Таълим | 20:42 / 16.08.2025
15787
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида контракт нархи 15 фоизга оширилди

Стипендиясиз контракт 1-2-курслар учун 33 млн 750 минг сўм, 3-4-курслар учун 27 млн 301 минг сўм деб белгиланди. Магистратура талабалари 34 млн 560 минг сўм тўлаб ўқиши мумкин. Агар талаба стипендия олишни истаса, контракт қиймати 20-25 фоизга ошади.

Фото: Kun.uz

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети кузатув кенгашининг қарорига асосан, битта талаба учун контракт нархи 15 фоизга оширилди. Бу ҳақда университет матбуот хизмати хабар берди.

Унга кўра, ОТМнинг бакалавриатида таҳсил оладиган 1-2-курс талабалари учун стипендиясиз контракт суммаси – 33 миллион 750 минг сўм, стипендияли контракт нархи эса 40 миллион 586 минг сўм. 3-4-курс талабалари учун эса стипендия олмасдан контракт тўлаш суммаси 27 миллион 301 минг сўм, стипендияли контракт миқдори 34 миллион 137 минг сўм этиб белгиланди.

Ўзбекистонда доимий яшаш ҳужжатига эга бўлган, университетнинг бакалавриатида таҳсил оладиган хорижий талабалар 38 миллион 400 минг сўм, виза билан келган хорижий талабалар эса 44 миллион 800 минг сўм тўлайди.

Магистратура талабалари учун контракт нархи 34 миллион 560 минг сўм, агар ҳар ойда стипендия олган ҳолда таҳсил олмоқчи бўлса, 41 миллион 396 минг сўм этиб белгиланди.

“Университетнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, рақобатбардош кадрларни тайёрлаш ва таълим сифатини юқори даражада сақлаб туриш мақсадида кечки, сиртқи ва масофавий таълим шакллари йўлга қўйилмагани сабабли университетнинг молиявий барқарорлигининг катта қисми кундузги таълим шакли тўлов-контракт ҳисобидан амалга оширилмоқда”, дейилади хабарда.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид