Иқтисодиёт | 19:50 / 29.05.2024
9538
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон жаҳон бозорига облигация чиқарди, бу нимани англатади?

Ўзбекистон 2019 йилдан бери халқаро молия бозорига облигациялар жойлаштириб келмоқда. Хусусан, ўтган ҳафта доллар, евро ва сўмда жами 1,5 млрд долларлик облигациялар чиқарилди. Хўш, облигациялар нима, ҳукумат нега уларни халқаро бозорларга жойлаштиради? Kun.uz'нинг бу борадаги саволларига Infrasia Capital бош директори, собиқ молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов жавоб берди.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон ҳукумати умумий қиймати қарийб 1,5 млрд долларга тенг навбатдаги суверен халқаро облигацияларини 3 та валюта: доллар, евро ва сўмда жаҳон молия бозорларига жойлаштирди.

Жалб қилинган маблағлар давлат бюджети тақчиллигини қоплаш ва Барқарор ривожланиш мақсадларини молиялаштириш учун йўналтирилади.

Хўш, ўзи облигациялар нима? Нима учун ҳукумат облигациялар жойлаштиради?

Облигация – бу ҳукумат ёки компания томонидан чиқариладиган қарз қимматли қоғози ҳисобланади. Ҳукумат облигация чиқарса, уни турли инвесторлар сотиб олади; ҳукумат эса белгиланган давр мобайнида ўзгармас фоизни инвесторга тўлаб боради ва муддат тугаши билан асосий қарз ҳам инвесторга қайтарилади.

Облигациялар иккиламчи бозорда котировка қилинади, нархи бозор шароитлари ва базавий ставкаларига мутаносиб равишда ўзгариб туради.

Облигациялар, уларнинг сарфланиши ва қандай жойлаштирилиши ҳақида Kun.uz билан суҳбатда Infrasia Capital ва Finasia Capital компаниялари бош директори, собиқ молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов сўзлаб берди.

— Сиз молия вазири ўринбосари бўлиб ишлагансиз ва ҳукуматнинг облигациялар чиқариш жараёнларида бевосита иштирок этгансиз. Облигациялар нима экани ва улар нега жаҳон бозорига жойлаштирилиши ҳақида гапириб бера оласизми?

— Халқаро облигациялар Ўзбекистон Республикаси томонидан 2019 йилдан бери чиқарилади. Бу глобал молия бозорларидаги фондлардан маблағ жалб қилишнинг бир тури. Оддийроқ тушунтирсам, бу ҳам кредитдек гап. Одамлар уй олиш учун ипотека, машина олиш учун ёки фарзандларини ўқитиш кредит олиб, маълум йиллар мобайнида уни бўлиб тўлашади. Худди шундай Ўзбекистонда ҳам олиб борилаётган ислоҳотлар йирик маблағларни талаб қилади.

Кредитдан фарқи нима? Облигациялар бозорда қимматли қоғоз кўринишида чиқарилиб, битта банкдан олинмайди-да, юзлаб инвесторлардан йиғиб олинади. Облигациялар ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар учун одатий ҳолат. Биз чиқарган кунимиз Қатар амирлиги ҳам 2,5 млрд долларлик евробонд чиқарди. Бу ерда мамлакатларнинг ўзида қанчалик маблағлари бор ёки йўқлиги аҳамиятга эга эмас. Маълум мақсадлар учун бозордан маблағ жалб қилиш усули бу.

– Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) учун олинадиган облигациялар нима дегани?

БМТ томонидан ҳар бир мамлакат учун барқарор ривожланиш мақсадлари тасдиқланган. Жумладан, Ўзбекистон учун ҳам 2030 йилгача 16 та категориядан иборат мақсадлар бор, булар – камбағалликни қисқартириш, гендер тенглигини таъминлаш, экология, сув сифатини яхшилаш каби мақсадлар. Кўп мақсадлар бор, давлатларда БРМлар асосан 17 та бўлади, бизда эса 16 та, чунки 17-мақсад денгизга оид ва бу бизга тааллуқли эмас.

[22 май куни чиқарилган] 600 млн евролик облигациялар Ўзбекистон Республикаси томонидан барқарор ривожланиш мақсадларига сарфланади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мендан кўра яхшироқ маълумот бера олади, чунки улар қайси йўналишга сарфланишини билишади. Лекин мен сизга ўзим ишлаб юрган даврдаги БРМ ҳақида айтиб берсам.

2021 йил илк бор сўмда облигация чиқарилган, бу облигациялар 2,5 трлн сўмни ташкил қилган. Бу маблағлар аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, ижтимоий бинолар, мактаб ва касалхоналар қуриш, йўлларни таъмирлаш каби одамлар ҳаётини яхшилашга сарфланади. Ҳар бири, ҳар бир лойиҳа бўйича Молия вазирлигининг ичида ички гуруҳ тузилган эди, улар вилоят, туманларда, ҳар битта лойиҳа мониторингини олиб бориб, фото ва видео ҳисоботлар тайёрлаган. Бу ҳисоботларнинг ҳаммаси ўзбек ва инглиз тилида инвесторларга тақдим қилинган. Инвесторлар Ўзбекистоннинг ҳисоботини ижобий қабул қилган, сабаби кўп мамлакатлар ҳам шунақа, барқарор ривожланиш мақсадлари учун ёки яшил облигациялар чиқаради, лекин батафсил маълумот беришмаган. Буни 2022 йил эълон қилганимизда кўпчилик инвесторлар айтган. Ўйлайманки, ҳамкасбларим бу сафар ҳам худди шундай иш ташкил қилиб, 600 млн евро қаерга кетиши борасида ҳар битта лойиҳа бўйича ишчи гуруҳлар мониторинг олиб боради. Халқимизга ва пулини тиккан инвесторларга ҳисобдорлик нуқтайи назаридан шу талаб қилинади.

– Облигацияларнинг кредит шаклидаги давлат ташқи қарзидан фарқи нимада?

– Облигациялар биржаларда котировка қилиниб, олиб сотиладиган молиявий инструмент ҳисобланади. Акциялардек гап. Бозорда ўзининг қиймати бор, фоиз ставкалари ошиши ёки тушишига қараб облигациялар қиймати ошиб тушади. Фоиз ставкалари ошганда облигациялар қиймати тушади, фоиз ставкалари тушганда эса облигациялар нархи ошади. Ўша орқали инвесторлар олди-сотди амалиётларини амалга оширади.

Дейлик, бугун қайсидир инвестор 50 млн доллар пул тиккан бўлса, бу пул долларда 7 йил ёки еврода 3 йил ушлаб турилади дегани эмас, улар маълум бир вақтдан кейин фойда кўриш мақсадида 10-20 млн долларини сотиши ҳам мумкин. Ёки тескариси, кимдир бугун 10 млн олган бўлса, эртага бозорга чиқиб яна 10 млн олиши мумкин. Яъни инвесторлар учун маълум даражада қулайликлар яратади.

Кредитлар эса асосан банклар томонидан берилгани учун банклар бу кредитларни муддати тугагунча ўзида ушлаб туради.

Умуман, ташқи қарз нуқтайи назаридан, кредитлар ҳам, облигациялар ҳам давлат ташқи қарзи ҳисобланади.

Соҳа эксперти сифатида яна нималарни қўшимча қила оласиз, облигациялар ҳақида аҳоли нималарни билиши керак?

– Облигацияларни, ўйлайманки, соддалаштирилган ҳолда тушунса бўлади. Бу бозор Ўзбекистоннинг ичида ҳам анча ривожланиб қолди. Масалан, давлат қимматли қоғозлари ҳозир сўмда ҳам чиқариляпти, 1, 2, 3 йиллик облигациялар. Ҳозирча фақат юридик шахслар облигацияларни сотиб оляпти, лекин эртага, масалан, аҳолига ҳам сотиладиган облигациялар чиқиши мумкин. Аҳолимиз ҳам облигацияларни сотиб олиб, инвестор бўлишлари мумкин.

Ҳозирда аҳоли бўш турган маблағларини банкка депозитга қўйиши мумкин. Бунда банк ҳар ой маълум ставкада фоиз тўлаб боради. Қачондир облигациялар халқимиз учун ҳам сотиладиган бўлса, билишимиз керак бўлган нарса бу – фоиз ставкалари қанчалик манфаатли, облигация чиқараётган ташкилот қанчалик ишончли? Чунки бу кимгадир кредит, қарз бераётгандек гап. Хатар нуқтайи назаридан энг паст хатар давлатники ҳисобланади. Корхоналар, банклар чакана бозорга чиқаришни бошласа, ким чиқараётганига, даромадлигига эътибор бериш керак бўлади. Яъни эртага пулимни ҳам, даромадимни ҳам ола оламанми?

Облигациялар биржада котировка қилиниб тепага, пастга тушиб тургани учун мабодо эртага нарх тушиб кетиб қолса, облигацияни бугун 100 сўмга сотиб олган бўлса, эртага мен уни 90 сўмга сотишим ҳам мумкин ёки 110 сўмга сотиб фойда қилишим ҳам мумкин, шуларни ўйлаш керак. Акцияга қиёслаганим сабаби, облигациялар нархи ҳам тушиб-кўтарилиб туради. Бу бизнинг тилда спекуляция ҳам дейилади. Лекин бозорнинг қоидаси шунақа.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид