номига четдан товар кириб келаётган фуқаролар билан суҳбатлашиш ниятида уларни чақирамиз. Баъзан улар орасида оламдан ўтиб кетган марҳумларнинг ҳам паспортига маҳсулотлар расмийлаштирилгани ойдинлашди. Аксарият одамлар номига товарлар келганидан ҳам бехабар бўлади. Бундан тадбиркорларнинг мақсади қонуний тўлов қилишдан қочиб, тижоратни амалга ошириш эканини сезиш қийин эмас», – деди Қобулов 14 ноябрь куни матбуот анжуманида.

Унинг сўзларига кўра, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 4 минг 813та шу каби товарлардан давлат бюджетига 7 миллиард 122,2 миллион сўм миқдорида божхона тўловлари ундирилган.

Шунингдек, Ўзбекистонга халқаро курьерлик жўнатмалари 2018 йилда 7 минг 445,9 тонна миқдорида олиб кирилган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида 5 минг 936,1 тоннани ташкил этди.

«Бу рақамлар йил сайин камайиш ўрнига, аксинча ўсиб боряпти», дея қўшимча қилди Божхона назоратини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи.

Рустам Қобулов бир марталик курьерлик жўнатмаси учун 25 долларлик меьёрни жорий этиш таклифи киритилганига ҳам изоҳ берди. Бу таклиф ижтимоий тармоқлардаги қизғин муҳокамалардан кейин ҳукумат томонидан тўхтатилган эди.

«Президентнинг 4470-сонли қарори билан, бир марталик божсиз олиб кириш меъёрини камайтириш бўйича топшириқ берилган. Шундан сўнг Божхона қўмитаси барча фактларни таҳлил қилиб, ҳукуматга таклиф киритган. Яқин орада тегишли қарор лойиҳаси яна жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши кутилмоқда», – дейди ДБҚ вакили.

Маълумот учун, жисмоний шахслар номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарларнинг божхона назоратини ташкил этиш тартиботлари Бутунжаҳон почта конвенцияси, Ўзбекистон Божхона кодекси ва бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top