12:01 / 19.05.2021
44966

Ички ишлар вазири Андижондаги зўрлаш воқеасини ўз назоратига олди. Ишга ИИВнинг алоҳида мутахассислари жалб этилган

Фото: KUN.UZ

Жорий йил 13 май куни Андижон вилояти, Андижон туманида ҳомиладор аёлга нисбатан содир этилган зўравонлик жинояти аҳоли ўртасида шов-шувга сабаб бўлиб, ижтимоий тармоқларда турли изоҳларни келтириб чиқармоқда.

ИИВ ахборот хизмати хабарига кўра, шу йилнинг 14 май куни Андижон тумани ИИБга шу туманда яшовчи, 2002 йилда туғилган фуқаро О.О. мурожаат қилиб, бир кун олдин, 13 май соат тахминан 16:00ларда Андижон тумани Қорақалпоқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган дала шийпонида ўзига таниш бўлган икки эркак томонидан зўрланиб, жинсий алоқада бўлганлигини баён қилган.

Воқеа жойига дарҳол тергов-тезкор гуруҳи чиқиб, белгиланган тартибда кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатлари ва тезкор тадбирлар амалга оширилган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 118-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари Андижон вилояти ИИБ томонидан амалга оширилмоқда. Ишга Ички ишлар вазирлигининг алоҳида мутахассислари жалб этилган.

Қайд этилишича, ҳозирда воқеа жойидаги ашёлар, биологик излар, жабрланувчи ва гумонланувчиларга тегишли кийимлар далил тариқасида олиниб, суд-тиббий экспертиза, судга оид биологик экспертиза ва судга оид физика-техникавий экспертизалар тайинланган.

Шунингдек, жабрланувчи О.О.нинг кўрсатмасига кўра, унга зўрлик ишлатган ҳамда жинсий алоқада бўлганлиги важ қилинаётган олти нафар гумонланувчи фуқароларнинг кўрсатмалари, воқеанинг хронологик тартиби ҳамда мавжуд гувоҳлар баёнотлари тўлиқ ўрганилмоқда. Воқеа юзасидан гумонланувчилар ва гувоҳлар кўрсатмалари, дастлабки суд-тиббий экспертизаси натижалари ҳамда жабрланувчи кўрсатмалари ўртасида жиддий тафовутлар борлиги сабабли, қўшимча тергов ва тезкор ҳаракатлари амалга оширилаётгани айтилган.
  
“Мазкур жиноятни фош этиш жараёни ички ишлар вазирининг шахсан назоратида бўлиб, ҳолат тўлиқ ўрганилмоқда. Тергов якуни бўйича ҳар бир иштирокчининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади ҳамда айбдорлар учун жазо муқаррарлиги таъминланиши кафолатланади. Бу ҳақда жамоатчиликка ўз вақтида ва батафсил эълон қилинади.

Шу муносабат билан фуқароларимиздан ҳамда ижтимоий тармоқ фаолларидан мазкур масала юзасидан ноўрин ва ҳақиқатдан йироқ маълумотларни тарқатмасликни, асл вазиятдан бехабар одамлар орасида шов-шувга сабаб бўлувчи ваҳима чиқармасликни сўраймиз”, дейилади ИИВ баёнотида.   

Бундан олдин, Андижонда гуруҳ бўлиб зўрлаш ҳолати Сенат назоратига олингани хабар қилинганди

Top