Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича президент қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга “оила – маҳалла – туман ва ҳудуд” тамойили асосида комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими жорий этилади ва жорий йилнинг 1 июнидан:

тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки жабрланиш хавфи остида бўлган хотин-қизларга ҳимоя ордери талаб этмаган ҳолда ижтимоий, психологик ва юридик хизматлар кўрсатиш тартиби жорий этилади;

хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ички ишлар органлари навбатчилик қисмининг “102” телефон рақамларига келиб тушган мурожаатлар асосида рўйхатга олинади;

тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида қуйидагилар амалга оширилади:

хотин-қизлар фаоли ва маҳалладаги профилактика инспектори иштирокида тазйиқ ва зўравонликни содир этган шахс билан суҳбат ўтказилиб, инспектор томонидан ҳимоя ордери расмийлаштирилади;

тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг шошилинч қабул бўлимларига жойлаштирилади;

расмийлаштирилган ҳимоя ордерлари ва жабрланган шахсларга доир маълумотлар “Инсон” марказларига “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали юборилади.

Шунингдек, тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахсларнинг реестри юритилади ва тазйиқдан жабрланган шахсларга руҳий инқироз ҳолатида бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида, шошилинч қабул бўлимларида тун-у кун ишлайдиган бирламчи кўмак хоналари ташкил этилади.

2024 йил 1 июндан Жиззах, Навоий ва Хоразм вилоятларида, 2024 йил 1 октябрдан республиканинг қолган барча ҳудудларида бирламчи кўмак хоналари фаолият бошлайди. Уларда зўравонликка дуч келган хотин-қизлар ва уларнинг фарзандлари 3 суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштирилади. Уларга шошилинч биринчи ёрдам, руҳий, психотерапевтик ёрдам кўрсатилади, юқумли касалликлар мавжудлиги тўғрисида таҳлиллар ўтказилади.

2024 йил 1 октябрдан ҳимоя ордери берилган ҳар бир ҳолатда тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахснинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастури “Инсон” марказлари билан келишилган ҳолда тасдиқланади;