Жамият | 07:40 / 06.08.2019
50134
5 дақиқада ўқилади

Мактабгача таълим вазирлиги ота-оналарга мурожаат билан чиқди

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги

Мактабгача таълим вазирлиги мактабгача таълим ташкилотига қабул қилиш механизмида юзага келган носозликлар бўйича мурожаат билан чиқди. Қайд этилишича, вазирлик юз берган носозлик учун узр сўрайди.

Айни пайтда ушбу носозликни бартараф этиш билан Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин бошчилигидаги ишчи гуруҳи шуғулланмоқда. Мазкур ишлар UZINFOCOM ҳамда Давлат хизматлари марказлари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

2019 йилнинг 30 июль куни тизим синов тарзида ишга туширилди ва у кенг қамровли қайта ишлаш ҳаракатларини амалга ошириш кераклигини кўрсатди. 

Биринчи муаммо. Ота-оналар томонидан нотўғри тўлдирилган аризалар.

Нотўғри тўлдирилган аризалар сабабли маълумотлар базаси ўзининг ишончлилигини йўқотди. 1,5 млн.та аризадан қарийб 100 мингтаси қўпол хатоликлар билан тўлдирилган.

Масалан:

Ота-она электрон аризани юборишни тўловларни қабул қилиш пункти ёки Интернет-кафе ходимларидан илтимос қилди. Жараённи тезлаштириш мақсадида ходим туғилганлик ҳақида гувоҳнома рақамлари ўрнига шунчаки нолларни (0), пробел (жой қолдириш) ёки ихтиёрий рақамларни киритди. Шундай қилиб, EMIS тизимида ҳар хил исмли лекин туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома рақамлари бир хил бўлган (ноллар (0), пробел (жой қолдириш) ёки ихтиёрий рақамлар) болалар пайдо бўлди ва оқибатда болаларнинг бири йўналиш олаётган пайтида тизим ишдан чиқди.

МТВнинг ҳаракати:

Нотўғри маълумотлар билан навбатга қўйилган болалар ўз жойини йўқотмаслиги учун биз 2018 йилнинг 1 – апрелидан бошлаб келиб тушган барча аризаларни қайта юклаяпмиз ва хатолар таҳрир қилинмоқда. Янги алгоритмлар, туғилганлик ҳақида гувоҳноманинг ноёб рақамларини киритишни талаб қилади ва уларга асосан автоматик тарзда боланинг исми ва бошқа маълумотларни тўлдиради.

Иккинчи муаммо. Тўлиқ маълумотлар базасини юклаш сунъий равишда навбатни узайтириб юборди.

Ҳозирги пайтда эски, қондирилган аризалар мавжудлиги навбатни сунъий равишда узайтириб юборяпти. Мазкур муаммо вақтинчалик характерга эга.

Масалан:

Сиз навбатда 10-ўринда эдингиз лекин тизим 16-ўринни кўрсатяпти. Аслида сизнинг навбатингиздан олдин пайдо бўлиб қолган 5 та ариза ўз долзарблигини йўқотиб бўлган, яъни улар асосида йўлланмалар олиб бўлинган ва болалар аллақачон МТТга қатнаяпти.

МТВнинг ҳаракати:

Мактабгача таълим мутахассислари жадвалга асосан МТТларни айланиб, навбатдан йўлланмалар бериб бўлинган аризаларни ўчиради. Шу йўл билан сиз йўлланмани ўз вақтида оласиз.

Учинчи муаммо. Маълумотлар базасида эски аризаларнинг мавжуд эмаслиги.

Масалан:

2016 йилда ота-она ариза топширди ва уни қоғоз шаклида Туман халқ таълими реестрида рўйхатдан ўтказди. Қоғоз шаклидаги аризаларда керакли маълумотнинг йўқлиги (мисол учун, гувоҳнома рақами) сабаб, ушбу аризаларни EMIS тизимига автоматик тарзда киритишнинг имкони йўқ.

МТВнинг ҳаракати:

Вазирлик мутахассислари қоғоз шаклидаги реестрлар бўйича кўриб чиқилмаган аризалардан ташкил топган маълумотлар базасини яратадилар ва ушбу аризалар бўйича болаларни мактабгача таълим ташкилотига ўз вақтида қабул қилинишлари учун янги алгоритмни ишлаб чиқадилар.

Аммо ўрнатилган тартиб, қоғозли реестрни ҳисобга олмаган ҳолда электрон навбат тартибини ўзгартиришни тақиқлаганлиги учун, бу иш қонунчиликка ўзгартириш киритилиши кераклигини талаб қилади. Ишчи гуруҳи қисқа муддатларда қонунчиликка киритилиши лозим бўлган қўшимчаларни ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритади.

Тўртинчи муаммо. Имтиёзли тоифадаги фуқаролар бўйича маълумотлар базасининг мавжуд эмаслиги.

Масалан:

Мактабгача таълим ташкилотида тезроқ жой олиш учун сиз аризани имтиёзли навбатга топширдингиз, лекин текширишлар сиз бундай имтиёзга эга эмаслигингизни кўрсатди.

МТВнинг ҳаракати:

Сизнинг аризангиз имтиёзли навбатдан асосийсига йўналтириляпти. Бундай ҳолатда навбатдаги ўрнингиз ариза тўлдирилган вақтга асосан белгиланади. Агар сиз аризани 5 май куни тўлдирган бўлсангиз, ушбу ариза навбатда 4 май куни тўлдирилган аризалардан кейин, лекин 6 май куни тўлдирилган аризалардан олдин шакллантирилади.

Шунингдек, ота-оналарнинг мурожаатларига кўра имтиёзли тоифалар қайта кўриб чиқилади, қонунчиликка киритилиши керак бўлган ўзгартиришлар Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун тақдим этилади.

“Ҳурматли ота-оналар, Мактабгача таълим вазирлиги юзага келган ҳолатни бартараф этиш устида ишламоқда. Биз сиздан аризангиз ҳолатини Давлат хизматлари маркази ёки @MtmNavbatBot телеграм боти орқали мунтазам текшириб туришингизни сўраймиз.

Биз йўлланмаларни автоматик тарзда берилишини йўлга қўйдик ва нотўғри тўлдирилган аризалар тозаланганидан сўнг навбатда 1-ўринда турган аризалар ёпилишни бошлайди. 15 кунлик муддат тугаганидан сўнг, ишлатилмаган йўлланмалар бекор қилинади ва унинг жойи кейинги ўринда турган аризага берилади”, - дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга оид