Ўзбекистон | 08:07 / 28.07.2020
8461
2 дақиқада ўқилади

Болалар коронавирусни асосан аломатсиз ёки енгил шаклда ўтказади. Уларга кўпроқ суюқлик ва болалар парацетамоли бериш зарур - Оқилов

Болаларда фақат тумов, иситма кўтарилиши, томоқ қирилиши, ич қотиши каби аломатлар кузатилиши мумкин. 

АОКА ҳузуридаги штабда Коронавирусга қарши штаб аъзоси Ҳабибулла Оқилов иштирокида брифинг ўтказилди. Унда коронавирус инфекциясини даволаш ва касалликнинг олдини олиш бўйича саволларга жавоб қайтарилди.

Ҳабибулла Оқиловнинг сўзларига кўра, болалар билан яқин алоқада инфекция юқтиришдан сақланишнинг имкони йўқ. 

“Агар изоляцияланиш имкониятингиз бўлмаса, болалар ҳам инфекция юқтиришлари эҳтимоли катта. Чунки вируснинг юқумлилиги ўта юқори.

Ҳатто мунтазам ҳимоя чоралари: қўлни совунлаб ювиш, ниқоб тақиш, санитайзерлар, тузли эритмалар ҳам битта жойда бўлганда инфекция юқишидан ҳимоя қила олмайди.

Шу ўринда унутмаслик керак, болалар COVID-19’ни асосан симптомларсиз ёки енгил шаклда ўтказишади”, - деди у. 

Коронавирусга қарши штаб аъзосининг билдиришича, болаларда фақат тумов, иситма кўтарилиши, томоқ қирилиши, ич қотиши каби аломатлар кузатилиши мумкин. Бироқ аксарият ҳолатларда болалар ўзларини яхши ҳис қилишади ва катталарга қараганда кучли лоҳаслик ёки иштаҳа йўқолиши каби белгилар кузатилмайди.

Аломатлар пайдо бўлганда симптоматик даволаш: суюқлик ичириб болани терлатиш, бурунни тузли эритмада чайиш, иситма 38,5дан юқори  кўтарилганда - болалар парацетамоли бериш зарур, дейилган маълумотда. 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид