Ўзбекистон | 15:20 / 06.12.2021
41950
4 дақиқада ўқилади

Абгор манзиллар: Ғафур Ғулом боғининг ТТЗдаги шохобчаси

Мирзо Улуғбек туманидаги кам сонли боғлардан бири бугун абгор аҳволда. Ваҳоланки, бу ерлар бор-йўғи икки йил олдин аҳолининг севимли маскани эди. “Абгор манзиллар” кўрсатуви бу гал Ғафур Ғулом боғининг шохобчасидаги ҳолат ҳақида ҳикоя қилади.

Эътибор бердингизми, охирги пайтларда ОАВда экология, 200 миллион дарахт, яшил макон, 8 фоиздан 30 фоизга, чанг-ғубор, сув танқислиги, ерости сувлари, карьерлар каби сўзлар анча урчиди. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир яхши ташаббуслар илгари сурилди, ўқиб киши хурсанд бўлади-я! Аммо биласизми, хурсанд бўлишга арзигулик ишлар қилинмади ҳали. Хафа бўлишга, дод солишга арзигулик ишлар эса керагидан ортиқ.

Янги яшил ҳудудлар яратиш, дарахтлар экиш ва сувни асраш зарурлиги ҳақида гапирилаётгани яхши албатта, лекин ундан ҳам олдин мавжуд яшилликни асраб қолиш ҳақида бош қотириш тўғрироқ эмасми?

Афтидан айрим раҳбарлар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини пул қилишнинг янги схемаси, деб ўйлашяпти чоғи. Ахир йилига 200 миллион туп кўчат, уларни суғориш ва янги боғлар барпо этиш харажатлари ҳазилакам пул бўлмайди. Бироқ янгисини қуришдан аввал эскисини асраш, борини авайлаш ҳақида ҳам ўйлаб кўрамизми?

“Абгор манзиллар” кўрсатувининг илк сонида ҳудудининг катта қисми ёпиқ қарорлар билан бўлакларга бўлиб, сотиб юборилган Абдулла Қодирий номидаги боғ ҳақида қайғургандик. Экология қўмитаси боғдаги аҳволни ўнглаш бўйича давомли чоралар кўришини маълум қилган.

“Абгор манзиллар”нинг бу сони яна бир боғ ҳақида. Пойтахтнинг ТТЗ мавзесида жойлашган Ғафур Ғулом номидаги боғнинг шохобчаси бўлмиш мўъжаз боғ кўрсатувимиз номидаги сўздек бўлиб ётибди. 1 гектарга яқин яшил ҳудуд 2019 йилдан кейин қаровсиз қолиб кетган. Эътибор беринг, ўз-ўзидан шу ҳолга келмаган, аксинча, кимнингдир буйруғи билан боғ салкам бузиб ташланган. Калаванинг учи яна шаҳар ҳокимлигига бориб тақаляпти.

Аввалига Маданият вазирлигига тегишли ҳудуд, деб билганимиз ҳолат суриштирувлардан кейин Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансида экани ва “Ягона буюртмачи” инжиниринг компанияси томонидан бу ерда нималардир қурилиши белгиланган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар билан тўлдирилди. Шаҳар ҳокимлиги масъули бу борадаги саволларимизни расмий хат сифатида йўллашимиз кераклигини билдирди. Биз ҳокимликнинг хатимизга жавобини тез орада сайтимизда эълон қиламиз, деган умиддамиз.

Кўрсатув давомида экология инспектори, маҳалла раиси, туман Ободонлаштириш бошқармаси вакили ўз хулосаларини беришди, тайин-нотайин важлар келтиришди, қилинган ишлар ҳақида гапиришди. Аҳоли вакиллари эса ушбу сўлим боғни ҳақиқий эгалари бўлмиш халққа – ўзларига қайтариб беришларини сўрашди. Боғда қурилиш ва ободонлаштириш ишларини бошлаб қўйган пудратчи ташкилот прораби эса тўсатдан юқоридан келган буйруқ билан ишлар тўхтатилгани, уларни аро йўлда ташлаб қўйишганини айтиб берди. Ишларни тўхтатишга ким буйруқ берган, нима учун, бизга қоронғи.

Сўнгги пайтларда ҳокимликка ОАВ томонидан яшил ҳудудлар ва шаҳар экологияси бўйича кўпдан кўп саволлар берилмоқда, бироқ ҳокимлик кўплаб ҳолатларда шунчаки сукут сақламоқда.

“Абгор манзиллар” ўз йўлида давом этади – биз суратга олган бирор ҳудудни шундай ташлаб қўймаймиз, билъакс, тақдири билан охиригача қизиқамиз. Кўрсатувни томоша қилибгина қолмай, унинг остидаги изоҳларда биз боришимиз лозим бўлган абгор манзиллар ҳақида ёзиб қолдиринг. Биз имкон қадар уларни ёритамиз.

Бобур Акмалов,
Kun.uz мухбири

Тасвирчилар:
Азимжон Воҳидов,
Абдуқодир Тўлқинов

Монтаж устаси:
Азимжон Воҳидов

Мавзуга оид