Жаҳон | 19:30 / 02.12.2021
46576
4 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг қиммат шаҳарлари рейтингида етакчи ўзгарди. Тошкент энг арзон шаҳарлар бешталигида

Тель-Авив дунёдаги энг қиммат шаҳар деб топилди. Шаҳарнинг бундай «кўтарилиши» Исроил валютаси мустаҳкамланиши билан боғлиқ.

Фото: Gil Cohen-Magen/AFP/Getty Images

Economist Group’нинг Economist Intelligence Unit таҳлилий бўлими томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Исроилнинг Тель-Авив шаҳри яшаш учун энг қиммат шаҳар деб топилган. Ўтган йили мазкур шаҳар рейтингнинг бешинчи қаторидан жой эгаллаганди.

Цюрих ва Ҳонгконг ҳам биринчи ўнталикдан жой эгаллади (ўтган йили улар биринчи ўринни Париж билан бўлишган эди, энди эса 4 ва 5-қаторларда), улардан кейинги ўринлар Нью-Йорк, Женева, Копенҳаген, Лос-Анджелес ва Осакага тегишли.

Лондон уч бандга кўтарилиб, 17-ўриндан жой олган. Москва рўйхатнинг ўрталарида – 96-ўринда, бироқ у ўсиш тенденциялари энг сезиларли бўлган шаҳарлар ўнталигига кирди (Россия пойтахти рейтингда 10та қаторга илгарилаган).

Теҳрон (нисбатан) ўсиш кўрсаткичи бўйича рекордчига айланди. У ерда АҚШ санкциялари ҳаёт қийматини шу даражада ошириб юбордики, Эрон пойтахти 12 ойда 79-ўриндан 29-ўринга кўтарилди.

Тадқиқот муаллифлари жами 173та йирик шаҳарлардаги товар ва хизматларни АҚШ долларида таққослашди. Улар тадқиқ этилган шаҳарларда маҳаллий валютада нархлар ўртача 3,5 фоизга ўсган деган хулосага келишди. Мазкур кўрсаткич эса сўнгги 5 йилда қайд этилган инфляциянинг энг юқори даражасидир. Энг сезиларли ўсиш транспорт соҳасига тўғри келган. Бензин нархи ўртача 21 фоизга ошган.

Шаҳарнинг бундай «кўтарилиши» Исроил валютаси  мустаҳкамланиши билан боғлиқ. Фото: REUTERS

Тель-Авивнинг “кўтарилиши” кўп жиҳатдан Исроил валютаси – шекелнинг долларга нисбатан мустаҳкамланиши билан боғлиқ. Товарлар, биринчи навбатда озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг сезиларли ўсиши (10 фоизга яқин) таъсир кўрсатди.

Тель-Авив спиртли ичимликлар ва транспорт қимматлиги бўйича иккинчи ўринни, шахсий гигиена буюмлари бўйича бешинчи, кўнгилочар масканлардаги нархлар бўйича олтинчи ўринни эгаллади. Economist барча ҳисоб-китобларида уй-жой нархларини ҳисобга олмаган.

“Тель-Авив бутун мамлакат каби қимматлашишда давом этади. Асосий муаммо шундаки, Исроилда бошқа йирик шаҳарлар мавжуд эмас. АҚШда Нью-Йорк, Чикаго, Майами ва ҳ.к, Буюк Британияда эса Лондон, Манчестер, Ливерпуль бор. У ерда яшаш жуда қимматлашса, бошқа шаҳарга кўчиб кетиш мумкин”, дейди шаҳар мэри Рон Хульдаи Haaretz газетасига берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, тез орада Тель-Авивни ҳақиқий “портлаш” кутмоқда.

Ҳисобот муаллифларининг қайд этишича, коронавирус пандемияси рейтингга сезиларли ўзгаришлар киритишда давом этяпти.

“Эмланиш давом этар экан, кўплаб иқтисодиётлар ўзига кела бошлади, йирик шаҳарларда касалланиш аввалгидек авж оляпти, бу эса чеклов чораларини қўллашга мажбур қилади. Кўплаб шаҳарларда мазкур ҳолат етказиб беришдаги узилишларга ва натижада тақчиллик ҳамда нархлар кўтарилишига олиб келади”, - дея ёзмоқда улар.

Умуман олганда, Economist прогнозларига кўра, келаси йили нархлар ўсиши секинлашиши керак. Чунки бутун дунё бўйлаб марказий банклар инфляцияни жиловлаш мақсадида фоиз ставкаларини эҳтиёткорлик билан кўтаришни бошлайди.

Бешта энг қиммат шаҳарлар

Тель-Авив

Париж

Сингапур

Цюрих

Ҳонгконг     

Бешта энг арзон шаҳарлар

Дамашқ

Триполи

Тошкент

Тунис

Олмаота

Мавзуга оид