Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат божхона қўмитаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Низомга кўра, Давлат божхона қўмитаси давлат божхона хизмати органлари тизимининг самарали фаолият кўрсатишини таъминловчи, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини, давлатнинг иқтисодий манфаатлари ва хавфсизлиги ҳимоя қилинишини таъминлаш соҳасидаги назорат бўйича давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Давлат божхона қўмитаси  Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади. Давлат божхона қўмитаси, Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўйича бошқармалари, «Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси, божхона постлари, Божхона институти, Марказий божхона лабораторияси, шунингдек Миллий кинология маркази ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардир.

Давлат божхона қўмитаси тизимига қуйидагилар киради:

  • Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати;
  • Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўйича бошқармалари;
  • «Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси;
  • божхона постлари;
  • Божхона институти;
  • Марказий божхона лабораторияси;
  • Миллий кинология маркази.

Давлат божхона қўмитасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатларини ҳимоя қилиш;
  • ўз ваколати доирасида Ўзбекистон иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва унинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш;
  • божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга ошириш;
  • божхона тўловларини ундириш;
  • божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш, қонун ҳужжатлари бузилишларининг, шу жумладан контрабанданинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш;
  • ўз ваколатлари доирасида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;
  • божхона назорати шакли сифатида товарлар чиқариб юборилгандан кейин ташқи иқтисодий фаолияти иштирокчиларининг фаолиятини баҳолаш ҳамда уларнинг товарлар ва транспорт воситалари чиқариб юборилгандан кейинги ҳисобини текширишни назарда тутувчи божхона аудитини амалга ошириш;