Иқтисодиёт | 19:27 / 21.01.2022
46067
19 дақиқада ўқилади

Солиқ қўмитаси нега яна эътибор марказида? Муаммолар туғдирадиган ўзгаришлар ҳақида

Охирги пайтларда экспертларнинг, ҳисобчиларнинг ва тадбиркорларнинг бош солиқ идорамиз қарорлари билан боғлиқ хавотирли овозлари янграй бошлади. Kun.uz мутахассислардан бунинг сабаблари ҳақида сўради. 

Отабек Бакиров, иқтисодчи:

Солиқ қонунчилиги ва маъмурчилигидаги ўзгаришлар бўйича эътирозларнинг энг асосий илдизи Солиқ органлари ва бизнес ҳамжамияти ўртасида диалог йўқлигининг натижаси. Биз ҳозирча ҳар икки томондан ҳам фақат монологларни эшитяпмиз.

Афсуски, муаммолар, мен айниқса, мулк солиғини назарда тутяпман, парламент муҳокамалари вақтидаёқ бартараф этилиши керак эди. Агар амалдаги парламент Ўзбекистон жамиятини, унинг бизнес ҳамжамиятини ҳам ифода этганида.

Муаммолар, ҳаттоки вилоят ва туман кенгашларида, маҳаллий бюджетларни тасдиқлаш жараёнида ҳам ечилса бўларди. Мулк солиғи бўйича камайтирувчи коэффициентлар қўлланмаганидан кўряпмизки, маҳаллий кенгашлар ҳам тадбиркорлар манфаатларини ифодаламас экан.

Солиқ маъмурчилигини рақамлаштириш ва бизнесни соядан чиқариш ниятлари эзгу, лекин амалда қўлланаётган тадбирлар, агар бизнеснинг ҳам ютуғига хизмат қилиши таъминланмаса, тескари натижалар беради. Бунинг ҳаммаси оқибатда чўнтагимизда акс этади.

Маъмурчилик ва қоидалардаги ўзгаришлар, токи бу ўзгаришлар тўлиқ кучга киргунча ва хатолар бартараф этилмагунча, бизнесни жазолаш воситасига айланмаслиги керак. Ҳар бир ўзгариш кўникиш ва бизнес йўриқларини ўзгартиришга имкон берадиган камида уч ойлик ўтиш даври қоидаларини инобатга олиши лозим.

 

Юлий Юсупов, иқтисодчи:  

Сўнгги 1,5-2 йил давомида солиқ қўмитасининг ваколат ва имкониятлари тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқ ва эркинликларига зарар етказадиган даражада ошгани кузатилмоқда. Бу қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш орқали ҳам, қўмита томонидан ушбу ваколатларни кескин тортиб олиш орқали ҳам содир бўлади.

Қўмита ўз хатти-ҳаракатларини бизнесни соядан чиқариш, «қочувчилар»ни солиқ тўлашга мажбурлаш, ҳамма учун ягона тартиб ўрнатиш зарурлиги билан оқлайди. Мақсад тўғри. Аммо бу унга эришиш учун ҳеч қандай воситани оқламайди. Ва баъзи воситалар нафақат мумкин бўлган фойдаларни йўққа чиқаради, балки охир-оқибат мақсадга қарши ишлайди.

Иккита мисол. Биринчиси, ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани беришни рад этиш ёки тугатиш, бу солиқни тўлаш билан боғлиқ бўлмаган баъзи бир кичик қоидабузарликлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ҳуқуқбузарликларни жазолашнинг бошқа усуллари ҳам бор, кўпроқ тасодифий хатолар учун. Жазо сифатида ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани қайтариб олиш ёки бермасликдан фойдаланиш ўта муваффақиятсиз ва зарарли усулдир.

Нега? Биринчидан, бу компанияни ҳеч ким ишлашни истамайдиган «оқ қарға»га айлантиради. Бу эса компанияни тўлиқ ишлаш ва ўша солиқларни тўлаш учун пул топиш имкониятидан маҳрум қилади, ходимларга иш ҳақи тўлаш ҳақида айтмаса ҳам бўлади. Иккинчидан, Давлат солиқ қўмитаси қўшилган қиймат солиғини тўлаш занжирларини ўз қўли билан йўқ қилиб, мазкур солиқни обрўсизлантириб, бизнесни сояга суряпти. Бу худди ходим иш жойига сигарет қолдиғини ташлагани учун унинг қўлини кесиб, меҳнат унумдорлиги ошишини кутиш билан бир хил.

Иккинчи мисол – бошқа компанияларнинг эҳтимолий (баъзан хаёлий) қоидабузарликлари ва хатолари учун айбсиз жазолаш. Мисол учун, шериклардан бири Қўмита олдида нотўғри иш қилган бўлса, сиз тўлаб қўйган ҚҚСингизни қайта тўлашингиз кераклиги ёки илгари тўланган ҚҚСни ҳисобга қўшиш имкони йўқлиги. Ким жаримага лойиқ иш қилган бўлса, ўшани жазоланг! Виждонли солиқ тўловчида нима айб? Бу абсурднинг юқори чўққиси!

Солиқ маъмурчилиги муаммоларининг яна бир жиҳати ҳақида. Ҳа, қонунларга риоя қилиш керак. Аммо шундай ёмон қонунлар борки, уларга риоя қилиш жамиятга фойда келтирмайди, аксинча, қимматга тушади. Агар давлат бундай ёмон қонунларга риоя қилишга кўз юмса, яхши, сиз уларни унутишингиз мумкин. Аммо агар давлат уларга риоя қилишни талаб этса, уларни бекор қилиш ҳақида ўйлаш керак. Масалан, юридик шахс (оилавий корхоналардан ташқари) нотурар жой биноларига эгалик қилиши ёки уни ижарага олиши керак деган талаб.

Бундан ташқари, Давлат солиқ қўмитасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда кўрсатилмаган талаблари билан мустаҳкамланган, офис майдони камида 18 квадрат метр бўлиши керак ҳамда ходимлар сони 4 нафардан кам бўлмаслиги керак деган талаб. Агар сиз ушбу мезонларга риоя қилмасангиз, бу сизнинг компаниянгиз фирибгар компанияга айланишига олиб келиши мумкин.

Айтинг-чи, нега 21 асрда, унинг устига пандемия пайтида бундай талаблар керак? Офисдан ташқарида амалга оширилиши мумкин бўлган ва / ёки 1-2 ходим етарли бўлган иш турлари мавжуд. Давлат, айниқса пандемия шароитида, масофавий ишлашни рағбатлантириши керак, бунинг учун жазоламаслиги керак. Бизда эса аксинча...

Ва бу бизнес ва экспертларнинг молия органларимиз ҳаракатларига нисбатан эътирозларининг тўлиқ рўйхати эмас. Бизнес юритиш харажатларини оширадиган, ишбилармонлик муҳитини ёмонлаштирадиган ва шу билан иқтисодий ўсиш ва солиқ солинадиган базанинг ўсиши имкониятларини чеклайдиган яна кўплаб омиллар мавжуд.

Оксана Огневчук, бухгалтер:

Шубҳасиз, ҚҚС занжирида узилишларга йўл қўйиб бўлмайди, чунки бундай узилишлар, корхоналарга тўлиқ аниқ бўлмаган ва ёмон назорат қилинадиган мезонлар бўйича орқаваротдан «ҚҚСдан чиқариб ташлаш» механизмини ҳисобга оладиган бўлсак, бир томондан потенциал равишда «қувилган» корхоналарнинг рақобатбардошлиги йўқотилишига ва уларнинг шу сабабли ёпилишига олиб келади. Бошқа томондан, биз – охирги истеъмолчи учун товарлар ва хизматлар нархидаги билвосита солиқлар улушини оширади.

Аммо шуни ҳам ёдда тутиш керакки, замонавий бизнес жараёнлар ва бизнес схемаларининг мураккаблиги, шунингдек, солиқ тўловчилар ҳаракатларининг яхлитлигини назорат қилиш имконияти чеклангани боис, мамлакат бюджетини тўлдиришни таъминлашнинг ягона йўли рақамлаштириш ва хавф-таҳлилдан фойдаланиш. Шу нуқтайи назардан қараганда, солиқ органларининг хатти-ҳаракатларини тушуниш мумкин.

Шу билан бирга, рақамли ечимлар, албатта, янада сифатли бўлиши ва пухта синовдан ўтказилгандан сўнг фойдаланишга топширилиши керак. Агар тест «жонли» маълумотлар бўйича ўтказилса, ҳеч бўлмаганда бундай тест даврида, жазо чоралари қўлланмаслиги керак.

Солиқ кодексининг янги таҳрири анча замонавий бўлиб кўринади ва биринчи навбатда солиққа тортиш мақсадида илгари солиқ тўлашдан «тушиб қолган» йирик тадбиркорлик субъектларининг даромадларини солиққа тортишга қаратилган. Электрон ҳисоб-фактура тизимларининг аналоглари ва товар-транспорт ҳужжатларини электрон (солиқ порталида) рўйхатдан ўтказиш кўпдан бери кўпгина мамлакатлар, жумладан, Грузия, Туркия ва Озарбойжоннинг солиқ хизматлари арсеналида мавжуд. Қўшни Қозоғистонда «Виртуал омбор» модули 2018 йилда ишга туширилганди.

ҚҚС назорати ва маъмурияти бўйича Россия тажрибаси умуман олганда ёмон эмас. Россия Федерациясида ҚҚС-2 ва ҚҚС-3 ресурслари жорий этилгандан сўнг, «нақдлаштирувчи» фирмалар сонини сезиларли даражада камайтириш мумкин бўлди (назорат жорий этилган пайтда 40 фоиздан 7 фоизгача).

Бугунги кунда аксарият мамлакатларда солиқларни тўламаслик хавфининг айрим соҳаларини тартибга солиш билан қамраб олмайдиган солиқ доктриналари деб аталадиган ёндашув қўлланади. Бундай ҳолларда солиқ органлари «олдини олиш» билан шуғулланади – қонунда белгиланганидан ортиқ равишда операцияларни назорат қилиш ва қайта квалификация қилиш механизмларини жорий қилади. Кейинчалик қонун зарур регламент билан тўлдирилади.

Надежда Солдатова, бухгалтерлик ҳисоботи бўйича эксперт:

2022 йил кириб келиши билан мамлакат бухгалтерлари ҳамжамияти Давлат назорати органлари томонидан киритилган жуда кўп янгиликларга тўқнаш келди. Албатта бу ҳолат нафақат кўплаб саволлар пайдо бўлишига, балки бухгалтерия ҳисоботи соҳасида ишлайдиган ходимларнинг бир неча омилларга асосланган норозиликларини ҳам келтириб чиқарди. Қизиғи шундаки, бу саволларга ўша органларнинг ўзлари ҳар доим ҳам жавоб топа олмай қолади.

Солиқ органларининг ахборот тизимларига боғланган ҳамда солиқ тўловчилар маълумот базасини доимо таҳлил қилиб келадиган «Светофорлар тизими» ана шунақа омиллардан бири саналади. Ва борди-ю асослар – солиқ тўловчиларнинг гувоҳликлари аниқланадиган бўлса, ҚҚС автоматик тарзда тўхтатиб қўйилади ва бу контрагент корхоналар билан на бу ва на бошқа тарафдан ишлаш мумкин бўлган ҳолат юзага келишига олиб келади. 

Солиқ тўловчининг шахсий кабинетида, «ҚҚС тўловчиларининг махсус рўйхатга олиш» бўлимида ўз гувоҳномасининг мақомини текшириб кўриш мумкин. Ушбу иловани очиб, гувоҳноманинг тўхтатиб қўйилиш сабабини тушуниб олиш мумкин. Агар солиқ тўловчида бирорта «қизил белги» борлиги аниқланса, гувоҳномани қайта амалга киритиш, яъни сабабларни бартараф этиш зарур бўлади.

Албатта, бу кичик бизнес вакилларининг норозилигини келтириб чиқарди, негаки вазиятни тўғрилаш учун ҳам муддат ва кўп меҳнат қилиш керак бўлади. Назорат органларининг сабаблар бартараф этилиши билан гувоҳнома ўз кучини бир кеча-кундузда қайта тикланади, дея ишонтиришларига қарамай, амалда вазият бутунлай бошқача. Доимо ўзингиз ҳақингизда эслатиб туришингиз, гувоҳномани тиклаш учун машаққат чекишингиз керак бўлади.

Ўта тутуриқсиз деса бўладиган сабаблар мавжуд! Мисол учун, кўп йиллар олдин бюджетга қарзини тўламагани учун тугатилган корхонага раҳбарлик қилган одамга қарашли корхонанинг ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси тўхтатиб қўйилмоқда... Қизиғи шундаки, бундай вазиятларда даъво қилиш муддати ҳам фуқаролик, ҳам Солиқ кодексига асосан ниҳоясига етгани мутлақо ҳисобга олинмайди. Корхонанинг ўзи аллақачон тугатилган, бу эса хоҳиш бўлган тақдирда ҳам бюджет олдидаги қарзларни қоплаш имкониятини бермайди. Қизиғи шундаки, ушбу қарз мажбурияти қандай пайдо бўлгани ҳам тушунарсиз, чунки корхонани тугатиш жараёни Давлат солиқ инспекциясининг иштирокисиз ўтмайди, ҳолбуки қарздорлик йўқ қилинмай туриб, корхонани тугатиш мумкин эмас эди. Ушбу масала бўйича ҳеч қандай таклифлар ва изоҳларни топишнинг ҳеч қанақа имконияти йўқ. Бунинг учун эса обрўсига мутлақо доғ туширмаган раҳбарни топиш керак бўлади. Бу зарурат, шу жумладан, корхона учун ҳам доим ноқулайликлар келтиради.

Шунингдек, янги e-ijara ва e-aktiv ҳисобот маҳсулотларининг жорий этилиши оқибатида ҳам назорат тизимларининг «қора рўйхати»га тушиб қолиш мумкин. Ушбу тизимларда ишлайдиганларни ҳайрон қолдирадиган омиллардан бири – мазкур тизимларда ишлаш бўйича пухта ва аниқ йўриқномалар йўқлиги. Баъзи тушунарсиз саволларга бухгалтерия ҳисоботи бўйича мутахассисларга шахсан мурожаат қилиб жавоб олиш мумкин. Аммо қоидаларни ишлаб чиқувчи ва татбиқ этувчи органлар жорий этилаётган янгиликларни фаолият жараёнида хатоларга йўл қўйилишидан қўрқмаган ҳолатда батафсил ўрганиб олишга тўлақонли имконият тақдим этмаяптилар. Чунончи, e-aktiv тизимида қуйидагилар кўзда тутилмаган:

  • маҳсулот тайёрлашга кетадиган материаллар сарфи ва ишлаб чиқариш материалларини ҳисобдан чиқаришнинг меъёрини ҳисобга олиш;
  • қайта ишлашга берилган хом ашё ҳисобини юритиш;
  • ишлаб чиқаришдаги брак ва ишлаб чиқаришда йўл қўйилаётган йўқотишлар ҳисобини юритиш ва ҳоказо;
  • товар-материал харажатларини ҳисобдан чиқаришнинг турли услубларини қўллаш имконияти;
  • бир ой давомида тайёр маҳсулот сотилишини: режадаги таннарх ва таннарх ёки сотув нархлари бўйича акс эттириш имконияти;
  • e-aktiv тизимининг 1С, 1UZ ва бошқа бухгалтерлик дастурлари билан интеграцияси.

Ҳозирча, 2022 йил 1 июлигача бу тизим ҚҚС тўловчисининг гувоҳномасига таъсир этмай туради, бироқ ҳозирдан бошлаб бу тизим билан ишлаш хавотирларни уйғотмоқда.

e-ijara тизими ҳақида сўз юритиб, ҚҚС тўловчиси гувоҳномасининг амал қилиши тўхтатилишига қайтсак, бу ҳолатда солиқ тўловчилар яна муаммоларга тўқнаш келиб қолдилар. Икки юридик шахс бу масалани тезда ҳал қилиши мумкин. Агар ижарага берувчи жисмоний шахс бўлган тақдирда ҳам бу масалани ҳал қилиш мумкин, негаки жисмоний шахслар билан ижара шартномасини ҳисобга олиш тизими ишлай бошлаганига анча бўлиб қолди. Бироқ агар сиз уч томонлама шартнома тузган бўлсангиз-у, унда ижарага берувчи Давлат активларини бошқариш агентлиги бўлса, унда нима бўлади? Ахир, кўплаб корхоналар давлат мулкларини сотиш бўйича электрон савдо жараёнида иштирок этишларига тўғри келади ва давлат мулкини ижарага тақдим этиш ҳам муайян муддатларни талаб этади.

Муваффақиятли кечган савдолар натижаси бўйича тузилган шартномани ҳам рўйхатдан ўтказишга ҳам вақт кетади. Ҳолбуки, Давлат солиқ инспекцияси билан Давлат активларини бошқариш агентлиги ўртасида электрон ҳамкорлик тўғрисида битим тузилганига, икки ташкилот ўртасида тузилган шартнома доирасида электрон маълумотлари алмашинуви йўлга қўйилганига ва Давлат активларини бошқариш агентлиги давлат мулкининг ижараси (сотуви) ҳақидаги маълумотларни мустақил равишда тақдим этиш мажбуриятини ўз зиммасига олганига қарамай, e-ijara тизимида рўйхатдан ўтмаслик гувоҳноманинг мақомига таъсир кўрсатади.

Фаолият юритиш учун 18 квадрат метр майдон бўлиши шартлиги тўғрисидаги меъёр кичик бизнеснинг барча вакиллари томонидан танқид қилинганди. Бино ёки жойи мавжудлиги тасдиқланмаган ташкилотлар таҳликанинг юқори (қизил) даражасига тушиб қолишлари мумкин, бу эса уларнинг бошқа ҚҚС тўловчилари (контрагентлар) билан ишлашига таъсир этади, чунки улар бундай ширкат билан ишлашдан воз кечишлари мумкин. 

Шу билан бирга, жисмоний офисга эгалик қилмай турган ҳолда фаолият юритишнинг қатор турлари мавжуд. Айниқса пандемия даврида кўплаб корхоналар масофадан туриб ишлаш тартибига ўтиб олганларида бундай фаолият услуби долзарб бўлиб қолди. Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев 17 январь куни ўтказилган матбуот анжуманида ўзининг хусусий биноси ёки хонасига эга бўлмаган баъзи соҳа вакилларига истисно тариқасида шундай гувоҳнома тақдим этиш бўйича қарор ишлаб чиқарилишини билдирди. Энди шундай қарор чиқишини кутамиз ва юқорида зикр этилган ширкатларнинг олдида турган реал муаммоларини ҳал қила оладими ёки йўқлигини кўрамиз.

Электрон ҳисоб-фактураларни (ЭСФ) тақдим этиш тизимида юзага калган вазият ҳам кишини анча ҳайрон қолдирмоқда. Бу тизимнинг жорий этилиши аслида бухгалтерлар ишини енгиллатишга, қоғозбозликни камайтиришга қаратилган эди, аммо доимо алмашиб турадиган маҳсулот ва хизматларнинг идентификациявий кодлари, ўлчов бирликларида юзага келадиган доимий ноқисликлар ва айниқса тузатиш киритилган ЭСФларни тақдим этиш имкониятидан мосуво бўлиш каби доимий кўринишдаги янгиликлар жорий этилиши билан бухгалтерларнинг ташвишлари енгилламай, аксинча жуда ҳам қийинлашди ва ҳатто корхоналарнинг қонуний ҳуқуқларидан маҳрум этиб қўйди. 

Давлат солиқ қўмитаси ушбу масалаларни қайта кўриб чиқади ҳамда ҳужжатларга тузатиш киритиш имкониятини беради дея умид қиламиз. Негаки, кўп миқдордаги юкларни жўнатар экансиз, клавишларни босишда хато қилиб қўйиш эҳтимоли бор-у, аммо тузатиш киритиш имконияти йўқ.

ҚҚС занжирининг узилиши коэффициенти тўғрисида эса гапирмаса ҳам бўлаверади. Бу ерда нима қаердан келганини тушунишнинг ўзи мушкул иш. Ҳатто товарни чет элдан ўзлари олиб келиб, божхонада расмийлаштириб, ҚҚСни тўлаган импорт билан шуғулланувчи корхоналар ҳам ўзларининг ЭСФларида «қизарган-бўзарган» коэффициентни кўриб қолишлари мумкин. Бу ҳолат қандай юзага келди деган саволга эса жавоб йўқ.

Ишчилари кўп бўлган корхоналарда ҳам аҳвол шунга ўхшаб кетади. «Қизил зона»га тушиб қолмаслик учун энди корхонада камида 4 киши ишлаётган бўлиш керак. Агар бунга эҳтиёж бўлмаса, нима бўлади? Корхона мутлақо кераксиз штатдаги ва штатдан ташқари ўринларни яратишга қаратилган кераксиз харажатларни қоплашга имкониятлар қидириб юриши керакми? «Ўлик жонлар»ни тўплаш кимга керак? Нега энди бу масалани корхона раҳбарияти ихтиёрига қўйиб берилмаяпти. Ҳар ҳолда, иш жараёнида ишчиларнинг сони тўғрисидаги масала аниқ ва равшан бўлиб қолади-ку? Ишсизликка қарши кураш дея хўжакўрсинга қабул қилинаётган чоралар кўринишдан чиройли, аммо ясама статистик маълумотларни тузишдан бошқа нарсага ярамайди.

Мулк солиғини ҳисоблаш соҳасидаги ўзгаришлар эса умуман кичик бизнес вакилларининг улкан қатламини «эгардан туширди». Гарчи, мазкур ўзгаришлар ўта гўзал тарзда бюджет фойдасига изоҳлаб берилган бўлса-да, ушбу бизнес вакилларининг ўзлари солиқни баҳолаш ва ҳисоблашнинг адолатини исботлай туриб доимий стресс ҳолатида қолишларини яхши тушунадилар.

Аҳвол шунчаликка бордики, кичик бизнес мавжуд воқеликда чиндан ҳам оғир зарба остида қолди. Айниқса, барча функцияларни бажарадиган биргина штатдаги бухгалтер ишлайдиган кичик корхоналарнинг аҳволи оғирлашди. Бу бухгалтер ҳам бош, ҳам моддий, ҳам ҳисоб-китоб бухгалтери вазифаларини бажаришдан ташқари кадрлар бўлимига ҳам раҳбарлик қилади. Пойтахтдан ташқарида, вилоятларда ишлайдиганларнинг ҳаётини электр таъминотидаги доимий узилишлар мураккаблаштириб туради. Сайтлар ва тизимларнинг ишлашини барқарор деб бўлмайди, электр таъминотидаги муаммолар эса яна битта сезиларли бош оғриғи бўлиб қолмоқда.

ҚҚС тўлаш даражасига чиқиб олган якка тартибда тадбиркорлик қилаётганлар ёки импорт товар олиб кирганларнинг ҳоли ачинарли бўлиб қолди. Улар бизнес билан шуғуллансинларми ёки тизимги кириб олиб, нималар содир бўлаётганини тушунишга ҳаракат қилишсинми? Ваҳоланки, уларнинг аксарияти ўз бизнесларини фаолият турига қараб белгиланган солиқ ставкасини абонент тўлови каби тўланадиган пайтда бошлаганлар ва бухгалтерия ҳисоботи қоидаларидан бехабар бўлганлар. Шу ўринда ҳар қандай бизнес эгаларига, катта бўладими ёки кичикми, молиявий саводхонлик жуда ҳам асқотишини эслатиб ўтиш жоиз.

Албатта, мавжуд солиқ маъмурчилиги тартибларига ишни осонлаштирадиган ва бизнесни ривожлантиришга қаратилган ўзгартиришлар киритилиши зарур эди. Бунинг акси бўлиб чиқмаяптими?

Қайд этиш жоизки, ҳозир содир бўлаётган ишларнинг бари нафақат бизнесга, балки мамлакат бюджетига ҳам таъсир кўрсатади. Ҳолбуки, кўплаб компаниялар ўз фаолиятини яхши юрита олмас экан, солиққа пул ажратиш базасини ҳам йўқотиб қўяди.  

Борди-ю, корхонанинг камчилик ва нуқсонлари бўлса, шартта гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб қўймай, уларни бартараф этиш учун қандайдир муддат тақдим этиш зарур. Белгиланган муддат ичида камчиликларни бартараф этишга чора кўрилмаса, шундан кейин чора кўриш керак. Тадбиркорликни қўллаш ҳақида ўйлаб кўрилса, зарар қилмайди.

Шокир Шарипов тайёрлади

Муаллиф:  Шокир Шарипов

Мавзуга оид